Ўзбекистон | 08:13 / 25.08.2023
4144
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган

158 та маданий мерос объектида илмий техник тадқиқотлар ўтказиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда асрашга доир ишларни амалга ошириш учун бюджетдан 150 миллиард сўм ажратилган.

Фото: Kun.uz

Маданий мерос агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 8209 та моддий маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган.

Шундан 4748 таси археология, 2252 таси архитектура объекти, 678 таси монументал санъат асари, 532 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фондига 189 та объект бепул фойдаланиш учун берилган.

Вазирлар Маҳкамаси баёни билан 2023 йилда 158 та маданий мерос объектида илмий техник тадқиқотлар ўтказиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда асрашга доир ишларни амалга ошириш белгиланган. Бу мақсад учун бюджет маблағлари ҳисобидан 150 миллиард сўм ажратилган.

Жорий йилда 104 маданий мерос объектидан 59 тасининг лойиҳа ҳужжати ишлаб чиқилган ва илмий эксперт кенгашига киритилган. Шундан 47 объектнинг лойиҳа ҳужжати маъқулланган. 27 объектнинг лойиҳа-смета ҳужжати шаҳарсозлик экспертизаси хулосаси олиш учун киритилган.

Айни пайтда таъмирлаш тиклаш ишларини амалга ошириш мақсадида 400 нафардан ортиқ маҳаллий уста-реставраторлар фаолият юритмоқда.

Эрон ва Туркия давлатларидан 40 нафарга яқин реставраторларни жалб этиш ва улар билан тажриба алмашиш режалаштирилган.

2023 йилда давлат музейларини мукаммал таъмирлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан 13 та давлат музейида таъмирлаш ишлари бошланган. Бунинг учун бюджетдан 8,85 миллиард сўм ажратилган.

Мавзуга оид