12:57 / 16.11.2021
13610

Ўзбекистонда расмий ишсизлик даражаси маълум қилинди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга, январь-июнь ойларига нисбатан 0,4 фоизга камайган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарида айтилди.

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 19,3 млн кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 фоизга ёки 201,4 минг кишига ошган.

Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13,6 млн кишини ташкил этиб, мос даврига нисбатан 3,1 фоизга (403,9 минг кишига) ошган.

9 ойда расмий секторда банд аҳоли сони 6,1 млн кишини ташкил қилиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан юридик шахсларда банд бўлганлар сони 7,9 фоизга ёки 450,5 минг кишига ошгани кузатилгани айтилади.

Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5,9 млн кишини ташкил этиб, жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 4,1 фоиз ёки 254,0 минг кишига камайган.

Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,4 млн кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,4 фоизни ташкил этди. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси - 14,9 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси 12,8 фоиз бўлди.

Жорий йил январь-сентябрь ойларида республикада иқтисодий нофаол аҳоли 4,3 млн кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 фоизга ёки 26,3 минг кишига ортиши кузатилди.

Top