Ўзбекистон | 23:09 / 23.11.2021
5989
3 дақиқада ўқилади

Оролбўйи минтақасининг 4 та туманида солиқ ва божхона имтиёзлари белгиланди

Президент фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг баъзи туманларида тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳамда божхона имтиёзлари берилмоқда. Бу имтиёзлар тегишлилигича 2031 йилга қадар давом этади.

Президент “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Белгиланишича, 2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун:

  • фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади;
  • мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан 2025 йил 1 январгача Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Янгиариқ, Янгибозор туманларида янги ташкил этиладиган ва шу туманларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) бўйича:

  • фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади;
  • улар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўз ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хомашё, материаллар божхона божидан озод қилинади.

Шунингдек, Хоразм вилоятида янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли давр беш йил этиб белгиланди.

Фармон билан Хоразм вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолаётган ва ишсизлик даражаси юқори бўлган 98 та маҳалла учун 2022-2026 йиллар давомида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида “маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш мақсадида 200 миллиард сўм, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллиард сўм миқдорида кредит ресурслари ажратиш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача Оролбўйи минтақасида фаолият юритаётган кичик тадбиркорлик субъектларига корхона қурилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва техникаларни республиканинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш ҳамда улар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш билан боғлиқ темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоиз қисми, маҳаллий экспортчилар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда, уларнинг Каспий денгизигача ташиш билан боғлиқ транспорт харажатлари эса тўлиқ қоплаб берилади.

Фармонга кўра, икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикасида 45 та ва Хоразм вилоятида 40 та янги кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Мавзуга оид