“Бахтингдан очайми ё...” — фолбинлар фирибгарлигига исботлар
Kun.uz мухбири машҳур фолбинларга “мижоз” бўлиб, уларнинг иши бошдан оёқ фирибгарликдан иборатлигини фош қилди.
Жиззахда ҳоким ва депутат бўлишни истовчилар ёрдам сўраб фолбинга боргани маълум бўлди.
Тошкентда фолбин қўлга олинди. “Кўзикиш”ни олиб ташлаш пайтида у 32 млн сўмлик тақинчоқларни қўлга киритган.
Фолбин найрангига алданган бухоролик йигит 3 минг долларидан айрилди.
Булар – 90-йиллар эмас, 2021 йил янгиликлари эди. Ҳа, фолбинлик кўпчилик наздида ёлғондан бошқа нарса бўлмаса-да, унга ишонувчилар ҳамон етарлича топилади.
Биз ушбу мақоламиз орқали ўзини ҳар нарсага қодир деб танитувчи фолбин, дуохон ва “иссиқ-совуқ”чиларнинг фаолияти қанчалик сафсатабозликдан иборат эканини исботлашга уриндик.
Фолбин эшиги тагида – тонг саҳардан навбат
Аввало, узоққа бормасдан яқин-атроф – пойтахт ва Тошкент вилоятига кўз ташладик. “Фолбин ёки “иссиқ-совуқ”чи керак” деган сўровимизга жавоб топиш қийин бўлмади. Олинган манзил бўйича тонгги соат 6:30да бориб, соат 10 га яқин қабулга кирдик. Анча вақтдан бери қатнайдиган “мижоз”ларнинг сўзларига қараганда, ҳозир одам сал камайган; навбатга туриш учун одамлар тунги соат 2 дан бошлаб келган пайтлар ҳам бўлган экан.
Қабул бошлангач, ҳамма йиғилиб қоғозга навбат ёзилди ва кутиш учун ҳовлига чиқарилди. Тўпланган 15 чоғли аёл-эркак навбатга қараб бирин-кетин қабул қилинди.
Навбатимиз келиб қабулга кирдик. Фирибгар аёлнинг фоллари эса қуйидагилардан иборат бўлди:
— “Яқинда сизга яқин инсон вафот этган". (Ёлғон маълумот. Менимча, қаҳрамонимиз қора кийим ва рўмолда бўлгани сабаб фолбин шундай ўйга борди.)
— Март-май ойларидан бери ўнгланолмаяпсиз. Мендан олдин кимга ўқитгани бордингиз? (Ёлғон)
— Нега иккита жойда ишламоқчисиз? (табиийки, ёлғиз оила тебратаётган инсонда иккита жойда ишлаш истаги туғилади. Чунки қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи вафот этганини айтган. Аслида бундай эмас.)
Онлайн йўлга қўйилган “афсун бизнеси”
Пандемия шароитида кўплаб соҳалар онлайн ишлашга ўтди. Буни қарангки, масофавий тарзда ишлаётган, одамларни алдаётган фолбин, жодугар, башоратчилар ҳам тезда бунга мослашган экан.
Бундайларни Telegram тармоғи орқали ҳам топиш мумкинлигини айтишди. Қидирувларда бир нечта шундай каналлар орқали уларнинг админлари билан боғланиб кўрдик. Каналлардан бири 13 мингдан ортиқ обуначига эгалиги эътиборимизни тортди. Каналда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган башоратлар ва ваъдаларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Айрим фолбинлар ўз каналларининг номига “ҳалол” сўзини қўшиб олишибди. Бу “маркетинг юриши” содда одамлар онгида яхши тасаввур уйғотишга қаратилгани тайин, албатта.
Каналларда ҳар бир мушкулга енгил ечим топишни ваъда бераётган “афсунгарлар” ўзларининг сеҳр-жоду амаллари ҳақида маълумотлар беришади. Одамларни ишонтиришга уринишади. Фол кўриш, “иссиқ-совуқ” қилиш, “пул чақириш”, “бахт йўлини очиш” каби хизматлар таклиф этилади. Бу хизматлардан фойдаланиш учун фолбинхонага бориб ўтириш шарт эмас: пластик карталарига пул ўтказиш, керакли одамнинг суратини жўнатиш ва исмини ёзиб юбориш кифоя.
Прайс-лист
Шу ўринда “ставкалар” масаласига ҳам тўхталиб ўтсак.
Биз борган жойларда бу масалада “ҳимматимиз”га қаралди, яъни ким қанча лозим топса, шунча пул ташлаб кетади. Ўзимиз ҳам шу усулни қўлладик. Аммо бошқа ҳудудларда топилган маҳаллий фолбинларда фол кўришнинг ўзи 35-50 минг сўм атрофида эканини, “иссиқ-совуқ” эса сал қимматроқ – 250 мингдан 300 минггача экани маълум бўлди.
Дарвоқе, улар бу нархларнинг чегирмада эканини ҳам таъкидлашди.
Фол кўриб бериш учун расм, ўша инсоннинг исми, туғилган йили ва пластик картага ўтказилган пуллар бўлса кифоя экан. Бир неча дақиқа ичида хаёлингизга ҳам келмаган маълумотларга эга бўласиз.
Дунёда йўқ одамга фол кўрган “башоратчи”
Интернетда thispersondoesnotexist.com деган сайт бор. Бу сайтда дунёда йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган одамларнинг сунъий ишланган суратлари ўрин олган. Биз шу сайтдан олинган, қиёфаси ўзбекка нисбатан ўхшаш одам суратини ва пул ўтказганимизни тасдиқловчи скриншотни Telegram орқали фолбинга юбордик. Қарши шаҳридан туриб фол кўраётган бу аёлнинг жавоблари эса ҳайратланарли эди.
— Бу эркак аввал сизга ваъдалар берган экан, кейин ўзгариб қолган. Чунки кимдир буни “иссиқ-совуқ” қилган. Хотини ўқитган бўлиши керак, аёл киши кўриняпти. Агар тезда ўқитмасангиз, сиздан узоқлашиб кетади. (Дунёда йўқ инсон ҳақида маълумот бериляпти!)
— Фойдаси бўлармикан ўқитсам...
— Нега бўлмас экан, ўлиб қолади-ю, сиз учун шайтонлаб қолади. Олти соатда фойдаси бўлади. “Иссиқ-совуқ” қилиб сизга иситиш керак, бўлмаса сиздан узоқлашиб кетаверади.
Мен уни шундай иситиб бераманки, сиз учун жониниям берадиган бўлади. Бир умрга сизга боғлаб берилади. Сиздан бошқани кўзи кўрмай, айтганингизни қиладиган бўлади. Ҳамма пулини сизга олиб келиб берадиган бўлади.
Битта ўқитганингизда беш йилгача кафолат бераман. Олти соатда дуонинг таъсири сезилади. Беш йилдан кейин яна ўқитиш керак бўлади, дуонинг кучи тугайди кейин. Беш йил ёнингиздан кетмайди, нима десангиз хўп дейди. Ҳайдасангиз ҳам ёнингизга келаверади. Сизсиз яшай олмай қолади бу одам. Ҳар 10-15 минутда овозингизни эшитмаса, ўлиб қоладиган бўлади.
Бу одамнинг ишлари яхши бўлиб кетади, пуллар кўриняпти. (Келажакка умид уйғотиш!) Ўқитилгани учун йўллари ёпилган. У сизнинг ҳаётингизни ўзгартириб юборади, фақат битта ўқитиб юборинг. Ўқитилгани учун ўзгариб қолган, ундан ҳам яхши бўлиб қолади ҳали...”
“Иссиқ-совуқ” учун мол юраги...
Шундан кейин яна бир шунақа канал орқали фаолият юритаётганлардан бири билан боғланиб кўрдик. Унга ҳам шундай расмлар юбориб, “иситиб” беришни илтимос қилдик. Чегирмада (!) 270 минг сўм бўлган амал билан бу расм эгаларини бир-бирига иситиш ваъда қилинди. Иситиш жараёни эса бизга видео орқали юборилди.
Таъкидланишича, эркак кишини аёлга иситиш учун буқанинг юраги, аёлни эркакка иситиш эса сигирнинг юрагидан фойдаланишар экан.
Минг афсуски, уларга ишониб хато қиладиганлар ҳам бор экан. Фолбинга бориб куйган аёл бошидан ўтганларини гапириб берди. Унинг ҳикоясини видеолавҳамизда тинглашингиз мумкин.
Мижозларнинг аксарияти – аёллар
Фирибгарлар одамларда ишончни ошириш учун Telegram-каналларига ишларининг “ижобий натижалари”ни ҳам қўйиб боради. Ачинарлиси, фолбинга ташаккур айтилган изҳорларнинг деярли ҳаммаси аёллар ёки қизлар томонидан юборилганида эди.
Инсонларнинг муваффақиятсизлигидан, изтиробларидан фойдаланиш, ҳар бир инсон ҳаётида учрайдиган муаммоларга ечимни осонгина топиб беришни айтиб уйдирма тўқиётганлар умид чироғини ёқиш орқали одамларда ишонч уйғотади ва шу орқали мўмайгина пул ишлашади. Ожиз ёки эътиқоди суст инсонлар эса уларга қатнашни канда қилмайди.
Хўш, одамларни алдаётган бундай “башоратчи”ларга қонунда жазо борми? Бор. Ҳуқуқий жиҳатдан бу ҳолат фирибгарликка тенглаштирилади ва Жиноят кодексининг 168-моддаси билан баҳоланади.
Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фолга ишониш – эътиқод сустлигидан далолат
Динимизда фолга нисбатан қандай ҳукмлар борлигини эслатиб ўтишни ҳам лозим деб билдик. Бу ҳақда бизга Тошкент шаҳри бош отинойиси Зулайҳо Соатова сўзлаб берди.
“Анас ибн розиёллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, фолбинга бориб, унга ишонган одам пайғамбаримизга туширилган нарсадан ажрайди. Фолбинга бориб унинг айтганларига ишонмаганларнинг эса 40 кунгача қилган ибодати қабул бўлмайди.
Яна бир ҳадисда Васила ибн Асқо розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, фолбинга мурожаат қилганларнинг 40 кунгача тавбаси ўтмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ғайб, яширин иш ва нарсалар калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас”, деб марҳамат қилган. (Анъом сураси, 59-оят)
Афсуски, бугунги кунда турли фолбин-дуохонларнинг оилаларга рахна солиши ҳам кузатилади. Уларнинг олдига бориб ҳам пулини, ҳам вақтини сарфлаётгани етмагандай, Яратган олдида ҳам гуноҳ қилишяпти. Айниқса, фарзанд тарбиясида муҳим ўрин тутадиган аёлларимизнинг шундайларга ишониши – ташвишли ҳолат. Бошига ташвиш-мусибат тушганда фолбинга боришади. Бунга сабабчи қилиб кўрсатилган одамлар билан ораларига нифоқ тушади, келишмовчиликлар келиб чиқади.
Оилавий муносабатлар юзасидан фол очиришга бориб ажрашиб кетаётган оилаларни ҳам кўряпмиз. Ундан кўра динимизда буюрилган амалларга риоя қилинса ҳам иймон мустаҳкамлигига, ҳам гуноҳлардан тийилишга эришиларди”.
Ғайбни билиш – фақат Яратганга хос
Биз уларнинг фаолиятини кўрсатдик холос. Аниқлаш ёки чора кўришни бошқаларга қолдирамиз. Бу ерда энг катта хато биз уларга ўз тақдиримизни ишонишимиз эканлигида. Ҳеч ким тақдиримизда борини ўзгартириш хусусиятига эга эмас, буни фақат ўзимизни ислоҳ қилиш орқалигина яратамиз.
Зеро, ғайбни билгувчи фақат Яратганнинг ўзи холос.
Хулоса ўзингиздан.
Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири
Тасвирчилар:
Абдуқодир Тўлқинов,
Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
22:25 / 20.10.2024
Фирибгарлар Telegram орқали фотосурат кўринишида вирус юбормоқда
15:12 / 20.10.2024
Ўзини банк ходими деб таништириб, фуқаронинг пулларини ўзлаштирган шахсга жиноят иши қўзғатилди
08:10 / 17.10.2024
ИИББ интернетдаги фирибгарликнинг янги кўринишидан огоҳлантирди
20:45 / 14.10.2024