Ўзбекистон | 14:07 / 28.10.2021
26765
3 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков COVID-19’нинг янги штамми ҳақида маълумот берди

Архив фото/Kun.uz

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков коронавируснинг янги “АY.4.2” штамми ҳақида маълумот берди.

Коронавируснинг янги “АY.4.2” штамми аҳолиси 1 миллиарддан ортиқ бўлган Ҳиндистонда аниқланиб, ҳозирча 17 нафар бемор рўйхатга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

“COVID-19’нинг қўзғатувчиси бўлган SARS-CoV-2 вируси вақт ўтиши билан янгиланиб, атроф-муҳитга мослашиб бормоқда. Унинг янги штаммлари SARS-CoV-2нинг мутацияга учраши оқибатида пайдо бўлади. Яъни вирус ўзини сақлаб қолиш учун қайта-қайта янгиланишга уриняпти.

Аслида, табиатда учрайдиган барча вируслар ўзгарувчанликка мойил. Баъзи тадқиқотчилар SARS-CoV-2нинг 5000 тадан 7000 тагача бўлган мутацияга учраган шакли борлигини даъво қилишади.

Биз вирусларнинг у ёки бу тури аниқланган жойга қараб ҳам ном бериб келяпмиз. Масалан, “британча” штамм деб номлаганимиз, аслида “альфа” штамми, “африканча” деб атаганимиз “бетта” штаммидир. “Дельта” штамми Ҳиндистонда аниқланган бўлиб, ҳозир сўз юритаётганимиз “АY.4.2” штамми ҳам Ҳиндистонда аниқлангани таъкидланмоқда.

ЖССТ ҳам коронавируснинг кўплаб штаммлари орасидан юқоридагиларни анчайин хавфли, деб эътироф этиб, уларга эътиборли бўлиш шартлигини таъкидлаб келмоқда”, – деган СЭС ўринбосари.

Нурмат Отабеков ижтимоий иммунитетни шакллантириш орқали коронавируснинг барча штаммларини енгиб ўтиш мумкинлиги ва бунинг учун аҳоли вакцинация жараёнларида янаям фаол бўлиши кераклиги ҳақида гапирган.

Ушбу “АY.4.2” штамми айни кунларда Россияда ҳам аниқланган бўлиб, мутахассислар унинг юқумлилик даражаси юқорилиги билан хавфли эканлигини айтишмоқда. Бу штаммга чалинган битта ташувчи бир вақтнинг ўзида 9 кишига юқтириши эҳтимоли мавжудлиги маълум қилинган. Мутахассислар коронавируснинг янги штаммини юқтирган беморларда касаллик ўртача, оғир ва ўта оғир ҳолатда кечаётганини ва кўпроқ болалар касалликка чалинаётганини айтишган.

Шунингдек, Англияда ҳам “COVID-19нинг янги “АY.4.2” штаммига чалинганлар аниқланган. ВВС маълумотига кўра, “делта” штаммнинг мутацияга учраган ушбу варианти устида олимлар ўрганиш ишлари олиб боришяпти.

Мавзуга оид