Жамият | 16:52 / 03.11.2021
14486
7 дақиқада ўқилади

Франциядаги "Баҳор" бренди, "прописка" ва қийинчиликлар - оддий балиқчи қизининг ҳикояси

UzbekLife хориж мамлакатларидаги муваффақиятга эришган ватандошларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатимиз қаҳрамони Навбаҳор Баудот аслида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг француз тили филологиясида таҳсил олган. Аммо, ўзидаги истеъдод сабаб ҳозирда мода оламида фаолият олиб бормоқда.

Биринчи устозим – онам

Хоразм вилояти Гурлан туманида вояга етганман. Онам ҳам тикувчи эдилар ва мен тикиш-бичиш кабиларни айнан онамдан ўрганганман. Аммо, бундан ташқари чет тилларни ўрганишга ҳам қизиқардим. Шу сабабдан, 2000 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кирдим. Ўқиш давомида ҳам турли модалар уйларида ишладим. 2007 йилда ўқишни тамомлагач, Францияга келдим ва мода, дизайн соҳаси менинг келгуси йўлим эканлигини тушуниб етдим.

Францияга 200 АҚШ доллар билан келганман

Ўқишни 2005 йилда битиргач, мактабда дарс бериш учун ишга кирдим. Аммо, “прописка” муаммоси сабаб бу ерда ишлай олмасдим. Онам бу вазиятда менинг ҳар қандай қароримни қўллаб-қувватлашини айтди ва мен Францияга келиш йўлини топдим. 2007 йил сентябрда Францияга дастлабки келганимда фақатгина 200 АҚШ доллар пулим бор эди. Бир оила билан шартнома тузгандим ва бу оилада 9 ой мобайнида яшашим керак эди.

Қийинчиликларга ўрганишни аввалдан бошлагандим

Тўғри, бу ерда дастлаб анчагина қийинчиликларга дуч келдим. Тил билганим ҳам уларнинг маданиятига тез киришиб кетиш имкониятини бермади. Аммо, мен бундай қийинчиликларни енгиб ўтишни аввалдан ўргангандим. 2000 йилда онам мени Тошкентга олиб келган ва бу ерда ҳам шу каби жараёнларни бошдан ўтказгандим.

Қарз олиб, тикув машинаси олганман

Эсимда, бор-йўғи 30 евро пулим қолган эди. Тил мактабидаги ўртоғимдан 90 евро қарз олиб тикув машинаси олганман ва шу тариқа ўз фаолиятимни бошлаганман. Биринчи болалар учун кийимчалар тикканман. Топадиган пулим у қадар кўп бўлмасада, менга анча катта даромаддек бўлиб туюларди.

Французлар сизни қандай бўлсангиз, шундайлигингизча қабул қилишади

Франция маданияти бизникидан мутлақо фарқли. Аммо, бу кишиларнинг сизга муносабатини у қадар ўзгартириб юбормайди. Масалан, мен француз кишисига турмушга чиққан бўлсам-да, у мени маданиятим сабаб эмас, балки шундайлигимча қабул қилган. Фарзандларим ҳам ярим француз, ярим ўзбек бўлгани учун жуда кўплаб қизиқишларга эга ва “Нимага?” дея кўп савол беришади.

“Баҳор” бренди тарихи

Ушбу брендни яратишга 14 йилга яқин вақт кетди. Аввал, мен бренд яратиш жараёнини жуда содда деб ўйлагандим. Аммо, кейинчалик билдимки, бу мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Бу бренд инсон қадр-қимматини, экология мавзусини ёритиши керак эди. Лион шаҳрида турли миллат вакиллари борлиги сабаб менда ишлайдиган аёллар ўртасида дастлаб тил муаммоси бўлди. Шунинг учун, уларга аввало тил, сўнгра касбий билимлар ўргатишга тўғри келган. Шу тариқа 2017–2018 йилларда “Баҳор” бренди майдонга келди.

Жамоавийлик жуда муҳим

Францияда ҳақиқий лидер жамоасининг фикрини эшитадиган одам ҳисобланади. Мен “Баҳор” брендининг асосчиси бўлсамда, ҳамма ишни жамоа билан келишган ҳолда олиб бораман. Ҳозирча жамоада 6 кишимиз. Жамоадаги ҳамма биргаликда меҳнат қиламиз, дизайн яратамиз ва маҳсулот тайёрлаймиз. Фаолиятимизни ҳозирча Лионда олиб боряпмиз, аммо кейинчалик Парижга, ҳатто Швейцариягача ёйишимиз мумкин. Швейцария бизда 1.5 соатлик йўл узоқда жойлашган.

Ҳар бир маҳсулотнинг келиб чиқиш тарихига қизиқишади

Французлар жудаям синчков халқ бўлиб, айниқса пандемиядан кейин бу синчковлиги анчагина ортиб кетди. Ҳар қандай маҳсулотнинг, хоҳ у озиқ-овқат бўлсин, хоҳ кийим-кечак, қандай яратилгани, нимадан қилингани, экологик тозалигига алоҳида эътибор беришади. Текстиль соҳаси экологияга зарар етказиш бўйича дунёда иккинчи ўринда тургани сабаб киядиган кийимининг атроф-муҳитга қанчалик кам зиён келтирганига эътибор беришади.

Чанг қишлоғимни ҳар куни хотирлайман

Отажон Шукуровнинг шунақа сўзлари бор эди: “Ўзга юртнинг боғи билан боғчаси ўз юртингнинг янтоғича кўринмас”. Ҳар куни тонгда уйғонганимда ҳам, кечқурун уйқуга кетиш олдидан ҳам она қишлоғим кўз ўнгимга келади. Охирги марта шу йилнинг январь ойида Ўзбекистонга келгандим, яқинда яна бориш ниятим бор.

Ўқув курслари нархи бирмунча қиммат

Францияда дизайнерлик бўйича ҳеч қаерда ўқимаганман, балки бир қанча жойларда ишлаб малака оширганман. дизайнерлик бўйича ҳам ўқув курслари мавжуд, аммо унинг нархлари бирмунча қиммат. Ушбу курсларда ўртача 40 минг евро миқдорда маблағ сарфлашга тўғри келади. Шунингдек, бу соҳада ҳам ўқиб, ҳам ишлаш бироз мураккаблик туғдиради, чунки дарслар анчагина қийин.

Францияда ҳар бир ҳудуднинг маълум бир ихтисослиги мавжуд

Лион шаҳрида ипакчилик жудаям ривожланган, шунингдек дунёнинг гастрономик пойтахти ҳисобланади. Париж шаҳри туризм жиҳатдан илғор. Умуман, бошқа шаҳарлар ҳам маълум бир соҳаларга ихтисослашган. Денгиз бўйида жойлашган шаҳарларда, табиийки, шунга оид соҳалар ривожланган бўлади.

Хайрли ишлар бажарувчиси

Бу шаҳарларда маълум кварталлар мавжуд бўлиб, уларда дунёнинг турли ўлкаларидан келган аҳоли вакиллари яшашади. Мен ўзим ҳам шундай кичик бир кварталда яшайман. Бу ердаги ижтимоий муҳтож аёллар билан суҳбатлашаман ва уларнинг муаммоларини билиб оламан. Шундан сўнг қўлдан келганча бу кабиларга ёрдам бераман. Масалан, ўтган йили карантин авж олган даврда бир чечен аёлига тикув машинаси олиб бердик. Уни 2019 йилдан бери танирдим, озгина молиявий қийинчиликларга эга эди. Шундай қилиб уни ҳам, кетидан бошқаларни ҳам ишга жалб қилдик.

Бир ажнабий аёлига ҳам француз тили, ҳам тикиш ҳунарини ўргатгунча 1-1,5 йил вақт керак бўлади. Бу хайрли ишлар учун мен ҳеч қандай манфаат талаб қилмайман. Аммо, давлат томонидан маълум бир рағбатлантиришлар бор. Ҳозирги мақсадларимдан бири бу лойиҳани Ўзбекистон учун ҳам тарғиб қилиш. Аммо, бунинг учун кўп куч ва имкониятлар талаб этилади.

Тўлиқ видеони UzbekLifeнинг YouTube’даги каналиди томоша қилинг.

Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди

Мавзуга оид