Ўзбекистон | 22:05 / 03.12.2021
13609
2 дақиқада ўқилади

Экоқўм Чорвоқ сув омбори атрофидаги маргимуш қабристони консервацияси бўйича маълумот берди

Аввалроқ Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маргимуш заҳарли кимёвий моддаси кўмилган жойдан сизиб чиқаётган сувлар Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ва шунингдек, бошқа вилоятларнинг ҳам ичимлик сувини зарарлантиришини билдирганди.

Фото: KUN.UZ /Муҳаммаджон Ғаниев

1 декабр куни Экология қўмитаси биносида ОАВ ва жамоатчилик учун «Очиқ эшиклар куни» тадбири ўтказилди.

Kun.uz мухбирига кўра, тадбирда қўмита мутасаддилари Бўстонлиқ туманида жойлашган ва хавфлилик даражаси «юқори» дея баҳоланадиган маргимуш кони борасидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Бўстонлиқ туманидаги маргимуш кони совет давридан қолган «мерос». Уни бошқа жойга кўчириш имконияти йўқ, чунки бу жуда катта маблағ дегани. Биз бу конни жойида консервация қилиш (хавфсиз сақлаш маъносида – таҳр.) бўйича ишлаяпмиз. Биз ўтган йили бу ишлар учун ишлатиладиган маблағлар сметасини ҳам ишлаб чиқдик», – деди Экоқўм раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов.

Раис ўринбосарининг жавобини қўмита бошқарма бошлиғи Умаржон Абдуллаев тўлдирди. Унга кўра, бир неча ой аввал конда ҳосил бўлган ёриқ ва ундан сизиб чиқишни бошлаган хавфли моддалар оқими айни пайтда тўхтатилган.

«Сизиб чиқаётган оқим таркибида юқори концентрацияли зарарли моддалар аниқланган. Унинг кейинчалик ҳам келиб чиқиши мумкин бўлган зарари олдини олиш мақсадида ҳукумат комиссияси томонидан қилинадиган ишлар режаси белгилаб олинган.

Унга кўра, Тошкент вилояти ҳокимияти бу ишларда буюртмачи сифатида Лойиҳалаш институтига конни консервация қилиш бўйича лойиҳа режасига буюртма берган. Лойиҳа тасдиқланса, 2022–2023 йилларда кон тўлиқ қайта консервация қилинади», — деди у.

Мавзуга оид