Жаҳон | 23:16 / 26.11.2021
10221
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған турк лираси қадрсизланишида ташқи кучларни айблади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған миллий валюта - турк лираси қадрсизланишида ташқи кучларни айблади. У бу ҳақда Измирдаги чиқиши вақтида айтиб ўтди.

Фото: Global Look Press/Kremlin Pool

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Анқара таянч ставкасини тушириш сиёсатини давом эттиради.

“Биз ўз халқимиз, фермерларимизни ставкага тилка-пора қилинишига йўл бермаймиз. Хорижий агентлар бор, улар бизга ҳужум қилмоқда. Бироқ улар нимаики қилмасин, биз ўз иқтисодий дастуримиздан воз кечмаймиз”, деб айтган Туркия етакчиси. 

Аввалроқ ҳам Эрдўған “ташқи кучлар” номига бундай айбловларни билдирган, бироқ кимни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган.

23 ноябрда Туркиянинг бир қатор шаҳарларида лиранинг қадрсизланишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Фуқаролар президент ва ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилган. 24 ноябрда эса пойтахт Анқарада ташкил этилган норозилик намойишида 43 киши қўлга олинган. Аҳоли ҳукуматнинг турк лираси қадрсизланишига олиб келган иқтисодий сиёсатига қарши норозилик билдирган.

Туркия парламентининг собиқ аъзоси Айкан Эрдемирнинг таъкидлашича, Эрдўғаннинг ўз иқтисодий сиёсатини қўллаб-қувватлаши миллий валюта билан боғлиқ вазиятни янада чуқурлаштириши мумкин.

Йил бошидан бери турк валютаси 70 фоизга қадрсизланиб кетди. Январда бир доллар учун 7,3 лираси берилган бўлса, 24 ноябрда унинг курси бир доллар учун 13,5 лирагача тушиб кетган. 25 ноябрда турк миллий валютаси курси бироз барқарорлашиб, бир доллар учун 12 лира атрофида ўрнатилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид