Биз сайт ишлашини яхшилаш ва сизга қулайлик яратиш учун cookies-файллардан фойдаланамиз. Давом этиш орқали сиз cookies-дан фойдаланишга розилик билдирасиз Махфийлик сиёсати Kun.uz
Тошкент вилоятидаги хонадонлардан бирида шерлар боқилаётгани маълум бўлди
Фото: ekologuz
Тошкент вилоятидаги хонадонлардан бирида шерлар боқилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда экология бўйича хабарларни ёритиб берувчи Ekologuz телеграм каналида хабар қилинди.
Қайд этилишича, каналга келиб тушган хабарда Тошкент вилоятининг Паркент туманида хусусий хонадонда шерлар боқилаётгани ҳақида айтилган. Канал маъмурияти, “Меҳр ва оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қилиш ННТ вакили ва Паркент туман Экология бошқармаси вакиллари шерларни бориб кўрган.
“Красногорск шаҳарчасидан чиқиб кетаверишда дала ҳовлилар бор экан. Шуларнинг бирида иккита шер (эркак ва урғочиси) ва уларнинг боласи боқилмоқда. Шерлар тор, қоронғи ертўласимон жойда сақланар экан. Болачасининг бир кўзи парда билан қопланган. У ота-онасидан ажратиб олинган.
Фото: ekologuz
Уй эгасининг айтишича, шерларнинг барча ҳужжатлари мавжуд (аммо уларни кўрмадик). Андижон ҳайвонот боғидан сотиб олинган ва Красногорскда хусусий ҳайвонот боғини очиш учун ҳаракатида экан. Аммо ҳали боғга ер ажратилмаган. Шерларнинг қорни тўқдир балки, аммо 2 йилдан буён қоронғи жойда сақланаётган шерларни кўриб, юрагим эзилиб кетди. Ҳайвонот боғи очилган тақдирда ҳам бор будини бугунги кунда шерларнинг қорнини тўйдиришга сарфлаётган оила аъзолари ундан қанчалик даромад ола олишади?” дейилади эълон қилинган хабарда.
“Ҳайвонот боғи очилгунга қадар (қачон очилиши номаълум) шерлар тор қафасда қанчагача яшашади? Келаётган қиш кунларида уларнинг касал бўлиши табиий, чунки ертўла полида сомон ҳам йўқ эди. Шерваччанинг кўзини эса зудлик билан ветеринарга кўрсатиш лозим. Энг мақбули, хусусий ҳайвонот боғини очишга бел боғлаган фуқаро ер олиб, боғни очгунича, ҳайвонларни Тошкент ҳайвонот боғига кўчириш керак. Ҳайвонлар тақдирига Экология қўмитаси ва Экопартия ҳам бефарқ қолишмас, деган умиддамиз”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Қорақалпоғистондаги ягона ҳайвонот боғи ёпилиб кетиш арафасида экани хабар қилинганди.