21:19 / 02.11.2021
3330

АҚШ журналистларни таъқиб қилганларни жавобгарликка тортишга чақирди

Нед Прайснинг таъкидлашича, эркин ва мустақил матбуот “раҳбарлар ҳисобдорлигини таъминлайди, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, жамоатчилик хабардорлигини кафолатлайди”. 

Фото: Reuters

АҚШ ҳукумати бошқа мамлакатларни журналистларни таъқиб қилиш ва қўрқитишда айбланганларни жавобгарликка тортишга чақиради. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайснинг Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш куни муносабати билан тарқатилган баёнотида айтилмоқда.

“Давлат департаменти мамлакатимиз ва хорижда ОАВ эркинлигини илгари суришга ҳаракат қилади ҳамда бошқа давлатлар ҳукуматларини журналистларни таъқиб қилувчи, қўрқитувчи ва уларга нисбатан куч ишлатувчиларни жавобгарликка тортишга чақиради”, – дейилади баёнотда.

Прайснинг таъкидлашича, эркин ва мустақил матбуот “раҳбарлар ҳисобдорлигини таъминлайди, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, жамоатчилик хабардорлигини кафолатлайди”.  

“Жуда кўп мамлакатларда журналистлар зўравонлик ёки қамоққа олиниш таҳдидига дуч келади. Бу таҳдидлар кўпинча ҳукумат томонидан бўлади, рақамли кузатув технологияларидан фойдаланиш орқали журналистларнинг ҳукуматдаги коррупция ва репрессиялар ҳақида хабар бериш имкониятини чеклаш учун бу давлатлар чегараларидан ташқарига чиқади”, — дейилади Прайснинг баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ОАВга нисбатан босимлар сони кўпайишига ҳар доимгидан ҳам кучлироқ қаршилик кўрсатиш керак.

Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш куни 2013 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан журналистлар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ бўлган ва жамиятнинг ишончли ахборот олиш ҳуқуқини топтайдиган хавотирли ҳолатга дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш мақсадида таъсис этилган. Бу сана франциялик икки журналист таҳририят топшириғига биноан Малидаги қуролли можарони ёритиш пайтидаги ўлими билан боғлиқ. 2013 йилнинг 2 ноябрь куни Radio France Internationale журналистлари Жислен Дюпон ва Клод Верлон жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган ва ўлдирилган.

Top