Ўзбекистон | 22:09 / 24.12.2021
16948
2 дақиқада ўқилади

Фуқароларга паспортларининг рақамли профили тақдим этилади

Gov Pass мобиль иловаси смартфонга ўрнатилади ва унда паспорт, диплом, меҳнат дафтарчаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси каби кўплаб ҳужжатлар жамланади. Яъни фуқаронинг барча ҳужжатлари доим ёнида, телефонда бўлади. Лойиҳа президентга тақдим этилди.

Фото: Пресс-служба президента

Президент Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Расмий релизга кўра, тақдимотдаги янгиликлардан бири – фуқаро паспортининг рақамли профили бўлган.

“Gov Pass мобиль иловаси смартфонга ўрнатилади ва унда паспорт, диплом, меҳнат дафтарчаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси каби кўплаб ҳужжатлар жамланади. Яъни фуқаронинг барча ҳужжатлари доим ёнида, телефонда бўлади. Бу вақт ва пулни тежаб, қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади, оворагарчиликларни бартараф этади”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига келгуси йилда IT тармоқлар тезлигини 1,8 баробар ошириш ҳамда 1 миллион қўшимча кенг полосали тармоқлар ўрнатиш вазифаси қўйилган. Бу орқали аҳоли пунктларининг барчаси мобил алоқа ва кенг полосали интернет билан таъминланиши айтилмоқда.

Шунингдек, келгуси йилда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар улушини 60 фоизга етказиш белгиланган.

Йиғилишда сунъий интеллект марказини ишга туширишни жадаллаштириш, хориждан IT мутахассислар жалб этиш тартибини соддалаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Тақдимотда “Хавфсиз шаҳар” тизими ижросига доир масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2026 йилгача бу тизимни тўлиқ жорий этиш вазифаси қўйилган.

Таъкидланишича, йирик экспортерлар билан ишлаган ҳолда IT-паркларда хизматлар экспорти ҳажмини 2 баробарга – 80 млн долларга етказиш мўлжалланмоқда.

  • Айни пайтда мамлакатда 100 дан ортиқ IT-мактаблар фаолияти йўлга қўйилган, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 500 мингдан зиёд ёшлар дастурлашга ўқиган.
  • IT-парклар ташкил этилганидан буён соҳада экспорт ҳажми 50 баробарга кўпайиб, 40 миллион долларга етган. Резидентлар сони 147 тадан 500 тага ошган.
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид