Деновдаги портлашдан кейин. Аҳолининг зарарини қоплаш масаласи нима бўлмоқда?
Kun.uz’га интервью берган фуқаролар портлашдан зарар кўрган уйларини таъмирлаш ишлари маҳаллий тадбиркорлар зиммасига юклатилганини айтмоқда. Туман ҳокимлиги эса ҳеч ким бу ишга мажбурланмагани, аксинча, одамлар бошига тушган мусибатга бефарқ бўлмаган айрим тадбиркорлар ўзлари ҳокимликка мурожаат қилиб, ёрдам таклиф этишганини билдирди.
9–11 декабрь кунлари Денов туманида бўлган Kun.uz мухбирлари икки қаватли савдо маркази, ўнлаб дўконлар ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, 65та уйга зарар етказган вайронкор портлаш рўй берган кунни деновликлар қандай хотирлаши билан қизиқди.
«Уйқуда эдик. Қаттиқ портлаш бўлди. Ўзимни ўнглаб олгунимча яна икки марта нимадир пақиллади. Кўчага чиқсак, «Инденим» портлаганини айтишди. Ёнғин бўлганини кўрмадик. Портлади, аниқ портлади», дейди маҳаллий аҳоли вакили бўлган Нигора Ражабова.
«Воқеа соат йигирмата кам тўртларда содир бўлди. Ҳамма ухлаб ётганди. Бир марта портлади. Биринчи, атроф ёришиб кетди. Кейин бирдан мана шу нарса бўлди.
Мен ер қимирлабдими деб турсам, хўжайиним билан кичкина қизим дераза ойнасининг синиқлари тагида қолиб кетган экан. Қарасам, пешоналари, бошлари, юзлари жароҳатланган. Портлаш таъсирида газ қувурлари узилиб кетганди. Свет ҳам ўчиб қолганди», дейди Гулбаҳор Шаймардонова.
8 декабрь куни Денов тумани ҳокимлигида ҳукумат комиссияси аъзолари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов портлашдан зарар кўрган хонадонлар давлат ҳисобидан таъмирлаб берилишини айтди.
«Зарар етган хонадонларнинг ҳаммасида фуқаролар билан келишган ҳолда шиферини, эшик-ромларини алмаштиришни бошлаб юборганмиз. Уйларни давлат томонидан эски ҳолатига келтириш бўйича топшириқлар олинган. Қисқа муддатда, 3-4 кунда ҳаммаси охирига етказилади», дея таъкидлаган вилоят ҳокими.
Kun.uz’га интервью берган деновликларнинг таъкидлашича, портлашдан зарар кўрган уйларни таъмирлаш маҳаллий тадбиркорлар зиммасига юклатилган.
Денов тумани ҳокимлиги масъуллари эса ҳеч бир тадбиркор бу ишга мажбурланмаганини таъкидламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, ҳамшаҳарлари бошига тушган мусибатга бефарқ бўлмаган айрим тадбиркорлар ўзлари ҳокимликка мурожаат қилиб, ёрдамларини таклиф этишган, зарар кўрган хонадонлардаги қурилиш-тиклаш ишлари туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Сайт мухбирлари жараён Тўра Боболов айтганидек силлиқ кечмаётгани, портлашдан зарар кўрган маҳаллий аҳоли масъулларнинг ҳаракатларидан қониқмаётганига гувоҳ бўлди. Жабрланувчиларнинг айтишича, вилоят ҳокими барча ишлар 3-4 кун ичида тугатилишини таъкидлаган бўлса-да, амалда бундай бўлмаётгани, уйларига кўпчилик келиб-кетаётгани, бироқ бу келди-кетдилардан натижа бўлмаётганини айтишган.
«Хўжайиним ишга кетганди. Уйимиз эски, қайнота-қайнонамиздан қолган уй бўлсаям, яхши ҳолатда эди. Портлашдан кейин эшик, дераза-ромларимиз синди, ойналари чил-чил бўлди. Айрим хоналаримиз, айвонимизнинг шифти кўчиб тушди.
Ҳозир бу ерда ётиб бўлмайди. Униси келяпти, буниси келяпти, ҳамма нима бўлганини сўрайди ва кетади. Бу савол-жавоблардан ҳеч қандай натижа бўлмаяпти. Кун ўтиб кетяпти. Портлаш бўлмаганда ҳеч кимга бориб уйимизни таъмирлаб беринглар демасдик. Биз уюштирмадик-ку бу нарсани», дейди Гулбаҳор Шаймардонова.
«Бу қўшнимнинг уйи, тўғри, эски уй, бироқ яшашга яроқли. Тадбиркорлар, эшик-ром усталари келиб, уйнинг портлашдан зарар кўрган дераза ромларининг ўзини тузатиб берамиз деб айтишяпти. Қўшниларим ҳам Акфа ром қўйиб беринг, демаяпти. Бироқ синиб кетган ромни ямамай яхшироқ эшик-ромлар қўйиб беришсин, дейишяпти. Буларнинг орқасида ҳеч кими йўқ, оддий оила, шунинг учун уларни ҳеч ким эшитмаяпти», дейди жабрланувчининг қўшниси Алишер Маматқулов.
Портлаш оқибатида ҳудуддаги 65та уй зарар кўрган, шундан 6та хонадон деворлари ёрилиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келган. Авариявий ҳолатда деб топилган уйларда яшовчилар, шунингдек, фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар етган айрим хонадонлардагилар вақтинча бошқа уйларга кўчирилган, ижара пуллари туман ҳокимлиги томонидан тўлаб берилиши маълум қилинган.
Бироқ бошқа уйга кўчишга рози бўлмай ўз уйида қолганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Денов тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, Kun.uz’га интервью берган жабрланувчиларнинг муаммолари ижобий ҳал этилган. Жумладан, Бахтли эл кўчаси 79-уйда яшовчи Дилором Бобонованинг уй-жойи қайтадан қуриб бериляпти, шу сабабли оиласи вақтинча кўчирилган. 110-уйда истиқомат қиладиган Гулнора Насриддинованинг уйига етказилган зарар миқдори аниқланиб, дераза-ром учун келишилган ҳолда керакли маблағ ажратилган бўлса, 153-уйда яшовчи Гулбаҳор Шаймардонованинг уйида усталар ишламоқда.
Туман ҳокимлигининг билдиришича, дастлаб уй томи ёпилиб, шифти таъмирланади, сўнгра бошқа таъмирталаб жойлар аввалги ҳолатига келтирилади.
Kun.uz савдо марказидаги портлаш сабаблари билан боғлиқ жамоатчиликни қизиқтирган саволларни Бош прокуратурага йўллади. Идора матбуот хизмати тергов сири нуқтайи назаридан маълумот тақдим этилмаслигини маълум қилди. «Тергов гуруҳи раҳбари рухсат берган тақдирда дастлабки тергов материалларини эълон қилиш бўйича расмий баёнот берилади», дея таъкидлаган Ҳаёт Шамсуддинов.
14 декабр куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда «Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиали директори М.Мансуров «Инденим»даги портлашга савдо маркази остидан туман ҳокимлиги биноси қозонхонасига ўтган ўрта босимли газ қувуридан сизиб чиққан газ сабаб бўлганини айтди.
16 декабр куни Бош прокуратура матбуот хизмати Деновдаги портлаш бўйича очилган жиноят иши доирасида уч киши: Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи, «Hududgaz Surxondaryo» газ таъминотининг 2 ходими қамоққа олингани ҳақида хабар берди.
Портлаш билан боғлиқ очиқ қолаётган саволлар кўп. Шулардан бири тадбиркорлар кўрган зарар қай тарзда қоплаб берилиши, бу жараён қачон бошланиши билан боғлиқ. Гап фақат «Инденим» савдо марказида фаолият юритган тадбиркорлар ҳақида кетмаяпти, балки савдо маркази атрофидаги дўконлар, шунингдек, хонадонларда ташкил этилган савдо нуқталари, тикув цехлари ва бошқа тадбиркорлик шохобчалари ҳам зарар кўрган.
Вилоят ҳокими бу масала мустақил баҳоловчиларнинг хулосалари олингач, суд тартибида ҳал қилинишини айтган. Бироқ бу ишларга қанча вақт кетади, унгача тирикчилик манбайидан маҳрум бўлганларнинг ҳоли нима кечади, булар ҳозирча маълум эмас.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабр кунги видеоселекторда Деновдаги воқеага тўхталиб, бош вазирга қўшимча топшириқлар бериши ортидан ҳукумат комиссиясига портлаш оқибатларини бартараф этиш учун бир ой муддат берилган. Расмийлар барча муаммоли масалаларга шу муддат ичида жавоб топилишини таъкидлашмоқда.
Мавзуга оид
23:26 / 06.11.2024
Бошқирдистонда кўмир ортилган 22 та вагон релсдан чиқиб кетди
17:04 / 22.10.2024
Қўшработда икки қаватли уй портлади. Бир оиланинг 4 аъзоси ҳалок бўлган
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
18:11 / 07.10.2024