Жамият | 18:15 / 29.10.2021
5809
4 дақиқада ўқилади

Тошкент тиббиёт академиясида халқаро олимпиада ўтказилди

26–27 октябрь кунлари Тошкент тиббиёт академиясида 1-Халқаро «Тиббиёт моҳирлари» олимпиадаси ўтказилди.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Инсон саломатлиги учун юксак масъулият туйғуси шаклланиб бораётган турли миллатга мансуб талаба ёшлар икки кун давомида касалликларни тўғри ташхислаш, бемор билан мулоқот маданияти, муҳими, тезкор малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги амалий кўникмаларини ўзига хос зукколик билан намоён эта олишди.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Олимпиадада Ўзбекистондаги 11та тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари билан бир қаторда МДҲ давлатлари тиббиёт олийгоҳлари талабалари жамоалари беллашди.

«Ўтмишда буюк аждодларимиз ўзидан муносиб авлод мерос қолдириб кетди. Бугун жаҳон тиббиёт илмининг ривожи қутлуғ заминимиздан етишиб чиққан аллома ота-боболаримизнинг теран тафаккур маҳсули билан ҳам равнақ топиб бормоқда.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Бугун тиббиёт олийгоҳлари зиммасида малакали, рақобатбардош, эркин фикрлай оладиган, қобилиятли мутахассисларни тайёрлашдек муҳим вазифа турибди.

Қолаверса, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида профилактик, эрта ташхислаш ва даволаш вазифаларини ташкиллаштира оладиган оилавий шифокорлар тайёрлаш устуворлик касб этмоқда.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Шу маънода Тошкент тиббиёт академиясида ўтиб бораётган ҳафтанинг энг муҳим воқелиги сифатида эътироф этилган «Тиббиёт моҳирлари» 1-Халқаро олимпиадаси тиббий таълим жараёнини фаоллаштириш ва замонавий тиббиёт илмига янги инновацияларни жалб этиш талабидан келиб чиқди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Тошкент тиббиёт академиясида ривожланган давлатларнинг тажрибасига таянган ҳолда тиббий таълимни ривожлантиришда инновацион ёндашув асосида симуляцион таълим тизимини жорий этиш, аҳолига юқори малакали хизмат кўрсатадиган мутахассисларни тайёрлаш учун қулай замонавий шароитлар яратилмоқда.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси
Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Олимпиада жараёни замонавий таълим тизими талабларига кўра инновацион ёндашув асосида, симуляцион технологиялардан фойдаланилган ҳолда уюшқоқлик билан ўтказилгани бунга яққол мисол бўла олади.

Яна шуниси эътиборлики, тиббиётнинг турли йўналишларида таҳсил олаётган ёшлар учун мазкур олимпиада чинакам дўстлик учрашуви тусини ҳам олди», дейилади Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизмати хабарида.

Андижон тиббиёт институти педиатрия факультетининг 5-босқич талабаси Шаҳноза Тожимирзаева Тошкентда ўтказилаётган илмлар беллашувида қатнашаётганидан мамнунлигини айтиб ўтди.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

«Бугун ўзим қизиққан соҳа офтольмология бўйича олимпиада иштирокчисиман. Бугунги синовнинг ўзгачалиги шундаки, биз чет мамлакатларнинг нуфузли тиббиёт олийгоҳлари ёшлари билан билимларимизни бир майдонда, бир хил шароитда амалий синовдан ўтказяпмиз.

Мен билим билан курашишни яхши кўраман. Чунки ҳар сафар илмлар баҳсига киришганимда аввало ўша соҳага оид кўплаб адабиётларни ўқийман. Устозларим ёрдамида соҳадаги янги инновациялардан кўпроқ хабардор бўламан. Энг қувонарлиси, янги дўстлар орттираман. Бугун ҳам шундай бўлди. Россиялик дугоналарим Кристина ва Ириналар билан янги давр тиббиёти учун муҳим бўлган стимулятор роботлардан эркин фойдаланишдан ўзгача завқ олдик. Ҳақиқатан ҳам Тошкент тиббиёт академиясидаги Симуляция маркази жуда замонавий. Машғулотлар қизиқарли. Ўқигинг ва ўргангинг келаверади», дейди у.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Талабалар билимини адолатли баҳолаш учун ташқи экспертлар гуруҳи, соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган юқори малакали мутахассислар, БЖССТ ва ЮНEСКО ташкилотларидан етук мутахассислар жалб этилди.

Гулчеҳра Мирзаева
Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид