Ўзбекистон | 16:02 / 07.11.2021
31569
9 дақиқада ўқилади

Худойберган Девонов - биринчи ўзбек фотографининг бой ижоди ва аянчли қисмати

У Хива хони саройидаги илк фотосуратчи эди. Ўзбек киноси ва фотографияси асосчиси бўлган. Жосусликда ноҳақ айбланиб, Сталин қатағони қурбонига айланган.

 

Худойберган Девонов. Манба: Faet.ru 

Худойберган Девонов 1879 йилда Хивада, бадавлат оилада туғилган. Отаси Нурмуҳаммад девон (мирза) Хива хонининг Хўжайлидаги мулклари бошқарувчиси бўлган. 

Худойберган Хивадаги мадрасада саводини чиқарган, араб тилини ўрганган. Адабиёт билан ошно бўлиб, шеърлар ёзиб турган. Соатсозга шогирдликка тушган. Кўплаб мусиқа асбобларини чалишни билган. Боғдорчиликка қизиқиб, боғида атиргулларнинг 40га яқин навларини ўстирган. Аммо унинг тақдирига фотография ва кинематография соҳасида ном қозониш ёзилган эди.

Худойберган Девонов ва Вилҳелм Пеннер (Хивадаги меннонит немислар музейи)

Худойберган ҳаётида туб бурилиш ясаган воқеа – Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғида яшайдиган меннонит немислар жамоаси вакили Вилҳелм Пеннер билан учрашув бўлган.

Меннонит немислар (ёки Менно Симмонс муридлари) 1882 йилда Хива хони Саид Муҳаммад Раҳимхон II таклифи билан Россиядан кўчиб келишган. Улар анъанавий насронийликдан фарқ қиладиган диний эътиқоди туфайли Нидерландия, Германия ва Польшада сиқувга олинган ва яшаш жойини ташлаб, кўчиб кетишга мажбур бўлишган. 1884 йилда Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғида меннонит немисларининг 40 оиладан иборат жамоаси қўним топган.

Меннонит немислари орасида хиваликлар учун янгилик бўлган кўплаб замонавий касб эгалари бор эди. Фотография билан шуғулланувчи Вилҳелм Пеннер шулардан бири бўлган. У ёш, қизиққон хоразмлик йигитни маҳаллий аҳоли учун ғаройиб бўлган касбга қизиқтирган. Худойберганнинг дастлаб фотография, кейинчалик кинематография билан бир умрга ошно бўлиб қолишига сабабчи бўлган.

Хива хони Саид Муҳаммад Раҳимхон II вазирлари билан (Х.Девонов фотосурати). Манба: faet.ru

Ортодоксал ислом жамиятида, инсон ва тирик жонзотлар суратини тасвирлашга асрлар давомида тақиқ қўйилган шароитда йигитча қандай қилиб Хива хонлигининг илк фотосуратчиси, кейинчалик кинооператори бўлганини тасаввур қилиш қийин.

Албатта бунда Хива хони, маърифатпарвар Муҳаммад Раҳимхон II Ферузнинг ҳомийлиги асосий рол ўйнаган. Унинг ўлимидан кейин эса тараққийпарвар ғоялари ва ишлари билан машҳур бўлган бош вазир Исломхўжа ёш фотосуратчини ўз ҳимоясига олган. Айнан унинг ташаббуси билан Хивада илк шифохона, илк пахта тозалаш заводи қурилган, почта, телеграф, дорихона очилган эди. Унинг маблағларига дастлабки дунёвий мактаб қурилган. У ерда математика, физика, химия ва бошқа гуманитар фанлардан дарс берилган. Шунингдек, Исломхўжа ўз девонхонаси котиби Худойберган Девоновнинг фотосуратчилик соҳасидаги илк ишлари, тажрибасини қўллаб-қувватлаган.

1908 йилда Исломхўжа ва унинг аъёнлари Санкт-Петербург шаҳрига йўл олишади. Хиваликлар делегацияси таркибида Худойберган ҳам бўлган ва бу тасодиф эмасди. Ёш фотосуратчи Россия пойтахтида икки ой қолиб кетади. Шунингдек, Москвада фотография ва кинематография сирларини чуқур ўрганади. Кинокамера, фото ва кинотасмалар захирасини сотиб олади.

Худойберган ўз таржимайи ҳолида мазкур сафар натижалари тўғрисида шундай ёзади: «1908 йилда Масковга бориб, Пётр Яҳум деган бойдан киноаппарат сотиб олдим. Бир ой унинг хусусий лабораториясида пул тўлаб ўргандим. Кино ўйнататурган аппарат ва материалларни сотиб олиб, Хивага келтирдим».

Ватанга қайтгач у Марказий Осиёдаги биринчи фото-кинолабораторияни ташкил этади. Зудлик билан суратга олиш ишларини бошлайди. Бир вақтнинг ўзида одамлар гавжум жойларда ўзи олган лавҳалар ва хориждан келтирган кинотасмаларини намойиш этиб, ватандошлари орасида янги санъат тури оммалашишига ҳисса қўшади. 1908 йилда том маънода ўзбек киноси туғилади.

Хива хонининг сарой дарвозасидан чиқиши (Х.Девонов кинолавҳаси)

Худойберган Девонов Урганч, Хива, Тошсоқа, Тошҳовуз, Хўжайли, Тўрткўл сингари шаҳар ва туманларни кезиб, диққатга сазовор жойларни, аҳолининг деҳқончилик ишларини тасмаларда муҳрлаган. Хива шаҳрининг меъморий обидалари, халқ сайиллари, дорбозлар ва масхарабозларнинг томошалари, хонликда яшаган ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқ миллатига мансуб кишиларнинг маданий ва маиший-этнографик ҳаёти манзаралари унинг ижодида бош мавзулардан бири бўлган.

Ичон-қалъа кўчалари (Х.Девонов фотосурати). Манба: Xorazmiy.uz

1920 йили Хива хонлиги тугатилиб, Хоразм Халқ совет республикаси тузилади. Худойберган Девонов янги давлатнинг молия вазири этиб тайинланади. Касбига оид вазифаларни бажариш чоғида у жуда кўп марта Москвага сафар қилади, янги фильмларни олиб келади. «Совкино» жамиятининг ҳудудий мухбирига айланади. Унинг кинолавҳалари «Союзкиножурнал» серияларида намойиш этилади. «Ишчи аёллар», «Шўркўл», «Кўза», «Чиғир», «Тузкон», «Дегиш офати», «Хоразм далаларида», «Пахта карвони» сингари ҳужжатли фильм ва сюжетларни суратга олиб юборади. Унинг меҳнати натижаси ўлароқ, дунё халқлари кўп миллатли Хоразмнинг қадимий, ўзига хос маданияти билан танишади.

Аравадаги созандалар (Х.Девонов фотосурати)

Афсуски, 30-йиллар охирида авжига чиққан Сталиннинг қатағон машинаси Худойберган Девоновни ҳам четлаб ўтмади. 58 ёшли фотосуратчи 1937 йилда ҳибсга олиниб, Янгийўлдаги сиёсий маҳкумлар лагерига юборилади.

Унга НКВД томонидан аксилинқилобчи ташкилот раҳбарлари Файзулла Хўжаев ва Давлат Ризаевнинг топшириғи асосида Англия разведкаси фойдасига жосуслик қилгани, Хоразмда босмачилик ҳаракатини ташкил қилгани, босмачилар етакчиси Жунаидхон билан шахсан алоқада бўлгани каби айблар қўйилади.

1938 йил 5 сентябрда, атиги 20 дақиқа давом этган судда Худойберган Девонов Ўзбекистон ССРни СССРдан ажратиб олиб, буржуа давлатни барпо этиш мақсадини қўйган аксилинқилобий, миллатчилик, қўзғолончилик, террорчилик ва диверсия-зараркунандачилик ташкилоти билан алоқа ўрнатганликда, туманма-туман кезиб, инглиз раведкаси учун жосуслик маълумотларини тўплаганликда айбдор деб топилиб, олий жазо – ўлимга маҳкум қилинади. Мол-мулки эса давлат фойдасига мусодара қилинади. Ҳукм ўша куниёқ ижро этилади.

Аммо Сталиннинг ўлимидан кейин қатағон қилинган кўплаб зиёлилар қатори Худойберган Девоновнинг жиноят иши ҳам қайта кўриб чиқилади. Олий Суд ҳарбий коллегияси 1959 йилда унга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, мутлақо айбсиз деб топади ва оқлаш ҳақида қарор чиқаради.

Худойберган Девонов ўқувчиларга фотография сирларини ўргатмоқда. Манба: Wikipedia

Қатағон даври қурбонлари номини тилга олишга рухсат берилган ўтган асрнинг 60-70-йилларидан бошлаб Худойберган Девонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўнлаб мақола ва очерклар ёзилади. Жумладан, киношунос олим, филология фанлари доктори Ҳамидулла Акбаров биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори ҳақида бир неча мақолалар ёзиб, ҳужжатли фильм суратга олган. Шунингдек, хоразмлик ёзувчи ва журналистлар Эркин Мадраҳимов, Салимжон Ҳасанов, Комил Нуржонов, Рўзимбой Ҳасан ва бошқалар у ҳақда китоблар ва мақолалар ёзишган.

Советлар даврида Урганч шаҳрида Худойберган Девонов номли кинотеатр барпо этилган. 2021 йилда унинг биноси қайта таъмирланиб, янгича қиёфада очилди.

Худойберганов Девонов ҳақидаги китоб муқоваси. Манба: Ислом Каримов фонди

2021 йил январь ойида Тошкент Фотосуратлар уйида илк ўзбек фотосуратчиси ҳамда миллий кино асосчиси Худойберган Девоновга бағишланган китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Академик Наим Каримов томонидан ёзилган китоб рус ва ўзбек тилларида Ислом Каримов фонди томонидан нашр этилди.

Худойберган Девонов ўзидан бой ижодий меросни, кўплаб фото ва кинотасмаларни қолдирган, уларнинг кўпчилиги НКВД томонидан йўқ қилинган. Қисман сақланиб қолган тасмалар эса турли мамлакат музейларида, давлат ва шахсий архивларда сочилиб ётибди. Жумладан, «Союзкиножурнал» буюртмаси билан суратга олинган лавҳалар Москва областининг Красногорск шаҳри киноархивида сақланмоқда.

Худойберган Девонов фаолиятига оид кўргазма

Ўзбек фотография санъати асосчиси Худойберган Девоновнинг ишларисиз Хоразм ва Ўзбекистоннинг тарих солномаси тугал бўлмас эди. Унинг номи ўзбек фото ва кинематографияси тарихига ҳақли равишда зарҳал ҳарфлар билан битилган.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади.

Мавзуга оид