21:32 / 06.11.2021
27802

“Зулфия опага эҳтиром кўрсатмоқчи бўлсак, битта мактаб қурайлик” — 2,6 млн долларлик ҳайкал ва мажмуа атрофидаги муҳокамалар

Тошкент вилояти ҳокимлиги танқидларга жавоб берди, лекин қурувчи компания номини очиқламади. Ҳокимлик муносабатида тендер ўтказилгани иддао қилинган, шу билан бирга тендер ғолиби бўлган қурувчи компания лойиҳалаштириш ишларини олиб бораётгани айтилган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Нурафшон шаҳрида ҳайкал ва ёдгорлик мажмуаси қуриш учун 28,4 млрд сўм (2,6 млн доллардан ортиқ) маблағ ажратилгани танқидларга сабаб бўлмоқда.

II жаҳон урушида беш ўғлини йўқотган Зулфия Зокировага бағишланадиган мажмуа қурилиши учун бунча маблағни Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов 3 ноябр кунги фармойиши билан ажратган.

“Агар ростдан ҳам Зулфия опага эҳтиром кўрсатмоқчи бўлсак, опанинг номидан ана шу 28 миллиард сўмга битта мактаб қурайлик! Тўйтепанинг йўлини тузатайлик! 200 та камбағалга уй қуриб берайлик! Бу ишимиздан Аллоҳ ҳам, Зулфия опанинг руҳи ҳам, халқимиз ҳам рози бўлади”, – дея муносабат билдирди жамоатчилик фаоли Алишер Назир.

Иқтисодчи Отабек Бакиров давлат бюджети дефицити ЯИМга нисбатан 6 фоизга яқинлиги, республика консолидациялашган бюджети бир неча ўн триллион сўм камомадда эканини эслатди.

 “Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида ҳеч ким сайламаган тақсимловчилар қўлига бунчалар кўп маблағ тортиқ қилинмаган”, дейди у.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Тошкент вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолатга изоҳ бериб, Зулфия Зокирова ёдгорлик мажмуаси президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоят сайловчилари билан учрашувдаги таклифи асосида бўлаётганини билдирди.

Маълум қилинишича, учрашувда Зулфия Зокирова ҳамда вилоятнинг асл фарзандлари, етук қаҳрамонлари, мустабид тузум даврида қатағонга учраган истиқлол фидойилари номини абадийлаштириш таклифи жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинган.

 “Юқоридаги таклифлар юзасидан Тошкент вилояти ҳокимининг фармойишига кўра, Нурафшон шаҳрининг “Nurafshon Business City” ҳудудида Зулфия Зокирова ёдгорлик мажмуаси боғини қуришга қарор қилинди. Эълон қилинган тендерда ғолиб бўлган қурилиш корхонаси томонидан айни пайтда лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда”, – дейилади ҳокимлик баёнотида.

Отабек Бакиров расмий изоҳнинг юқоридаги парчасини “энг “гўзал” қисм” деб атади:

“Эълон қилинган тендерда ғолиб бўлган қурилиш корхонаси томонидан айни пайтда лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда”. Яъни гўё тендер ўтказилган, ғолиб ҳам аллақачон аниқ. Лекин лойиҳа йўқ. Лойиҳа бўлмаса, қийматни қандай аниқладинглар? Қиймат бўлмаса, тендерни қандай ўтказдинглар?” – дея савол қўйди иқтисодчи.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят ҳокимлиги ахборотига кўра, мажмуа 2,97 гектар майдонда қурилади. Унда парк, ўйин ва пикник майдонлари, амфитеатр, терассали ва ёпиқ турдаги кафелар, фавворалар, ўриндиқлар, яшил ҳудудлар, пиёдалар ва велосипедчилар йўлаклари, болалар майдончалари бўлади.

Мазкур қурилишга оид фармойишда кутубхона қуриш учун 6 млрд сўм ажратилиши ҳам белгиланган. Ҳокимликнинг маълум қилишича, “Nurafshon Business City” ҳудудида қуриладиган 3 қаватли кутубхона 1,1 гектар майдонни эгаллайди, функционал зоналар ва компьютер ускуналари билан жиҳозланади.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Кутубхонада интернетдан фойдаланиш, индивидуал ишлаш ва дам олиш учун коворкинг зоналари, тадбирлар ўтказиш, ижод билан шуғулланиш ва қизиқарли интеллектуал ўйинлар ўтказиш учун махсус хоналар ажратилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги жамоатчиликдан ҳолатни битта ҳайкал учун жуда катта пул ажратилаётгандек талқин қилмасликни, фармойишнинг ўзида ушбу маблағ ёдгорлик мажмуаси ва унинг атрофини ободонлаштириш учун ажратилаётгани кўрсатилганини таъкидлаган.

“Айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бюджетдан жуда катта маблағ гўёки биттагина ҳайкал учун ажратилгандек талқин қилинаётгани кузатилмоқда. Ваҳоланки, E-қарор электрон тизимида маблағ ёдгорлик мажмуаси ва унинг атрофини ободонлаштириш учун ажратилаётгани кўрсатилган. Ҳурматли журналист ва блогерларимиздан бу мавзудаги ахборотни тарқатишда тафсилотларга эътибор қаратишларини сўраймиз. Қурилиш ишларининг бориши ва унга сарфланаётган маблағлар ҳақида жамоатчиликка қўшимча ахборот бериб борилади”, – дейилади расмий муносабатда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати қурилиши режалаштирилган масканларнинг лойиҳа шаклини илова қилган. Махсус комиссия таклифи билан уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ҳам мумкинлиги айтилган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия Зокирова турмуш ўртоғи вафот этгач беш ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказган. Аёл Иккинчи жаҳон урушида беш азамат ўғлининг баридан айрилган.

2019 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида президент Шавкат Мирзиёев Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга “Матонат мадҳияси” деб ном бериш таклифини билдирган эди.

2020 йил Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғи марказида бу ҳайкал очилди, шунингдек Зулфия Зокировага бағишлаб “Илҳақ” фильми яратилди.

Top