11:02 / 27.10.2021
4088

Судан бош вазири бир кун ҳибсда ушлаб турилгандан кейин қўйиб юборилди

Суданнинг ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган бош вазири Абдулла Ҳамдук ва унинг рафиқасига уйига қайтишга рухсат берилди. Бундан бир кун аввал Ҳамдук ва ҳукуматнинг яна бир неча аъзоси ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилганди.

Фото: Mahmoud Hjaj/Anadolu Agency via Getty Images

Ҳамдукнинг баёнотида ҳукуматнинг ҳибсга олинган қолган азолари ва бошқа сиёсатчилар ҳамон ҳибсда ушлаб турилгани, уларнинг қаердалиги номаълумлиги айтилган.

Бош вазир ҳозирда пойтахт Хартумдаги уйида қатъий кузатув остида қолмоқда.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш суданлик ҳарбийларни Ҳамдукни, Судан бўйича халқаро учлик: АҚШ, Британия ва Норвегия эса барча ҳибсга олинган амалдорларни озод этишга чақирганди.

АҚШ бош котиби Энтони Блинкен Судан бош вазири билан озод этилгандан кейин телефон орқали суҳбатлашган. Блинкен Ҳамдукнинг озод этилишини қутлаган ва бошқа амалдорларни ҳам қўйиб юборишга чақирган.

Суданда 24 октябрдан 25 октябрга ўтар кечаси ҳарбий тўнтарув амалга оширилиб, Ҳамдук ва ҳукуматнинг бир неча аъзоси ҳибсга олинди. Мустақил кенгаш раҳбари, генерал Абдулфаттоҳ ал-Бурҳон ҳукуматни тарқатиб, мамлакатда фавқулодда ҳолат режими киритилиши ва масъулиятли ҳукумат шакллантирилишини эълон қилган.

Унинг таъкидлашича, мамлакатдаги сиёсий кучлар ўртасидаги зиддиятлар армияни вазиятга аралашишга мажбур қилган.

“Мамлакатни мустақил технократлар ҳукумати бошқаради. Унда жамиятнинг барча қатламлари вакиллари бўлади”, деб айтган ал-Бурҳон.

Ҳамдук ҳибсга олингандан кейин аҳолини тинч намойишлар ўтказишга чақирган. Бироқ унинг чақириғига жавобан ҳарбийларга қарши норозилик намойишлари авж олган ва улар тартибсизликларга айланиб кетган. Намойишчилар армия бош қароргоҳига яқинлашишга уринганда, ҳарбийлар томонидан ўққа тутилган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жабрланганлар бор.

2019 йилда Суданни 26 йил давомида бошқарган президент Умар ал-Башир ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан ағдарилганди. Шундан кейин мамлакатни ҳарбийлар ва фуқаролик ўтиш даври ҳукумати бошқариб келаётганди.

Технократлар ҳукумати деганда, ўз соҳаси бўйича малакали мутахассислардан ташкил топган ҳукумат тушунилади. Бундай тизим иқтисодиёт иқтисодчилар, сиёсат сиёсатшунослар, соғлиқни сақлаш тизими тиббий мутахассислар, бошқа соҳалар эса ўз соҳаси билимдонлари томонидан бошқарилишини кўзда тутади.

Top