Ўзбекистон | 09:04 / 20.12.2021
5059
1 дақиқада ўқилади

Покистонда Ўзбекистон ва Афғонистон делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

Покистон пойтахтида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттаки билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Хабарга кўра, суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати, уларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги масалалар муҳокама қилинди.

Афғонистон томони Ўзбекистон президентига мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, шунингдек, Афғонистон ҳудудида транспорт ва энергетика соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирган.

Афғонистон вазири Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида афғон халқига тезкор гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратилган транспорт-логистика хабини ташкил этиш ташаббусини чуқур миннатдорлик билан қабул қилди.

Қардош Ўзбекистоннинг бу ҳаракатлари мамлакатлар ва халқларнинг тарихий ва маънавий яқинлигини яна бир бор ифодалаши таъкидланди.

Шунингдек, Афғонистон томони мамлакатдаги аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича илгари берган халқаро ваъда ва мажбуриятларини бажариши зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид