Жаҳон | 21:42 / 14.12.2021
10995
3 дақиқада ўқилади

Pegasus асосчилари инқироз ёқасида. Улар NSO Group'ни сотмоқчи

Исроилнинг NSO Group компанияси кўплаб мамлакатлар журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва ҳатто давлат раҳбарларининг телефонларини кузатишда фойдалангани ошкор бўлган Pegasus дастурини ишлаб чиққани билан машҳурликка эришганди.

Фото: AFP

Bloomberg'нинг ёзишича, NSO Group раҳбарлари корхонани сотиш ҳақида ўйламоқда. Компания АҚШ Савдо вазирлигининг қора рўйхатига киритилгани ва Apple томонидан судга берилганидан кейин иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолган. Нашрнинг ёзишича, қатор инвестицион фондлар билан корхона қарзларини молиялаштириш ёки уни тўғридан-тўғри сотиш бўйича музокаралар ўтказилган.

Исроил компаниясини молиялаштиришга АҚШнинг иккита фонди қизиқиш билдирган. Улар NSO Group устидан назоратни қўлга олиб, Pegasus дастуридан телефонларни кузатиш учун фойдаланишга чек қўймоқчи. Инвесторлар 200 миллион доллар ажратиб, Pegasus дастурини киберхавфсизлик ва дронлар ишлаб чиқаришга йўналтирмоқчи.

Икки йил аввал NSO Group 1 миллиард долларга баҳоланаётганди. Pegasus дастури фаолияти ошкор бўлгач, компания қийин аҳволда қолди. Чунки даромаднинг ярми айнан шу жосуслик дастури ҳиссасига тўғри келарди.

Pegasus дастури орқали кўплаб давлатларнинг хавфсизлик хизматлари журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва ҳатто давлат раҳбарларининг телефонини ноқонуний бузиб киргани ҳақида июл ойида Франциянинг Forbidden Stories нашри суриштирувида маълум бўлганди. Amnesty International ва 17 та журналистик ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган суриштирувда камида 11 та давлат хавфсизлик хизматлари дастурдан фойдалангани аниқланган.

Washington Post телефонларни симкартаси орқали бузиб кирувчи Pegasus дастуридан 45 та давлат фойдалангани, улар орасида Ўзбекистон ҳам борлигини ёзганди. Озарбойжон, Баҳрайн, Венгрия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Мексика, Марокаш, БАА, Руанда, Саудия Арабистони Pegasus'дан энг кўп фойдаланган давлатлар экани аниқланган. Bloomberg яқинда Pegasus орқали АҚШ давлат департаментининг камида тўққиз нафар ходимига тегишли телефонлар бузиб кирилгани ҳақида хабар қилган.

NSO Group бу суриштирувдан кейин ўзини оқлаб чиқиб, компания дастурни давлатларга фақат терроризмга қарши кураш доирасида сотиши, бу келишувни бузган давлатлар билан шартномани бекор қилишини иддао қилди. Суриштирувдан кейин АҚШ савдо вазирлиги NSO Group'ни қора рўйхатга киритган. Apple эса Pegasus орқали телефонларга бузиб киришни тўғридан-тўғри Apple ва унинг фойдаланувчиларига ҳужум деб қабул қилиб, Исроил компаниясини судга берди.

АҚШ босимидан кейин NSO Group компаниясининг иқтисодий ҳолати қийинлаша бошлади. Корхона айни дамда 450 миллион доллар кредит ундирувини амалга ошириши керак. Bloomberg манбасига кўра NSO Group'нинг 2021 йилдаги даромади 230 миллион долларни ташкил этади. Бу эса 2018 йилгига қараганда 8 фоизга камроқ дегани.

Маълумот учун, NSO Group компанияси «АМАН» деб номланган Исроил ҳарбий разведкасининг икки собиқ ходими томонидан яратилган. Бу корхона киберкузатув технологиялари бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. У ўз маҳсулотларини Исроил мудофаа вазирлиги берган лицензия асосида сотади.

Мавзуга оид