Жаҳон | 18:27 / 01.12.2021
35610
5 дақиқада ўқилади

1 декабр — бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни: фактлар ва рақамлар

Бугун бутунжаҳон ОИТCга қарши кураш куни. ОИТС ҳақида нималарни биламиз? Касаллик нимаси билан хавфли? Бутун дунёда ва Ўзбекистонда бу касаллик билан қанча одам касалланган? Бугун шуларни яна бир бор ёдга оламиз.

Фото: culture.ru

ОИТС қандай касаллик?

ОИТС (орттирилган иммун танқислиги синдроми) –  ОИТВ (одам иммун танқислиги вируси) томонидан чақириладиган касаллик. Касаллик инсон иммун тизимини ўзгартиради, инфекцион ва бошқа касалликларга сезувчанликни оширади. Агар бу синдром ривожланса, сезувчанлик янада ошади.

ОИТВ вируси одамнинг барча тўқималарида учрайди, зарарланган одамнинг организмига ички суюқликлари орқали юқади. Масалан, сперма, қин ажралмаси, қон ва кўкрак сути орқали тарқалиши аниқланган.

ОИТВ — ОИТСнинг ривожланиши сабабидир. Баъзи ҳолларда эса вирус билан зарарланган одамларда ОИТС ривожланмаслиги мумкин. ОИТС кўп ҳолларда ОИТВни ўз вақтида даволамаслик натижасида юзага келади.

ОИТВ асосан 3 йўл билан: онадан болага, қон ва жинсий алоқа орқали юқади. 

Дунёда…

Касаллик бугунги кунда ҳам кенг тарқалган бўлиб, ҳар йили дунё бўйлаб 1,5 миллиондан ортиқ одам ОИТВ билан касалланади.  

UNAIDS маълумотларига кўра:

ОИТВ билан касалланганлар сони — 2020 йилда дунё бўйлаб  тахминан 37,7 миллион кишини ташкил этди. Улардан 36 миллиони катталар ва 1,7 миллиони 0–14 ёшли болалардир. Яримдан кўпи (53 фоиз) аёллар ва қизлар эди.

Ўзбекистонда ҳолат қандай?

2020 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ушбу касаллик билан касалланганлар сони 58 мингтани ташкил этади. Тузалганлар – 2800 нафар. 2020 йил маълумотлари бу касалликдан 1000га яқин одам ўлганини кўрсатади.

Янги ОИТВ

Янги ОИТВ инфекцияларининг 1,3 миллиони 15 ёшдан ошганлар, 160 минг нафари 0–14 ёшли болалар орасида кузатилган.

ОИТВ тести

2020 йилда бутун дунё бўйлаб ОИТВ билан касалланганларнинг тахминан 84 фоизи ОИТВ ҳолатини билишган. Қолган 16 фоизи (тахминан 6,0 миллион киши) ҳали ҳам ОИТВ тести хизматларидан фойдаланишга муҳтож. ОИТВ тести ОИТВнинг олдини олиш, даволаш, ўзини парвариш қилиш учун муҳимдир.

Касалликни даволаш

ОИТВни даволаш имконияти — 2020 йил июн ҳолатига кўра, дунё бўйлаб ОИТВ билан касалланган 28,2 миллион киши (75 фоиз) антиретровирус терапия (АРТ)дан фойдаланмоқда. Бу 9,5 миллион одам ҳали даволаниш имкониятини кутаётганини англатади. ОИТВни даволашга киришиш ОИТСни жамоат саломатлигига таҳдид сифатида тугатиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларнинг калитидир. 

Ўлимлар

ОИТС билан боғлиқ ўлимлар 2004 йилда энг юқори чўққисига чиққандан бери 64 фоизга ва 2010 йилдан бери 47 фоизга камайди. 2020 йилда дунё бўйлаб ОИТС билан боғлиқ касалликлардан 680 000 га яқин одам вафот этди, 2010 йилда бу кўрсаткич 1,3 миллионни ташкил этган.

Минтақавий таъсир

ОИТВ билан касалланганларнинг катта қисми паст ва ўрта даромадли мамлакатларда. 2020 йилда Шарқий ва Жанубий Африкада 20,6 миллион киши (55 фоиз), Осиё ва Тинч океанида 5,7 миллион (15 фоиз), Ғарбий ва Марказий Африкада 4,7 миллион (13 фоиз) ва 2,2 миллион киши (6 фоиз) Ғарбий ва Марказий Европа ва Шимолий Америкада ОИТВ билан касалланган.

ОИТСга қарши кураш куни

Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни 1988 йилдан бери ҳар йили 1 декабрда ОИТВ инфекцияси тарқалиши натижасида юзага келган ОИТС пандемиясидан хабардорликни ошириш ва касалликдан вафот этганларнинг хотирасига бағишланган халқаро кундир. 

Бу кунни белгилаш ғояси биринчи марта 1987 йил август ойида Женева (Швейцария)даги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ОИТС бўйича глобал дастурининг икки жамоатчи ахборот ходими Жеймс Бунн ва Томас Неттер томонидан ўйлаб топилган.

Бунн ва Неттер ўз ғояларини ОИТС бўйича глобал дастур директори (ҳозирда UNAIDS деб номланади) доктор Жонатан Манга маълум қилди. Маннга концепция ёқди, уни маъқуллади ва Жаҳон ОИТСга қарши кураш кунини биринчи марта 1988 йил 1 декабрда нишонлаш таклифига рози бўлди.

Бу куннинг мақсади ОИТСдан азият чекаётганлар ҳаётини яхшилаш ва ўлимга олиб келиши мумкин бўлган вирусни йўқ қилиш бўйича кейинги тадқиқотларга ёрдам беришдир.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид