Рашид Юсупович Рўзибоев 1965 йил 1 сентябрда Хоразм вилоятида таваллуд топган. 1983-1989 йилларда Ўрта Осиё медицина педиатрия институтида таълим олган (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт педиатрия институти). 1989-1992 йиллар мобайнида Тошкент ва Урганч шаҳридаги тиббиёт муассасаларида ишлаган.

Олий таълим соҳасидаги фаолиятини 1992 йилдан Биринчи Тошкент тиббиёт институти Урганч филиалида «Анатомия» кафедрасида катта лаборантликдан бошлаган. 1993-1996 йилларда Биринчи Тошкент тиббиёт институти аспиранти, ассистенти, катта ўқитувчи лавозимларида ишлаган. 2002-2005 йилларда И.Я. Горбачевский номидаги Тернополь давлат тиббиёт университетида «Госпиталь жарроҳлик» кафедрасида докторант (Украина), 2006-2010 йилларда шу кафедрада ассистент лавозимларида фаолият олиб борган. 2009 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2010 йилда Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалига қайтиб келган. 2011-2013 йилларда даволаш факультети декани, 2013 йилдан ТТА Урганч филиали директори лавозимида ишлаб келмоқда.

– Рaшид Юсупович, бугунги кунда Хоразм вилоятида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият қандай?

– Хоразм вилояти ҳудудида коронавирус тарқалишини мен икки даврга бўлган бўлар эдим. Биринчи даври - 16 мартда карантин эълон қилинган кундан май ойининг охирларигача бўлган давр, бу вақтда вилоятда коронавирусга чалинган беморлар статистикаси фақат хориждан олиб келинган ҳамюртларимиз орасида карантин зоналарида аниқланган фуқароларимиз ҳисобига пайдо бўларди. Маҳаллий аҳоли орасида коронавирус аниқланганини эслай олмайман. Май ойи давомида карантин зоналарда тест натижаларига кўра мусбат деб топилган 100 нафарга яқин фуқароларда бу касаллик аниқланди, касаллик симптоматикаси уларда енгил ўтиб, тўлиқ даволаниб Хоразм вилояти яшил зонага кирди. Бу даврдаги беморларда касалликнинг оғир кечиши ёки асорат қолдириши умуман кузатилмади.

Шундан кейин кўплаб карантин қоидалари юмшатилди, фуқаролар яна кўчада, жамоат транспортида ва бошка жойларда эркин ҳаракатлана бошладилар. Иккинчи давр май ойининг ўрталаридан кейин бошланди, узоқ масофаларга юк ташувчи фуқаромиз хориждан қайтиб келгач, оиласи ва фарзандларида вирус аниқланиб, даволанишга олинди. Шундан кейин воқеалар бир-бирига занжир сифатида боғланиб кетди, кимдир тўйда бўлган, меҳмонга борган, ишхоналарда вирус тарқалиши ва ҳоказо.

Ҳозирги кунда вилоятда коронавирус тарқалиши тўлиқ назоратга олинган, тўғри, июль ойиниг ўрталарида ўша «юқори чўққи» ҳолати кузатилди, лекин вазият тезда назоратга олинди. Энг асосийси, касаллик тарқалишида фуқаролар томонидан ўз-ўзини назорат қилиш принципи ишлади, халқ тезда аҳволни тушуниб етди ва вазият яхшиланиш томонга ўзгарди.