Ўзбекистон | 18:12 / 22.12.2021
41172
5 дақиқада ўқилади

Мониторинг: Тошкентда ҳаво сифати борган сари ёмонлашмоқда

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ўрнатилган мослама қайдларига кўра, шаҳар ҳавоси тобора ифлосланиб боряпти. 2021 йил давомида саноқли кунларгина “ҳаво сифати яхши” деб топилган.

Фото: Kun.uz

Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, глобал исиш, озон қатламининг емирилиши, Орол денгизининг қуриши каби жумлалар кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб қолди ва бу турдаги хавфлар тобора ортиб бормоқда.

Иқлим ўзгаришининг асосий кўрсаткичларидан бири Air Quality Index (AQI) – Ҳаво сифати индекси (ҲСИ) бўлиб, ҳаводаги чанг ва бошқа микро-элементларнинг миқдорини ҳисоблаш ёрдамида ўлчанади. ҲСИ АҚШда ишлаб чиқилган индекс бўлиб, ҳаво сифатини беш тоифага ажратади:

  • “яхши” (яшил – 0-50);
  • “ўртача” (сариқ – 50-100);
  • “заиф гуруҳлар учун носоғлом” (оловранг – 100-150);
  • “носоғлом” (қизил – 150-200);
  • “хавфли” (бинафша – 200-400)

Бу индекс куннинг қайси вақтида очиқ ҳавода фаол бўлиш яхшироқлигини ёки куннинг қайси пайтида очиқ ҳавода ҳаракат қилишни камайтириш ёки ташқарига чиқишдан сақланиш кераклигини тушунишга ёрдам беради.

Ҳозиргача АҚШ Давлат департаменти ҳаво сифатини ўлчаш ва уни мониторинг қилиш бўйича кўрсатма ва тавсиялар ишлаб чиқиш доирасида дунё бўйлаб 50 дан зиёд АҚШ элчихоналари ва консулликларида ҳаво сифати мониторларини ўрнатган. Жумладан, 2018 йил май ойида Тошкентда ҳам ҳаво сифати монитори ўрнатилган бўлиб, ҳар соат ҳаво сифатини текширади ва маълумотларни www.aqicn.org сайти орқали онлайн кузатиб бориш имкони бор. Қуйидаги расмда Тошкент шаҳридаги ҲСИни 2018 йил 26 ноябрдан бошлаб кунлик, ойлик ва йиллик ҳисоботи кўрсатилган.

Кўриниб турибдики, 2021 йилга келиб шаҳар ҳавосининг сифати олдинги йилларга нисбатан пасайган.

Хусусан, ҲСИ классификациясига асосланган “яшил” кунлар сони кескин камайиб, 2021 йил 22 ноябр ҳолатига кўра 2021 йилда атиги 23 кунни ташкил қилганини таъкидлаш мумкин.

Бу кўрсаткич қўшни мамлакат пойтахт шаҳарларига таққослаганда Тошкент шаҳрида жуда пастлигини қуйидаги инфографикада кўриш мумкин.

Юқоридаги расмда Марказий Осиё мамлакатлари пойтахт шаҳарларидаги ҳаво сифати индекси кўрсатилган бўлиб, Ўзбекистонга жануби-шарқий томондан чегарадош бўлган Тожикистон пойтахти Душанбе ва Афғонистон пойтахти Кобулда мазкур кўрсаткич Тошкентдаги билан деярли бир хиллиги тасвирланган. Аммо Тошкентнинг шимол ва шимоли-ғарбида жойлашган Туркманистон пойтахти Ашхобод, Қозоғистон пойтахти Нур-Султон ва Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳарлари деярли бир хил минтақавий иқлимга мансуб бўлишига қарамай, ҳавонинг сифати пойтахтимиздагига нисбатан бир неча баробар юқорироқ эканлигини кўришимиз мумкин.

Қизиғи, 1-расмда келтирилган ҲСИнинг ойлик ҳисоботига эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йил апрел-июл ойларида яшил кунларнинг сони йилнинг бошқа ойларига нисбатан сезиларли равишда кўпроқлигини кўрамиз. Бу коронавирус пандемияси оқибатида жорий қилинган карантин ва қатор чекловлар самараси бўлиб, автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши ва бир қатор завод ва фабрикалар иш фаолиятининг вақтинча тақиқланиши ҳаво сифатининг ошишига ёрдам берди.

Тошкент шаҳрида ҳаво сифати йилнинг тахминан 6 ойи, айниқса баҳор ва ёз ойларида “яхши”дан “ўртача”гача бўлади, бу эса одамлар учун хавфнинг кам ёки умуман йўқлигини билдиради. Бироқ қиш ойларида, айниқса ноябр ва декабр ойларида ҳаво сифати “заиф гуруҳлар учун носоғлом” ва “носоғлом” бўлиши мумкин. Ҳаво сифати куннинг вақтига қараб фарқ қилади ва энг ёмон кўрсаткич асосан барчамиз ишга ва ўқишга отланадиган эрталаб кузатилади.

Тошкент шаҳридаги ҳаво сифати бир қанча омилларга боғлиқ, бироқ биз ҳар куни кўриб турган ҳавонинг ифлосланиш даражасида транспорт, саноат, энергетика, ишлаб чиқариш ва иситиш тизимлари муҳим рол ўйнайди.

Маълумот ўрнида, ҳавони ифлослантирувчи моддаларнинг юқори даражасига дучор бўлган одамларда юрак ёки қон томир касалликлари каби соғлиққа жиддий таъсир қилиш хавфи, шунингдек, уларнинг иммун, неврологик, репродуктив ва нафас олиш тизимларига зарар етказиш хавфи ортади. 2016 йилги Глобал касалликлар юкини ўрганиш маълумотларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши ҳар йили 6,9 млн кишининг ўлимига сабаб бўлади, яъни дунёдаги жами ўлим ҳолатларининг тахминан 10 фоизини ташкил қилади.

Равшан Амонов,
Отажон Отабеков.

Мавзуга оид