Ўзбекистон | 11:50 / 24.12.2021
96025
2 дақиқада ўқилади

Йўқолиб бораётган қиш. Қор нега ёғмаяпти?

Лайлакқор, қорбўрон ўйнаш, чанада учиш, тарновдаги сумалаклар, қор парчалари… Биздан кейинги авлод учун бу тушунчалар бегона бўлиб қолиши мумкин. Xpress лойиҳаси бу борадаги саволлар билан экспертларга мурожаат қилди.

Ўзбекистонга қиш фасли кириб келганига бир ой бўлди. Яна қуруқ ва яна қорсиз қиш...

Охирги йилларда қишда қор ёғиши одатий ҳол эмас, истисно ҳолатга айланиб боряпти. Бу истиснолар ҳам узоққа чўзилмаяпти: ёғган қорлар жуда тез эриб кетяпти.

Прогнозларга кўра, бу йилги қиш ҳам меъёрдан илиқроқ ўтади. Ва бора-бора Ўзбекистонда қишнинг илиқ бўлиши ҳам меъёрга айланиб қолади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра:

— “Ўзи аслида охирги 10 йилда Ўзбекистонда қиш деярли бўлгани йўқ...”

— “Сўнгги пайтларда глобал ҳарорат кўпйиллик иқлимий меъёрлардан 1 градус исиган бўлса, Марказий Осиё 2 градусга исиди. Ўзбекистонда ҳарорат глобал миқёсдагидан кўра тезроқ кўтарилган ва бу давом этади...”

— “Бориб-бориб Ўзбекистон субтропик иқлим ўлкасига айланиши мумкин, бундай иқлим шароитида 3-4 йилда бир марта қор ёғиши мумкин холос...”

— “Қор ёғмади дегани, қурғоқчилик бўлади деганидир. Янги шароитга мослашишимиз шарт!”

Юқоридагиларнинг барчаси факт: биз глобал иқлим ўзгариши фонида ҳарорати шиддат билан исиб бораётган давлатлар қаторидамиз.

Афсус билан айтиш мумкинки, қорсизлик – бизнинг келажагимиз, балки бугунимиз. Бироқ иқлим ўзгариши қаршисида даҳшатга тушиш эмас, янги реалликка иложи борича камроқ йўқотишлар билан кириб бориш ҳақида ўйлаш лозим.

  • Кўрсатув ижодкорлари унда иштирок этган мутахассисларга, хусусан “Ўзгидромет”га самимий миннатдорчилик билдиради.

Мавзуга оид