Ўзбекистон | 17:55 / 10.12.2021
11892
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Халқимиз соғлиқни сақлаш тизимидан мутлақо норози»

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида эндокрин касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбири хабарига кўра, давлат раҳбари соҳадаги муаммоли масалалар мавзусига тўхталди:

"Битта туманда камида 10-15 та лаборатория бўлгани билан қонни таҳлил қилишга шароит ва мутахассислар малакаси етишмаслиги оқибатида диабетнинг оғир асоратлари – кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича республика муассасаларига мурожаатлар 10 фоизга ошган.

Туман шифохонасида диабети бор бемордан бир суткалик стационар кузатиш давомида ўртача 8 маротаба қон таҳлили олиш зарур бўлса-да, 15 та лаборатория ва 60 дан ортиқ ходими бўлган туман даражасида бунинг имкони йўқ.

Сабаби оддий - марказий шифохона ва марказий поликлиникада лабораторияларнинг иш вақти тушлик пайти – соат 14:00да тугайди. Тун-у кун ишлайдиган шошилинч тиббий ёрдам бўлими лабораторияси эса, бир ҳудудда бўла туриб, шифохонанинг бошқа бўлимларига хизмат кўрсатмайди.

Ёки, туманларда йод дефицити, қалқонсимон без касалликларини аниқлаш бўйича гормонал таҳлиллар йўлга қўйилмагани боис, аҳоли хусусий лабораторияларга боришга мажбур бўлмоқда.

Оқибатда халқимиз соғлиқни сақлаш тизимидан мутлақо норози. Буларни вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, соғлиқни сақлаш идоралари бошлиқлари билмайдими? Шу боис, эндокрин касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади", деди президент.

Мавзуга оид