Жаҳон | 19:00 / 14.12.2021
30819
3 дақиқада ўқилади

Сергей Тихановский 18 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: AFP

Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи блогер Сергей Тихановский Гомел шаҳар суди томонидан 18 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ўтган йил Беларусь президентлиги сайловида иштирок этиш учун ариза топшириб, рўйхатдан ўтказилмаган блогер беларуслар орасида фавқулодда машҳурликка эришганди.

Кейинчалик экстремистик ахборот манбаси деб эълон қилинган «Страна для жизни» Telegram-канали асосчиси бўлган блогер устидан суд иши «иштирокчиларнинг хавфсизлиги учун» ёпиқ тарзда ўтказилган. 18 йилга озодликдан маҳрум этилган мухолифатчи жазони кучайтирилган режимдаги қамоқхонада ўташи белгиланган.

Сергей Тихановскийнинг адвокати Наталья Мацкевич 13 октябр куни ишдан кетказилган, кейинроқ адвокатлик лицензиясидан ҳам маҳрум этилганди. У Тихановский қамоқхона изоляторида ҳам ўз ғояларига собит қолганини таъкидлади. Мухолифатчининг ўзи эса айбловни «асоссиз, ўйлаб топилган ва сиёсийлаштирилган» деб атади. «Тихановский иши» бўйича унинг маслакдошлари Игор Лосик 15 йилга, Артём Саков 16 йилга, Николай Статкевич 14 йилга, Владимир Циганков 15 йилга, Дмитрий Попов 16 йилга қамалди.

Фото: Uladz Hrydzin

Тихановский оммавий тартибсизликлар уюштириш, ижтимоий душманлик кайфияти уйғотиш, жамоат тартибини қўпол тарзда бузишда айбдор деб топилган. Судда Тихановский тартибсизлик келтириб чиқариш учун бир йил давомида тайёргарлик кўргани айтилган.

Беларусь президентлиги сайловида иштирок этган Светлана Тихановская турмуш ўртоғи устидан эълон қилинган суд ҳукмига муносабат билдирди: «Диктатор (Лукашенко назарда тутилмоқда) энг кучли рақибларидан қасос олишда давом этмоқда. У сиёсий маҳбуслар устидан ёпиқ суд қилиб, ўз репрессиясини тинчгина давом эттираман деб ўйлаяпти, аммо дунё барчасини кўриб турибди, биз тўхтамаймиз», деди сиёсатчи.

«Страна для жизни» Telegram-канали асосчиси Сергей Тихановский 2020 йил май ойида Беларусь президентлиги учун сайловда иштирок этишини маълум қилганди. Аммо уни номзодлик учун рўйхатга олишмагач, 9 август куни ўтказилган президентлик сайловларида иштирок этиш учун Тихановскийнинг хотини Светлана рўйхатдан ўтди.

Фото: Uladz Hrydzin

2020 йил 29 май куни Светлана Тихановская номзодини қўллаб-қувватлаш акциясида турмуш ўртоғи Сергей Тихановский қўлга олинади. Шундан буён Тихановский қамоқда бўлиб турибди. Унинг устидан суд жараёни 2021 йил 24 июнда бошланганди.

2020 йил 9 август куни ўтказилган Беларусь президентлиги учун сайловда расман Александр Лукашенко ғолиб бўлганди. Натижалар ҳақиқий эмас деб ҳисоблаган минглаб одамлар эса кўчаларга чиқиб, норозилик акцияларида иштирок этганди. Сайловдан кейин мамлакатни тарк этган Светлана Тихановская Беларусь мухолифатининг етакчисига айланди.

Мавзуга оид