Ўзбекистон | 14:41 / 22.11.2021
7483
3 дақиқада ўқилади

Қудбиев E-aktiv атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдирди

2022 йилдан бошлаб ҚҚС тўловчилар товар-моддий бойликларини E-aktiv'га киритиши керак. Давлат солиқ қўмитаси раиси бу янгиликдан норозиликлар ортида “интизомли бўлмаган солиқ тўловчилар” турибди деб ҳисоблашини айтди.

Фото: KUN.UZ

2022 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган юридик шахслар асосий воситалари, номоддий активлари ва товар-моддий ресурсларини ҳисобга олиш, ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни ДСҚнинг E-aktiv автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиши мажбурий бўлади.

Kun.uz E-aktiv атрофидаги муҳокамалар, хусусан, бир қатор корхоналар ҳисобчиларининг муносабати борасида мақола эълон қилганди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев 18 ноябрдаги матбуот анжуманида бу масалага муносабат билдирди.

“E-aktiv'нинг барча тизимлар билан интеграцияси қилиб берилмагунча ҳеч кимга таъсир чоралари кўрилмайди”, – деди у.

ДСҚ раҳбарининг фикрича, E-aktiv'га нисбатан негатив фикрлар ортида қўштирноқ ичидаги “уддабурон” тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ётибди.

“Гўёки эртага солиқ органлари бутун бошли (тадбиркорларнинг) ишлаб чиқариш жараёнини автоматлаштирмоқчи, бу дунёда янгилик деган асоссиз ва солиқ тўловчиларни нотўғри йўлга бошламоқчи бўлган фикрлар кўпайиб кетди.

Иймоним комил: бу нарсанинг орқасида фақатгина интизомли бўлмаган солиқ тўловчилар ва қўштирноқ ичидаги уддабурон тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ётибди. Бу – солиқ қўмитасининг аниқ позицияси.

Энди сизлар савол беришинглар мумкин: буни охиригача автоматлаштириш – катта жараён, инсон ресурслари керак. Агарда хато бўлса, эртага қандай қилиб, айтайлик печенье ишлаб чиқарадиган одам ун сотиб олган, дружо (ачитқи), сут сотиб олган, лекин печенье сотиб олмаган-ку, қандай қилиб печенье сотади? Ёки (тадбиркор) костюм, кўйлак тикаётган бўлиши мумкин, буни қандай биласиз, дейишингиз мумкин.

Ҳеч ким ойдан тушмаган, ҳамма билиб турибди. Биринчи навбатда бу нарса давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган юридик шахсларга ва ҚҚС тўловчиларга мажбурий бўлади. Мажбурий бўлиб ҳисобланганда ҳам, сизлар (тадбикорлар)нинг тўлиқ ERP системаларининг ҳар бири билан интеграция қилиб берамиз. Интеграциясини қилиб бермагунча ҳеч кимга таъсир чоралари кўрилмайди”, – деди Шерзод Қудбиев.

Аввалроқ ҚҚС тўламаслик хавфини аниқлаштирувчи инструмент ишга туширилиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид