07:55 / 05.11.2021
8616

Путин ва Лукашенко бир кунда уч марта гаплашди. Интеграция масаласида

Фото: Getty Images

Россия президенти Владимир Путин беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенко билан пайшанба куни уч марта гаплашди. Икки марта телефонда, бир марта видеоконференцияда.

Пайшанба куни Беларусь ва Россия интеграциялашув масаласида олий кенгаш йиғилишини ўтказди. Видеоконференция кўринишида ўтган кенгаш йиғилишида Путин, Лукашенко ва ҳар икки мамлакат ҳукумат вакиллари иштирок этди. Йиғилишдан аввал ҳам кун тартибидаги мавзу юзасидан телефонда гаплашган икки президент йиғилиш давомида онлайн фикр алмашиб, учрашув якунлангач яна 1,5 соат телефонда гаплашди.

Путин Лукашенкога Қримда учрашувларда иштирок этгани ҳақида гапириб берган. Ўз навбатида Лукашенко Қримга уни олиб бормагани учун Путиндан «аразлашга» ҳам улгурди. «Майли, Қримга олиб бормадингиз, ҳеч бўлмаса биргаликда Санкт-Петербургга борайлик. Ёки Минскка келинг, Москвадан 20 дақиқалик йўл», деди Лукашенко.

Россия ва Беларусь интеграциялашуви доирасидаги навбатдаги онлайн учрашувда томонлар бу борадаги галдаги қадамлар бўйича келишиб олди. Шунингдек, ҳарбий ва миграцион сиёсат бўйича келишувга эришилган. Йиғилишдан кейинги телефон суҳбатида эса Лукашенко ва Путин халқаро майдонда содир бўлаётган воқеаларни, хусусан, Польша билан чегарада содир бўлаётган воқеаларни муҳокама қилган.

Top