Ўзбекистон | 15:54
2031
2 дақиқада ўқилади

«HUMO VIZA» маркази раҳбари ва иш бошқарувчиси қамоққа олинди

Самарқандда фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан йирик миқдорда пулларни йиғиб олган, аммо виза ва иш масалаларини ҳал қилиб бермасдан, пулларини ҳам қайтармай юрган фирмалар раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б», «в» бандлари билан жиноят иши очилган.

Тергов доирасида «HUMO VIZA» МЧЖ ҳамда «HUMO GROUP NВВ» МЧЖ директори ва иш бошқарувчисига (уларнинг номида ушбу фаолият тури билан шуғулланадиган бир неча фирмалар бўлган – таҳр.) нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Kun.uz Самарқандда хорижга ишга жўнатишни ваъда қилган «HUMO GROUP CORPARATION» ва «HUMO GROUP CENTRAL» офислари олдида юзлаб фуқаролар тўплангани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Мурожаатчилар шартномада кўрсатилган муддатлар ўтиб кетган бўлса-да, на ишга жўнатилгани ва на тўлаган маблағлари қайтариб берилгани маълум бўлганди.

Жабрланувчилар орасида Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё ва бошқа ҳудудлардан келган фуқаролар ҳам бўлиб, айримлар хорижга кетиш умидида қарз олиб тўлов қилганини айтишган.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид