Жамият | 20:00 / 03.11.2021
38881
9 дақиқада ўқилади

Stesting – мактабдаги билимни ҳаётий мисоллар билан ўргатувчи таълим платформаси

Ўзбекистонда ўқувчиларни халқаро баҳолаш дастурларига тайёрлаш мақсадида янги лойиҳа йўлга қўйилмоқда. Лойиҳанинг жозибадорлиги ва сермаҳсуллигини ошириш мақсадида ҳаттоки дарсликларда ҳам топилмайдиган маълумотлар базаси шакллантирилди. Kun.uz билан суҳбатда бўлган Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев янги лойиҳа ҳақида маълумот берди.

Stesting – 3тасини биттада жамлаган лойиҳа

Stesting лойиҳаси – таълим платформаси деб тушуниш мумкин. Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан институтимиз ҳамкорлигида тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда бепул платформа ишлаб чиқилди.

Платформа ўз ичига PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро тадқиқотларда қўлланадиган саволларнинг ўзбек ва рус тилларидаги таржималарини олган. Бунда фақат тестлар ёки саволлар эмас, қизиқарли видеолар ҳам жойлаштирилган бўлиб, дастур ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар учун ҳам мўлжалланган. Платформага 100 дан ортиқ видеоларни тайёрлаб жойлаштирганмиз. Бу видеоларда ўқувчиларга турли вазиятларда ўзларини қандай тутишлари, ечимни тўғри топишлари учун ёрдам бериш кўзда тутилган. Ҳар бир видео учун алоҳида маълумотлар тўпланган ва ўқувчига қизиқарли тарзда етказиб берилган.

Шунингдек, платформа яқинда бизнинг ўқувчиларимиз иштирок этадиган халқаро тадқиқотлар учун тайёргарлик жараёни бўлиб хизмат қилади.

Болалар халқаро тадқиқотларда рақобат муҳитини ҳис қилсин

Маълумки, 2030 йилга қадар Халқ таълимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг биринчи бандида PISA халқаро тадқиқотида Ўзбекистоннинг иштирокини таъминлаш ва 2030 йилга бориб кучли 30 таликка киришга эришиш мақсадли йўналишда белгилаб берилган. Яъни бизнинг олдимизга стратегик вазифа қўйилган. PISA тадқиқотида дунёнинг 90 га яқин давлатлари иштирок этади. Кучли рақобат муҳити бўлади.

Илк марта мамлакатимиз бундай тадқиқотда қатнашади. Шу сабабдан биз учун ҳам, болаларимиз учун ҳам бу янгилик ҳисобланади. Болаларимиз бундай услубда ўқитилмаганлиги сабабли бу каби саволларга, ўқитиш услубига дуч келишмаган. Шунинг учун ҳам уларни тайёрламасак, кўмак бермасак, ўша тадқиқот жараёнида ўқувчиларимиз руҳан тушкунликка, иккиланишларга тушиши мумкин. Уларни бунга тайёрлаш учун айнан шу Stesting лойиҳасидан фойдаланяпмиз.

Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев

2022 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтадиган халқаро тадқиқотда иштирок этадиган болаларимиз бу лойиҳадан фойдаланиб ҳеч бўлмаганда визуал кўринишда бўлса-да тайёргарлик кўришлари мумкин бўлади. Ҳозир улар қанчалик кўп танишиб борса платформа билан ҳақиқий тадқиқотлар бошланганда ўзларини йўқотиб қўймасликлари учун замин яратилади. Бу эса ижобий натижага бироз бўлса ҳам фойдали бўлади деб ўйлайман.

Бундай халқаро тадқиқотларда иштирок этиш масаласи 2018 йилда бошланган бўлса, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун ўзбек тилида яратилган қўлланмалар, маълумотлар деярли йўқ эди. Ўтган 3 йил ичида Халқ таълими вазирлиги, Таълим инспекцияси, Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ҳамкорликда бу тадқиқотлар учун материаллар, қўлланмалар ишлаб чиқиб устозларга тарқатишни йўлга қўйдик. Платформада барчага қулай бўлиши учун тадқиқотлар йўналишида алоҳида бўлим киритилди. Унда ўзимизнинг мутахассисларимиз томонидан халқаро тадқиқотларга бағишланган методик қўлланмалар, машқ дафтарлари каби маълумотлар, рус ва инглиз тилларидаги халқаро тадқиқотлар ҳам киритилган. Дастурга кирган фойдаланувчи учун керакли бўлган ҳамма билимлар, маълумотлар жойлаб борилади.

Мураккаблик даражасидаги ўзига хослик

Stesting’да жойланган саволларнинг мураккаблик даражасини Миллий таълим тизими билан солиштирганда икки хил ёндашиш керак бўлади. Мураккаблик даражаси ҳақида гапирсак, аввало, халқаро баҳолаш дастурлари даражасида ва миллий ўқув дастурлари билан солиштирганда кўринадиган мураккаблик даражаси мавжуд.

Биринчиси ҳақида гапирсак, Stesting дастурига киритилган саволларни олиш мумкин. Биз бу саволларни ўзимизча яратмадик. Ушбу халқаро тадқиқотлар - PISA, PIRLS, TIMSS дастурларида аввалги йилларда эълон қилинган ва ҳозирда очиқ тарзда бепул фойдаланиш мумкин бўлган саволларидан фойдаландик. Бу саволларни мутахассисларимиз билан биргаликда 2 та тилга таржима қилдик ва жойлаштирдик. Шу саволларнинг ўзида мураккаблик даражаси 3 турга бўлинади.

Чунки PIRLS тадқиқоти натижасида бошланғич синф ўқувчисининг билимини, ўқиган матнини қай даражада тушуниши, шундан келиб чиқиб фикрлай олиши таҳлил қилинади. Матннинг мураккаблик даражаси эса ривожланган, ривожланаётган ёки саводхонлиги паст бўлган мамлакатлар учун турлича ёндашилади.

PISA тадқиқоти эса 15 ёшли ўқувчилардаги билим сифатини аниқлаб беради. Бизда бу асосан 9-синф ўқувчилари. Улар мактаб даврида олган билимини ҳаётида қанчалик қўллай олиши ўрганилади. Бу тадқиқотда ҳам худди шундай ажратилади.

Бу дастурларнинг мураккаблик даражаси билан миллий таълим дастуримиздаги мураккабликни солиштириб бўлмайди. Чунки солиштириш учун уларда ўхшаш мақсадлар бўлиши лозим.

Шунинг учун Халқ таълими вазирлиги томонидан миллий ўқув дастурининг янги авлод варианти ишлаб чиқилмоқда. Миллий дастуримиз ҳам тўлиқ шу вариант асосида яратилгандан кейингина солиштириш имкониятимиз бўлади.

Лойиҳадаги саволлар содда ва реалликка асосланган

Бу тадқиқотлардаги саволлар умуман янги нарса кашф этишни талаб қилмайди. Кунлик ҳаётимизда қўлланадиган, реал воқеалардан келиб чиққан ҳолда мактабда олган билимни ҳаётда қўллашни тақозо қилади холос. Мисол учун ҳисоблашни биз формула кўринишида ёдлашни ўрганганмиз, лекин ҳаётда қаерда ва қандай ишлатишни билмаймиз. Бу тадқиқотлардаги ва бизнинг платформамиздаги саволларда эса шуни ҳаётда қўллаш ўргатилади.

PISA тадқиқотининг мақсади барча фанлар боғлиқлигини сақлаган ҳолда уни ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Формулаларни шунчаки ёдлаш эмас, уларни ҳаётда қўллай олиш ҳам ўргатилади. Бунга мослашиш учун янги миллий ўқув дастуримизни ҳам шунга мослаб ўзгартириш устида ишланяпти. Бу лойиҳа устида тинимсиз изланишлар, ўрганишлар олиб бораётган жамоа янгидан янги маълумотларни тўплашяпти. Масалан, шу вақтга қадар дунё океанларида сузган ўзбек кемалари ҳақида умуман хабаримиз бўлмаган. Бу кемаларнинг “Алишер Навоий”, “Бухоро” дея номланишининг ўзи катта янгилик.

Энди ўқитувчидан формулалар асосида мисоллар ечилишини ўргатишдан ташқари уларни ҳаётий масалалар билан боғлаган ҳолда дарс ўтишни талаб қиладиган дастур яратиляпти.

Stesting лойиҳаси ана шуни ўргатадиган дастур ҳисобланади. Ундаги видеороликлар устозларимиз учун методик ёрдам беради. Платформа нафақат тренажёр сифатида, балки баҳолаб ташхис қўйиш имкониятини ҳам беради. Болаларнинг саволларга бераётган жавоблари асосида дарсликларни яратишда нималарга эътибор бериш кераклигини белгилаб беради. Бунинг учун алоҳида баҳоловчи жамоа ташкил этилган.

Яқин кунларда бу лойиҳа барча учун бепул фойдаланишга тақдим этилади. Ҳозирда бу платформани вазирлик қошидаги ARP тизими билан боғлаш жараёни кетяпти. Чунки дастурда киритиладиган маълумотлар учун фойдаланувчиларга қулай ва тўлиқ бўлиши учун бу катта ёрдам беради.

Бу дастурларни амалга оширишда ўқитувчи ва ўқувчилардан ташқари ота-оналардан ҳам бироз эътибор талаб қилинади. Чунки бу янгилик бўлгани учун фарзандлари билан ўтириб биргаликда саволларга жавоб қидиришда ёрдам беришса. Чунки психологик нуқтайи назардан қаралганда бола ота-онасининг ёнида бўлганда ўзини кўпроқ хотиржам ҳис қилиши ва маълумотларни қабул қилишга мойиллиги ошиши аниқланган. Ота-оналар ҳам бўш вақтларида платформага кириб қизиқарли топшириқларни фарзандлари билан ечиб кўришса фойдадан холи бўлмайди. Болалари учун платформадан фойдаланишга шароит яратиш ёки тарғиб қилиш билан ҳам бизга катта ёрдам беришади. Болаларимизнинг асосий вақти уйда ота-оналари билан ўтгани учун улар томонидан ҳам бу платформамиз тарғиб қилинса ҳаммамизга фойдали бўлади.

Stesting - бу ҳали бошланиши. Мазмун билан боғлиқ бўлгани учун доимий тарзда платформада изланиш, янгиликлар киритиш керак бўлади. Лойиҳамизнинг кейинги босқичларини ҳам яратишни режалаштирганмиз.

Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид