16:37 / 21.10.2021
5001

“Автойўллар қўмитаси ва ИИВ маълумотлари бир-бирига зид” — сенатор йўллардаги таъмирлаш ишлари сабаб юз берган ЙТҲлар ҳақида

Йўллардаги таъмирлаш ишлари сабаб юз берган ЙТҲлар бўйича Автомобил йўллари давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотлар бир-бирига зид, деди сенатор Қутбиддин Бурҳонов.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

“Бу – иккита ташкилот орасида ҳамкорлик йўлга қўйилмаганидан далолат”, – деди Бурҳонов Сенатнинг XX ялпи мажлисида.

Унинг сўзларига кўра, мазкур масала юзасидан қабул қилинаётган Сенат қарорида ЙТҲ ҳисоботларини юритиш бўйича 2 та ташкилот орасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан аниқ топшириқлар белгиланмоқда.

Аввалроқ Kun.uz автомобил йўлларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари охирига етказилмай қолиб кетиши, йўл қурувчиларнинг зиммаларидаги мажбурият ва хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслиги ЙТҲларга сабаб бўлаётганига эътибор қаратганди.

“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига кўра, автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш ҳуқуқига эга.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида автомобил йўлларини таъмирлаш ишлари олиб борилаётган, бу ишлар охирига етказилмасдан қолиб кетган ҳамда таъмирланиши лозим бўлган жойларда 2019 ва 2020 йилнинг 8 ойи ичида 532та ЙТҲ содир бўлгани, ушбу авариялар оқибатида 191 киши вафот этгани ва 511 киши жароҳатлангани аниқланган.

Ушбу маълумотлар Сенатнинг 2020 йил 21 октябрь куни бўлиб ўтган VIII ялпи мажлисида ҳам тилга олинган.

Бироқ Автомобил йўллари қўмитаси бўлим бошлиғи Маҳмуд Олимов бу маълумотни инкор этиб, 2019-2020 йиллар давомида Ўзбекистондаги автоҳалокатларнинг бирортаси йўллар носозлиги туфайли рўй бермаганини айтганди.

Top