Ўзбекистон | 12:08 / 29.12.2021
6959
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги иккита аэропорт фаолияти туман туфайли чекланди

Бугун, 29 декабрь куни эрталаб Наманган ва Андижон аэропортларида самолётлар кўриш масофаси пасайиб кетгани учун парвоз қила олмади ва қўна олмади.

Uzbekistan Airports хабарига кўра, кучли туман туфайли – кўриш масофаси 50 метрга яқин – «Урал» авиакомпаниясининг Қозондан парвоз қилган SVR2161 рейси соат 08:48 да Наманганга қўна олмади ва Тошкентдаги захира аэродромга жўнаб кетди.

Яна бир - HY9620 рейси ҳам ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Наманганга қўна олмади ва Фарғонадаги захира аэродромга жўнаб кетди.

Андижон аэропортида ҳам худди шундай ҳолат. Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Москвадан учган HY-622/621 рейси соат 10:45 да белгиланган аэропортга қўна олмай, Фарғонадаги захира аэродромга жўнатилди. 

Метеорология хизмати прогнозларига кўра, ушбу аэропортлар об-ҳаво шароити туфайли тахминан соат 14:00 гача ёпилади. Режалаштирилган барча рейслар энг яқин захира аэродромларга йўналтирилади. 

Мавзуга оид