15:05 / 04.11.2021
14310

Клопп Симеонедан қасд олди, «ПСЖ» Мессисиз очко йўқотди, «Аякс»га шубҳали четлатиш ёрдам берди. ЕЧЛда кун ўйинлари

Чоршанба куни Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида яна тўрт гуруҳда 4-тур учрашувлари бўлиб ўтди ва яна икки жамоа плей-офф йўлланмасини ҳал қилди.

Икки хил «Милан»

В гуруҳи
«Ливерпуль» — «Атлетико» — 2:0
(Диогу Жота, 13. Мане, 21)

Юрген Клопп ва Диего Симеоне бир-бирининг қўлини сиқиши масаласи — энди сенсация мавзуси эмас. Икки мураббий ҳам бу борада ўз фикрини билдирган ва улар бир-бирига максимал даражада ҳурмат сақлашган. Футбол борасида эса айтиш мумкинки, «Ливерпуль» худди Мадриддаги ўйинда бўлгани каби ёрқин бошлади. Қизиллар чиройли ўйин кўрсатишди, Александр-Арнольд эса шунчаки қойилмақом, унинг узатмаларини Диогу Жота ва Мане голга айлантиришди.

Октябрдаги ўйинда ҳам «Атлетико» икки гол ўтказиб юборгач, ишончли ҳаракат қилиб вазиятдан чиқиб кетганди, аммо бу сафарги вазият бироз фарқли бўлди. Биринчидан, ўтган ўйинда икки гол урган Гризманн «Энфилд»даги ўйинда дисквалификация туфайли қатнаша олмади. Иккинчидан, арбитр биринчи бўлимдаёқ рақибга эҳтиётсиз муносабатда бўлган Фелипени майдондан четлатди. Ушбу бразилиялик майдонда эканида ҳам «матрасчилар»да ҳимояда муаммолар кузатилаётганди, усиз ҳам яхши бўлиб қололмасди.

Меҳмонларни йирик ҳисобда мағлубиятга учрашдан фақат Облакнинг ҳаракатлари ва «Ливерпуль» форвардларининг хато зарбалари қутқариб қолди. Шу билан бирга икки томоннинг ҳам биттадан голи офсайд туфайли бекор қилинди, ўйин охиригача ҳисоб ўзгармай қолди.

Бу ўйиннинг асосий сюжети — реванш бўлди. «Ливерпуль» 2019/2020 йилги мавсумда «Атлетико»га мағлуб бўлиб, Чемпионлар лигасини тарк этишидан қолган аламларини ювди. Ўшанда 1/8 финалда Клопп жамоаси аввалига сафарда мағлуб бўлган, «Энфилд»да мадридликлардан яхшироқ ўйнаб, икки гол урган, аммо уч гол ўтказиб юбориб, ўз юришини тўхтатганди. Энди барчаси аксинча — «Ливерпуль» икки ўйинда икки ғалабага эришди. Қасос олинди.

Инглизлар плей-офф йўлланмаси ва гуруҳдаги биринчи ўринни кафолатлади, «Атлетико» эса иккинчи ўрин учун «Порту» билан кураш олиб боради.

«Милан» — «Порту» — 1:1 (Мбемба, 61, автогол — Диас, 6)

Айтиш мумкинки, Стефано Пиоли қўл остида бу мавсумда икки хил жамоа бор. Бири А Серияда ўйнамоқда ва етакчилик учун «Наполи» билан шиддатли курашда 11 турда 10 ғалабага эришган. Бошқаси эса узоқ кутилган Чемпионлар лигасига қайтишга тайёр эмаслиги кўриниб қолган жамоа, миланликлар ўз тарихида илк бор гуруҳ босқичининг дастлабки тўрт турида бирор ғалабага эриша олмади. «Милан» 2014 йилда бошланиб аввалги турлардаги мағлубият туфайли беш ўйиндан иборат мағлубиятли серияга якун ясалгани ҳақидаги факт эса таскин бўла олмайди. Дастлабки очко қўлга киритилди, лекин «Россонери» — гуруҳда сўнгги ўринда.

24 ноябрь. «Ливерпуль» — «Порту», «Атлетико» — «Милан».

Доннарумма сеҳргар эмас

А гуруҳи
«Лейпциг» — «ПСЖ» — 2:2
(Нкунку, 8. Собослои, 90+2, пенальти — Вейналдум, 21, 39)

Криштиану Роналду «МЮ»да бирин-кетин жасорат кўрсатаётган маҳалда, унинг азалий рақобатчиси Лео Месси янги жамоасида очилиб кета олмаяпти ва жароҳатланиб сафдан чиқди. Мушакларида оғриқ бўлган аргентиналик футболчини «Лилль»га қарши ўйинда тушириш тўғри қарор эмасди, у барибир ўша ўйинда «ПСЖ»га ёрдам беролмади ва танаффусда алмаштирилди, Лейпцигдаги ўйинга олиб кетилмади.

Мбаппе сафга қайтган, аммо сафар ўйинининг дастлабки қисмида унинг майдондалиги деярли сезилмади. «Лейпциг» тезкор гол урди ва Нкунку голни нишонламади - парижликлар клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Агар Доннарумма «Милан»даги собиқ жамоадоши Андре Силванинг пенальтидан берган зарбасини қайтармаганида, меҳмонлар учун барчаси жуда қийинлашиб кетган бўларди. Аммо дарвозабон Парижни ҳаётга қайтарди, Мбаппе Вейналдумни қулай вазиятга чиқарди, ҳисоб тенглашди.

Кейин Маурисио Почеттино томонидан доим ҳам майдонга туширилмаётган нидерландиялик футболчи дублни расмийлаштирди, унинг иккинчи голи фақат видеотакрордан кейин инобатга олинди. Агар бошқа парижликлар ҳам у каби ҳужумда фаол бўлганида, ўйиндаги интрига финал ҳуштаги чалинишига анча вақт борлигидаёқ сўниб бўларди. Лекин меҳмонлар кўп ҳолатларда суст ҳаракат қилишди, айрим ҳолатларда Гулачи немисларни голлардан қутқарди ва бу қўшиб берилган дақиқаларда ўйинни қутқариш имконини тақдим этди. Аниқроғи, бу имконият ўз жамоаси жарима майдонида қоида бузган Кимпембе томонидан тақдим этилди, Доннарумма эса барибир сеҳргар эмас ва бу сафар Собослои уни доғда қолдира олди.

«Манчестер Сити» — «Брюгге» — 4:1 (Фоден, 15. Маҳрез, 54. Стерлинг, 72. Габриэл Жезус, 90+2 — Стоунс, 17 автогол)

«Сити»ни олдинда Манчестер дербиси кутмоқда, аммо Хосеп Гвардиола унинг учун «Брюгге»даги ўйин аҳамияти ҳам бошқаларидан кам эмаслигини айтди. Бу нафақат энг яқин ўйин бўлгани, балки Чемпионлар лигасидаги тақвим билан ҳам боғлиқ, гуруҳда олти ўйинда барчасини ҳал қилиш керак, АПЛда эса йўқотилган очколар ўрнини мавсум давомида қоплаб бориш мумкин.

Мураббийнинг сўзларига кулишганди, аммо ўйиннинг биринчи бўлими дуранг ҳисобда якунланди, Стоунс ижросидаги аҳмоқона автогол Гвардиоланинг хавотири бежиз эмаслигини кўрсатди. Лекин ўйин барибир кутилганидек якунланди, Маҳрез ижросидаги ҳал қилувчи гол эса унинг муваффақиятсиз узатмасига Жоау Канселу етиб бориши ва унинг ўзига голли пас қилиб узатиши орқали урилди. Учинчи голда Фоден ва Гундўғаннинг комбинацияси якунида Стерлинг бўш дарвоза қаршисида қолдирилиши бельгияликлар рақибдан савия борасида нақадар ортда эканини кўрсатиб берди.

Бу гол шуниси билан эътиборлики, Англия термасига номзод бу футболчи августдан буён гол урмаётганди, унинг Чемпионлар лигасидаги аниқ зарбасини кўришмаганига роппа-роса бир йил бўлганди. Эҳтимол, энди Стерлингга аввалги каби ишонч қайтар ва у мураббийга АПЛ ўйинларида ҳам асқотиб қолар, ЕЧЛда вазиятни яхшилаб олган «Сити» энди бор эътиборини ички чемпионатга қаратиши мумкин.

24 ноябрь. «Манчестер Сити» — «ПСЖ», «Брюгге» — «Лейпциг».

Ҳоландсиз дортмундликларнинг аҳволи ёмонлашмоқда

С гуруҳи
«Боруссия» Д — «Аякс» — 1:3
(Ройс, 37, пенальти — Тадич, 72. Аллер, 83. Классен, 90+3)
«Спортинг» — «Бешиктош» — 4:0 (Педру Гонсалвеш, 31, пенальти, 38. Паулинью, 41. Пабло Сарабия, 56)

Ҳоланд ва бошқа асосий таркиб футболчиларининг йўқлиги «Боруссия»да реванш имкониятларини аввалдан пасайтириб юборганди. Биринчи бўлимдаёқ Ҳуммельс майдондан четлатилгач имконият нолга тенглашди, германиялик ҳимоячи майдон марказида чиндан ҳам аҳмоқона ҳаракат қилди, аммо у аслида Антонининг оёқларига тегмаганди. Бу вазиятда амстердамликлар футболчисининг ўзи подкат вақтида Ҳуммельснинг оёқларини босиб ўтиб кетганди. Бу тўқнашувдан кейин бразилиялик футболчи ҳеч нарса бўлмагандек ўйинни давом эттирди.

Айнан Антони «Аякс»нинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди, у Ройснинг пенальтидан урган голига жавоб қайтара олди. Меҳмонлар дарвозасига 11 метрлик жарима зарба берилган вазиятда дастлаб бош ҳакам Оливер ўйинни давом эттириш ишорасини берганди, аммо англиялик реферининг хатосини ВАР тўғрилади. Ўйиннинг 72-дақиқасигача мезбонлар кичик устунликни сақлаб туришди, шундан кейин Антони ассистлар бўйича ҳет-трик қайд этди. Дастлаб унинг узатмаси ҳимоячига тегиб майдондан чиқиб кетиши арафасида Тадич тўпга тегиниб ҳисобни тенглаштирди. Кейин Аллер турнирдаги еттинчи голини уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди, қўшимча дақиқаларда Классен якуний ҳисобни ўрнатди.

«Аякс» тўрт ўйинда тўрт ғалабага эришиб, муддатидан олдин плей-офф йўлланмасини ҳал қилди, «Боруссия» учун кейинги турда «Спортинг»га қарши кечадиган ўйин ҳал қилувчи аҳамият касб этади, португаллар икки ўйинда «Бешиктош»га саккиз гол уриб, немисларга етиб олган. Турклар сафардаги ўйинда тенгма-тенг ўйнашга ҳаракат қилишди, аммо ўйин бош ҳаками Сергей Карасев уларнинг дарвозасига 11 метрлик жарима зарбаси белгилагач, амалда ўйин тақдири ҳал бўлди. Нуқтага яқинлашган Педру Гонсалвеш «Спортинг»нинг «Жозе Алваладе»даги 30-расмий ўйинида гол урди. «Спортинг»га трансфери катта миқдорда пул келтирадиган навбатдаги футболчиси айнан у (Бруну Фернандешдан кейинги) бўлиши яққол кўриниб турибди.

24 ноябрь. «Бешиктош» — «Аякс», «Спортинг» — «Боруссия» Д.

Мадрид суперклуби плей-офф сари катта қадам ташлади

D гуруҳи
«Реал» — «Шахтёр» — 2:1
Голлар: Бензема, 14 (1:0). Фернанду, 39 (1:1). Бензема, 61 (2:1).
«Реал» (Испания): Куртуа, Алаба, Карвахаль (Начо, 66), Менди, Эдер Милитау, Модрич, Кроос, Каземиру, Бензема (Йович, 79), Васкес, Винисиус Жуниор.
«Шахтёр»: Трубин, Исмаили, Марлон, Матвиенко, Додо, Степаненко (Маркос Антониу, 80), Патрик (Судаков, 80), Майкон, Фернанду (Дентинью, 86), Мудрик (Соломон, 71), Тете (Марлос, 79).
Огоҳлантиришлар: Менди, 39. Каземиру, 63. Дентинью, 90+3.
Ҳакам: Бастьен (Франция).
3 ноябрь. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.

«Шахтёр» аввалдан еврокубокларда муносиб иштирок этиб келади ва мухлислар улардан ҳар сафар яхши натижалар кутишади. Коронавирус танаффусидан кейин Луиш Каштру бошчилигидаги клуб Европа Лигаси яримфиналига қадар етиб борди. Ўтган мавсумда — жамоа Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмаган бўлса ҳам — «Интер» билан икки дуранг қайд этиб, Конте жамоасини тўртинчи ўринда қолдирди, «Реал» эса икки бор мағлуб этилди. Айниқса, Мадриддаги биринчи ўйин ёдда қоларли бўлганди, ўшанда «кончилар» коронавирус авж олиши ва жароҳатлар эпидемияси туфайли иккинчи таркибни туширишга мажбур бўлиб ҳам ғалабага эришганди.

Лекин ҳозирги натижалар кутилмаган даражада ёмон, чунки клуб кўп вақтлар ичида илк бор трансферлар бозорида фаоллик кўрсатган, Марлон, Педриньо ва Траоре учун 40 миллион евро сарфлаганди. Ҳозирги натижалар сабабини Роберто Де Дзербининг ЕЧЛда тажрибасизлиги билан ҳам боғлаш мумкин. Масалан, «Реал»га қарши аввалги ўйинда италиялик мутахассис тажрибали таянч яримҳимоячиси Степаненкони бошланғич таркибдан ташқарида қолдирганди.

32 ёшли яримҳимоячи Киевдаги 0:5 ҳисобли қақшатқич мағлубиятдан кейин «Сантьяго Бернабеу»да илк дақиқалардан майдонга туширилиши мураббий томонидан ўз хатосини тан олиш бўлди. Фақат бу ўйинда «Шахтёр»нинг муаммолари майдон марказида эмас, орқароқ чизиқда бўй кўрсатди, қаймоқранглилар рақибни жуда эрта қарши олиб, юқори прессинг қилишди. Бу нафақат украинлар жамоаси ҳужумларини бошлашига халал берди, балки Карло Анчелоттининг ҳужум чизиғидаги қуролларидан фойдаланишига шароит яратди.

Биринчи голда ҳимоядаги қўпол хато жазоланди. «Реал» футболчилари рақибнинг узун узатмасини тўсишганидан кейин тўп яна меҳмонлар жарима майдонига қайтди, Винисиус Жуниор чаққон ҳаракатлари билан тўпни олиб қўйиб Бенземани бўш дарвоза қаршисида қолдирди. Биринчи бўлим ўрталарида Модричнинг яқин масофадан берган зарбасини тўсиб қолган Трубин бу сафар ўз жамоасини қутқаришининг имкони йўқ эди. Француз ҳужумчиси муаллифлигидаги гол Мадрид жамоасини асосий еврокубокда илк бор 1000 гол урган жамоага айлантирди.

Украинлар ҳам биринчи ўйиндаги мағлубиятдан сабоқ чиқарган ҳолда ҳаракат қилишди, меҳмонлар биринчи гол урилишидан аввалроқ Куртуа дарвозасига жиддий хавф солишганди - Алан Патрик йўллаган зарба дарвоза устунини титратди, кейин ҳам қизиқарли ҳужумлар уюштирилди, қанотларда Мудрик ва Деде фаол бўлишди. Матвиенко унинг узун узатмалари рақиб юлдузлариникидан ёмонроқ эмаслигини бир неча бор исботлади, шундай узатмалардан бири берилган вақтда Алаба Алан Патрикка ташлаб берилган тўпни тўсишга улгурмади, бу ҳужум Фернандунинг кучли ва аниқ зарбаси билан якунланди. Агар Куртуанинг маҳорати бўлмаганида, танаффусга қадар ҳисоб 1:2 кўринишига келиши мумкин эди.

Мезбонлар дарвозасига Фернанду томонидан хавф солиниши давом этди. Бу бразилиялик футболчи сўнгги саккиз ўйинида олти гол уришга эришди, унинг самарадорлиги узоқ вақтга сафдан чиққан Траоренинг йўқлигини билинтирмай турибди. Аммо тушуниш керакки, «Реал» даражасидаги рақибга қарши ўйинда вазиятлар кўп берилмайди, улардан фойдаланилмаса, барчаси шу оқшом якунидаги каби кўриниш олади.

«Шахтёр»нинг позицион ҳужумлари Мадрид ҳимояси деворидан ўтмади, мезбонлар эса шундай ҳужумлар билан дарвозанинг нариги томонидаги ҳимояни яксон қилди. Каземиронинг товон билан берган пасидан кейин Винисиус ватандошларини алдаб ўтиб, тўпни дарвоза олдида турган Бенземага ташлаб берди.

Бу жуфтликнинг ҳаракатлари — жорий мавсумнинг ҳақиқий безаги бўлмоқда. Қизиқ математика. Барча турнирлар ҳисобланганда, француз форвардида 13 гол ва 7 голли узатма бор. Бразилияликда — мос равишда 9 ва 5. Бу профессор Анчелоттининг энг ғалабали формуласи. Ҳозирча бу ҳужум тандемига қарши ла лигада «Эспаньол», ЕЧЛда «Шериф» ҳимоячилари чора топа олган. «Шахтёр» эса Испания пойтахтида муносиб қаршилик кўрсатган бўлса-да, энди амалда плей-оффдан умид узди ва жамоа ҳатто Европа Лигасида иштирокини давом эттириш имконига эга бўлмаслиги мумкин.

«Шериф» — «Интер» — 1:3 (0:0)
Голлар: Брозович, 54 (0:1). Шкриньяр, 66 (0:2). Санчес, 82 (0:3). Траоре, 90+2 (1:3).
«Шериф»: Атанасиадис, Кристиану, Дуланто, Арболеда, Костанца, Коловос (Бруну, 73), Тилль, Аддо (Раделич, 62), Яхшибоев (Жюльен, 82), Траоре, Кастаньеда.
«Интер»: Ханданович, Дармиан (Дюмфрис, 46), де Врей (Раноккиа, 85), Димарко (Перишич, 64), Шкриньяр, Бастони, Видаль, Брозович, Барелла, Джеко (Корреа, 81), Мартинес (Санчес, 82).
Огоҳлантиришлар: Аддо, 35. Дармиан, 43. Кристиану, 51. Коловос, 61. Костанца, 63. Шкриньяр, 67.
Ҳакам: Цвайер (Германия).
3 ноябрь. Тирасполь. «Шериф» стадиони.

«Интер»га қарши жавоб учрашувида «Шериф»нинг асосий дарвозабони Георгис Атанасиадис ва ўзбекистонлик ҳужумчиси Жасур Яхшибоев қайтишди. 

Лекин «Интер» ўйиннинг илк дақиқалариданоқ майдон эгаларига ўйин бермади. «Шериф»нинг қарши ҳужумлари наф келтирмади: биринчи бўлимда «Шериф» бир марта бурчак зарбаси ишлади ва бир марта дарвоза соҳасига аниқ зарба йўллади. Итальянлар эса доимий равишда хавф солиб туришди. Статистикада бу устунлик тўлиқ акс этмаган, «Интер» 14 зарбадан фақат биттасини дарвоза томон аниқ йўллай олган: Атанасиадис Эдин Джеко билан яккама-якка вазиятда масофани қисқартириб, «Шериф»ни голдан қутқарди. Рақибнинг кўплаб зарбалари ноаниқ кетган бўлса-да, грециялик дарвозабонга тин олишга имкон беришмади. У доимий равишда жарима майдонига узатилган пасларга чиқиб келиш билан банд бўлди, Лаутаро Мартинеснинг 40-дақиқадаги зарбаси дарвоза устунига тегди (бу зарба ҳам аниқ зарбалар қаторига қўшилмаган).

Танаффусга қадар мезбонлар таблодаги ноллар сақланиб қолишини таъминлади, аммо ўйиннинг иккинчи қисмида ҳаммаси ўз жойига тушди. 54-дақиқада Марсело Брозович жарима майдонига кирар кирмас берган зарбаси блан ҳисобни очди. 12 дақиқадан кейин «Интер» аниқ зарбалар бўйича статистикасини яхшилашга қарор қилди. Брозович бурчакдан тўпни узатиб бергач, Стефан Де Фрей боши билан зарба берди, дарвозабон тўпни дарвоза чизиғи устида қайтариб юборди, қайтган тўпга биринчи бўлиб бошқа бир ҳимоячи Милан Шкриньяр етиб келди. Словакиялик футболчи фақат иккинчи уринишда мақсадига эришди ва ҳисоб барибир 0:2 кўринишини олди.

Гуруҳнинг собиқ етакчиси дарвозасига учинчи гол Алексис Санчес томонидан урилди. Чилилик футболчи «Шериф» икки ҳимоячиси тўпни ким эгаллаши кераклигини ҳал қила олмай турганида илдамлик қилиб, кучли зарба йўллади, Атанасиадис қўлларини қимирлатишга ҳам улгурмади.

«Шериф» қўшимча дақиқаларда битта жавоб қайтаришга улгурди, бу сафар Вернидуб жамоасига стандарт ёрдам берди. Себастьен Тиллнинг узатмасини иккинчи қаватда тўп учун курашда устун келган Адам Траоре боши билан дарвозага йўллади.

Бу ғалаба эвазига «Интер» «Шериф»ни ортда қолдириб, 7 очко билан гуруҳда иккинчи ўринга кўтарилди. Молдавияликлар клуби 6 очко билан қолди, аммо бу «Шахтёр»нинг очколаридан бештага кўп. «Шериф» баҳордаги ўйинларда қатнашиши учун украинлар қолган икки ўйинда олти очко ололмаслиги кифоя қилади. Ишни бунгача қолдирмаслик учун «Реал»га уйда ютқазмаслик ёки украинлар «Интер»ни сафарда мағлуб этмаслигига умид қилиш ҳам мумкин.

24 ноябрь. «Шериф» — «Реал», «Интер» — «Шахтёр».

Кун статистикаси
«ПСЖ» дарвозабони Доннарумма профессионал фаолиятида 16-марта пенальти қайтарди.

Мане ЕЧЛда «Ливерпуль» сафида 21-голини урди, у бу кўрсаткич бобида Стивен Жеррард билан тенглашиб олди.

33 ёшу 319 кун — «Реал» ҳужумчиси Бензема мадридликларнинг асосий еврокубокнинг ҳозирги форматида дубль қайд этган энг ёши катта футболчисига айланди. Турнир Чемпионлар кубоги деб аталган даврларда, 1965 йилда ундан каттароқ ёшда афсонавий Ференц Пушкаш ҳам бир ўйинда икки гол уришга эришганди (38 ёшу 173 кун).

«Шахтёр»нинг ЕЧЛдаги голларининг 62 фоизини — 137тадан 85тасини — бразилиялик футболчилар уришган.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top