Ўзбекистон | 19:16 / 26.11.2021
3250
2 дақиқада ўқилади

Австрия Ўзбекистонга 150 минг доза AstraZeneca вакцинасини жўнатди

Австриядан Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашни қўллаб-қувватлаш доирасида 150 минг доза AstraZeneca вакцинаси жўнатилди.

Фото: «Дунё» агентлиги

Ўзбекистоннинг Венадаги ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий миссияси маълумотига кўра, вакциналар Австрия ҳукумати томонидан беғараз ёрдам ва мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида тақдим этилган.

«Дунё» агентлиги хабар беришича, Ўзбекистоннинг Венадаги элчиси Абат Файзуллаев Австрия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан биргаликда Тошкентга инсонпарварлик юкларини жўнатиш маросимида иштирок этган.

Вакциналарни манзилга безарар етказиб бериш учун томонлар тиббий маҳсулотларни ташишнинг барча жиҳатларини таъминлашни назарда тутган. Хусусан, вакциналар махсус совиткичли контейнерга жойлаштирилган. Унда совитиш жараёни ва 2-7 даражали ҳарорат таъминланади. Юкни Тошкентга етказиш Vie Pharma Handling Center махсус транспорт хизмати томонидан амалга оширилмоқда.

Гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга Австрия Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэль Линҳартнинг 7–8 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган эди. Ташриф доирасида Австрия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари раҳбарлари билан учрашган.

Михаэль Линҳарт Ўзбекистон Австриянинг Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим ҳамкори эканини таъкидлаганди. Шунингдек, Австрия фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишда кўрсатган ёрдами учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган. «Бу дўстликнинг кучли белгиси эди», — дея қайд этган эди австриялик дипломат.

Мавзуга оид