Жаҳон | 11:32 / 03.11.2021
10619
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонга келган этник қозоқларнинг ярмидан кўпи Ўзбекистондан экани маълум бўлди

Жорий йил бошидан буён 15 903 нафар этник қозоқ ўз тарихий ватанига қайтиб, «қондош» мақомини олди. Бу ҳақда Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги хабар берди.

Фото: gov.kz

Вазирликнинг қайд этишича, 1991 йилдан бери Қозоғистонга 1,8 миллион этник қозоқ қайтиб келган.

Йил бошидан буён Қозоғистонга келган этник қозоқларнинг ярмидан кўпи Ўзбекистондан экани айтилган - 76,3 фоиз, Хитойдан - 9,5 фоиз, Туркманистондан - 6,1 фоиз, Мўғулистондан - 2,5 фоиз ва 5,5 фоизи бошқа давлатлардан.

Ватанига қайтган этник қозоқлар қуйидаги ҳудудларда жойлаштирилди: 

  • Алмати вилоятида (28,3 фоиз); 
  • Манғистау вилоятида (19,1 фоиз);
  • Туркистон вилоятида (13,4 фоиз);
  • Жамбил вилоятида (8 фоиз);
  • Чимкент шаҳрида (10,5 фоиз).

«Қондош» мақомини олганлар орасида кўчиб келганларнинг 55 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 28,1 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 16,8 фоизи пенсионерлардир. 

Маълумот даражаси бўйича меҳнатга лаёқатли этник қозоқларнинг 11,1 фоизи олий маълумотли, 40,1 фоизи ўрта махсус, 45,5 фоизи умумий ўрта маълумотли, 3,4 фоизи ҳеч қандай маълумотга эга эмас.

Қозоғистонда «оралман» атамаси «қондош» сўзи билан алмаштирилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев тегишли қонунни имзолаган. 

Мавзуга оид