Ўзбекистон | 09:09 / 17.11.2021
3444
4 дақиқада ўқилади

Назарий физика институти ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Назарий физика институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет ҳузурида Назарий физика институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • назарий физика соҳасининг долзарб муаммолари илмий ечимига қаратилган ҳамда унинг истиқболли йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини, жумладан фундаментал, амалий ва инновацион ҳамда халқаро қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш;
  • назарий физиканинг юқори энергиялар физикаси ва элементар зарралар, ядровий физика ва астрофизика, релятивистик астрофизика ва гравитация, кондерсирланган ҳолат ва ночизиқли физика, квант тармоқлар ва динамик тизимларининг муаммолари бўйича илмий анжуманлар ва қўшма семинарлар ташкил этиш;
  • ёш олимлар учун назарий физиканинг юқори энергиялар физикаси ва элементар зарралар, ядровий физика ва астрофизика, релятивистик астрофизика ва гравитация, кондерсирланган ҳолат ва ночизиқли физика, квант тармоқлар ва динамик тизимлари бўйича илмий-ўқув материалларини нашрга тайёрлаш;
  • физика соҳасида профессор-ўқитувчилар, талабалар, докторантларнинг илмий тадқиқотларда биргаликдаги иштирокининг турли шакллари асосида олий таълим муассасаларида илмий, илмий-техник ва ўқув фаолияти билан интеграциясини амалга ошириш;
  • республика олий таълим муассасаларидаги иқтидорли талабалар ва магистрантларни илмий фаолиятга жалб этиш орқали юқори салоҳиятли ёш назариётчи физикларни тайёрлашда олий таълим муассасаларига ҳамкорлик қилиш;
  • халқаро илмий ҳамкорликларни ривожлантириш, ривожланган мамлакатларнинг назарий физика марказлари ва ушбу соҳадаги энг илғор ва истиқболли тадқиқотларнинг халқаро тармоғи билан алоқаларни таъминлаш ҳамда илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари бўйича халқаро анжуманларни ташкил этиш;
  • физика соҳасида ривожланган мамлакатларда олиб борилаётган тадқиқотларнинг устувор йўналишлари ва истиқболлари тўғрисида таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;
  • илмий-тадқиқот лойиҳалари ва дастурларини ишлаб чиқиш учун шартнома асосида давлат органлари мутахассислари, илмий ташкилотлар ходимлари, олий таълим муассасаларининг олимлари ва ўқитувчиларини, шу жумладан халқаро ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
  • физика соҳасида тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва нуфузли халқаро маълумотлар базаларидаги журналларда назарий физика бўйича нашрлар сонини кўпайтириш ҳамда физика соҳасидаги илмий журналларни босқичма-босқич халқаро илмий ва техник маълумотлар базаларига киритишга кўмаклашиш.

Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади: бино ва иншоотларни сақлаш, шунингдек, институт ходимлари (илмий ходимлардан ташқари) меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган давлат бюджети маблағлари; илмий фаолиятга оид дастурларни амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган давлат бюджети маблағлари; университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари; халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари; хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан тушадиган тушумлар; қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Институт Миллий университетнинг Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Талабалар шаҳарчасида жойлашган Кимё факультети биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид