Ўзбекистон | 10:50 / 09.12.2021
17585
7 дақиқада ўқилади

«Матрица» — дунёни ўзгартирган трилогия

Видеодан кадр

1999 йилда дунёда экзистенциал инқироз (ҳаётдан маъно тополмаслик) эпидемияси авж олди — тобора кўпроқ одамлар дунё ва бизни ўраб турган оламнинг ҳақиқийлиги, фан ва оммавий ахборот воситалари бизга бераётган маълумотлари ҳаққонийлиги ҳақида бош қотира бошлади. Ушбу эпидемия бугунги кунгача давом этмоқда. Бунга ака-ука Вачовскиларнинг трилогияси — «Матрица» сабаб бўлди ва у нафақат одамлар онгини, балки бутун кино ва медиа саноатини ўзгартирди.

2021 йил 9 сентябрь куни фильмнинг 4-қисми — «Матрица: Тирилиш» премьераси трейлери намойиш қилинди. Инновацион воқеликка бой мазкур трейлер, ундаги замонавий махсус эффектлар ва бош ролни Киану Ривзнинг ўзи ижро этгани барча кино мухлисларини ҳаяжонга солди.

«Матрица»нинг ютуқлари

Warner Brothers компанияси суратга олган трилогиянинг биринчи фильми кинематографиянинг энг нуфузли 16 соврини, шу жумладан 3 Оскар билан — «Энг яхши махсус эффектлар», «Энг яхши мусиқа» ва «Энг яхши монтаж» учун тақдирланган. Бундан ташқари, «Матрица» тарихда DVD версияси миллион нусхада сотилган илк фильмдир. Бунинг сири нафақат реклама, технология ва фильмнинг ўзига хослигида, балки «Replayability» таъсири — фильмни қайта-қайта томоша қилишга ундаш хусусиятида ҳамдир. Фильм қайта кўрилгани сайин кўпроқ тафсилотлар ва яширин ишоралар ошкор бўлаверади, фильм қизиқроқ туюлаверади.

«Матрица» муваффақиятининг сабаби нимада?

Ака-ука Вачовскилар «Матрица»си — бу биз узоқ вақт олдин билган, лекин биринчи марта усталик билан бир сценарияга жамланган сюжетларнинг моҳирона синтези. Бу ерда Афлотуннинг «Ғор аллегорияси», Кероллнинг оқ қуёни, Оруэллнинг антиутопияси, Давра столи рицарлари, симуляциялар ва симулакрлар, Фассбиндернинг «Тармоқдаги дунё» триллеридаги телефон будкалари ва «Тиғ устида югуриш»даги руҳ парадокслари рақамли ҳикоянинг сюжетига бирлаштирилган.

Ушбу қоришманинг ижодий безаклари 1990 йилнинг энг машҳур кўнгилочар киножанрлари: Ҳонгконг жанговар фильмлари, зулматли нуар, олийжаноб антиутопия, занглаган киберпанк, параноид триллер, тарбия романи, Аниме классикасига ҳавола билан қурбонлик севгиси хроникаси ва бошқалардан илҳомланган ҳолда яратилган. Бош қаҳрамон Нео роли учун актёр муваффақиятли танланган: томирида турли миллатлар қони қўшилган Киану Ривз онгимизда шаклланган келажак фуқаросини ифодалайди.

Фильм томошабинни Ер юзи инсонлар ва машиналар уруши натижасида деярли вайрон бўлган эҳтимолий келажакка олиб боради. Ўзи учун бошқа энергия манбаини ихтиро қила олмаган суперкомпьютерлар энергия манбаи сифатида одамлардан фойдаланади. “Батарея-одамлар” цивилизация харобаларида қурилган улкан иссиқхоналарда ўсимлик каби парваришланади. Дунё эса бу одамлар учун – жамоавий иллюзия: “батарейка”лар ақлдан озмасликлари ёки даҳшатдан нобуд бўлмасликлари учун уларнинг онгига нормал ҳаёт образи киритилади – улар ишга боришади, оила қуришади... Айнан шу — матрицадир.

«Матрица» Ҳолливудда нимани ўзгартирди?

«Матрица» блокбастерларни суратга олиш учун «тасдиқланган» режиссёрлар монополиясига барҳам берган ва фестивал режиссёрларига қимматбаҳо фильмлар сари йўл очган фильмлардан бири бўлди. Ака-ука Вачовскилар жангари фильмлар фалсафа билан уйғун бўлиши мумкин эканлигини, экшн-фильмларнинг ҳар бир кадрида йигирма йилдан кейин ҳам томошабинларни ҳаяжонга соладиган жумбоқни қолдириш мумкинлигини бутун дунёга кўрсатди.

«Матрица»нинг ўзига хослиги шундаки, ундаги барча фантастик воқеалар ҳаққоний кўринади.

Видеодан кадр 

Фильмда компьютер графикаси биз ўйлагандан анча кам. Нео ва Тринитининг Морфиус сақланаётган бинонинг кираверишидаги уч дақиқалик олишуви учун ўн кунлик меҳнат, катта миқдорда динамит, гильза ва гранит плиткалари сарфланган.

Миш-мишларга кўра, фаввора ёнида оломон ичидаги қизил аёл саҳнасини суратга олиш учун фильм ижодкорлари ҳақиқий эгизакларни излашган. 

Видеодан кадр 

«Матрица» «bullet time» (“ўқ учиш вақти”) технологияси — камеранинг динамик ҳаракати билан кадрнинг секинлаштирилишини қўллаган илк фильм эди. Ушбу эффектга саҳна атрофида ҳар бир ҳаракатни суратга олувчи статик профессионал фотоаппаратлар ва икки видеокамерадан улкан доира ҳосил қилиш орқали эришилган. Ва, албатта, «Матрица» бутун дунёни қора кийим кийишга ва жанговар саҳналар учун профессионал режиссёрларни — яхшиси Ҳонгконгдан ёллаш кераклигини ўргатди.

Видеодан кадр 

Фильмнинг барча саҳналарида ҳам каскадёрлардан фойдаланилмаган, шунинг учун Киану Ривз ва Ҳюго Уивинг жароҳатлар олишган. Фишберннинг Нео билан спарринги вақтида рақсга тушишини эса йигирма йилдан кейин ҳам ҳайрат билан томоша қилиш мумкин.

Ушбу фильм ҳақида гапирар эканмиз, унга Оскар мукофотини олиб келган бетакрор монтажни таъкидламай бўлмайди. Кадрларнинг реал воқеликдан хаёлот оламига ўтиши бир маромда ва мутаносиб, айнан монтаж ва ранглар коррекцияси ушбу фильмда барчамизга маъқул бўлган воқелик муҳитини яратган.

Бу дарёга 4 марта тушиш мумкинми?

2021 йил 22 декабрда дунёнинг барча кинотеатрларида 4-қисм — «Матрица: Тирилиш» премьераси бўлиб ўтади. Ушбу фильмдан нимани кутиш керак ва киноэпопеянинг иккинчи ва учинчи қисмлари мухлисларнинг умидларини оқламаганини ҳисобга олсак, қайтиш муваффақиятли бўладими? Кўрамиз.

Ҳозирча фақат айтиш мумкинки, 4-қисмда бош қаҳрамонлар Нео ва Тринити ролини Киану Ривз ва Керри-Энн Мосс ўйнаши мухлисларни хурсанд қилди. Жамоанинг қолган қисми янги актёрлардан иборат. Кутилганидек, «Матрица 4» сюжети ҳақида жуда кам маълумот ошкор қилинган. 

Мавзуга оид