08:35 / 18.11.2021
6445

Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси «жуда паст» деб баҳоланди 

Инглиз тилида гаплашиш индекси (EF English Proficiency Index) бутун дунё бўйлаб инглиз тилини билиш бўйича тадқиқот олиб борди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон 112 та давлат орасида 88-ўриндан жой олди.

Фото: Getty Images

Рейтингда Ўзбекистон Албания ва Сурия ўртасида жойлашиб, инглиз тилини билиш даражаси «жуда паст» деб баҳоланадиган давлатлар гуруҳига кирди

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари орасида Қозоғистон 96-ўринда, Қирғизистон 101-поғонада ва Тожикистон 103-ўринда қайд этилди. Туркманистон рейтингга киритилмаган. 

Инглиз тилини билиш бўйича рўйхатда Нидерландия, Австрия ва Дания етакчилик қилмоқда. 

Сўнгги бир йил ичида одамларнинг тил ўрганишга бўлган қизиқиши кескин камайди. Пандемия туфайли одамлар камроқ саёҳат қилишни, хизмат сафарларига боришни бошлади ва тилни ўрганиш ёки билиш даражасини сақлаб қолиш зарурати йўқолди. 2019 йилда сўров 100 та, 2021 йилда эса 112 та давлат ўртасида ўтказилди. 
 
2020 йил билан таққослаганда, 30 ёшдан ошган одамларда ривожланиш сезиларли бўлиб, 40 ёшлилар биринчи марта тилни ўртача билиш гуруҳига киритилган. Ушбу тенденциялар катталарнинг касбий фаолияти давомида тил кўникмаларини эгаллаш қобилиятини исботлайди. 

Кўпгина соҳаларда инглиз тилини билиш даражаси оптимал ишлаш учун талаб қилинадиган даражадан ўртача паст. Таълим, ҳукумат ва соғлиқни сақлаш соҳалари рейтингнинг энг қуйи поғонасида қолмоқда. 

Гана, Ҳаити, Конго Демократик Республикаси, Мадагаскар, Мозамбик, Молдова, Сомали, Танзания ва Жанубий Судан биринчи марта индексга кириш учун етарлича маълумотларга эга экани аниқланди. 

Top