Ўзбекистон | 14:20 / 10.11.2021
2338
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда чироқ ўчишига «Миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан жорий қилинаётган чекловлар сабаб бўлаётгани айтилди

Фото: twitter.com

Ижтимоий тармоқларда кунлар совигач Самарқанд вилоятининг қатор туманларида чироқ ўчаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабар бўйича «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ муносабат билдирди.

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг қатор туманларида электр энергия таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида мурожаатлар кўпайди. «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг маълум қилишича, электр таъминотидаги узилишларга «Миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли диспетчерлик хизмати магистрал тармоқларни ўчириши сабаб бўлмоқда.

«Кейинги кунлар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли Миллий диспетчерлик хизмати томонидан Самарқанд магистрал электр тармоқлари корхонасига қарашли 220кВли «Самарқанд», «Чўпонота» ҳамда «Каттақўрғон» подстанцияларидан чиқувчи 110/35 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари ўчирилмоқда. Унинг натижасида вилоятнинг Паст Дарғом, Пайариқ, Ургут, Тойлоқ, Пахтачи, Оқдарё, Нуробод, Самарқанд ва Каттақўрғон туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри Кимёгарлар қўрғони ҳудудида электр энергия таъминотида узилишлар кузатилди. «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ маъмурияти истеъмолчилардан юзага келган ноқулайликлар учун узр сўрайди», дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли Миллий диспетчерлик хизмати қувват етишмовчилиги натижасида электр энергия таъминотига чекловлар киритмоқда.

Мавзуга оид