Ўзбекистон | 13:19 / 01.01.2022
6478
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантириш учун янги банк ташкил этилади

Ҳудудларда саноат ва инфратузилмани ривожлантириш учун “Тараққиёт банки” ташкил этилади. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, халқаро молия институтларидан Ўзбекистон тараққиёт банки ташкил этиш бўйича консультатив маслаҳат олинади. Ўзбекистон тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилади ва таклифлар ишлаб чиқилади. Ўзбекистон тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, республика ҳудудлари ва хорижий мамлакатлар бизнес вакиллари ўртасида ўзаро ташқи иқтисодий алоқалар ўрнатилади, жумладан Сирдарё вилояти Хитой, Сурхондарё вилояти Россия ҳамда Жиззах вилояти Ҳиндистон билан инвестиция ва ташқи савдо алоқаларни ривожлантиради.

Ишлаб чиқилган тайёр бизнес лойиҳалар портфеллари хорижлик ҳамкорларга тақдим этилади. Ҳудудга бириктирилган давлатлардаги йирик компаниялар учун вилоят салоҳиятини тўлиқ ёритиш ҳамда инвесторларнинг вилоятга ташрифини амалга оширишда кўмак кўрсатилади. Ҳудудга бириктирилган элчихоналар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Сурхондарё вилоятида инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари бошчилигида республика даражасидаги масалаларни ҳал қилиш ваколатига эга “Инвесторларга кўмак маркази” ташкил этилади. “Инвесторларга кўмак маркази”ни ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади. 

Навоий кон-металлургия комбинати томонидан “Бизнесга кўмаклашиш маркази” ташкил этилиб, тадбиркорлар бизнес юритишга ўргатилади. “Бизнесга кўмаклашиш маркази” ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Тошкент шаҳрида “Илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази” ташкил этилади. Марказ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Лойиҳаларни ишлаб чиқиш маркази ҳузурида ташкил этилади ва марказга раҳбарлик қилиш вазифаси Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази раҳбари зиммасига юкланади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Лойиҳаларни ишлаб чиқиш маркази ходимларининг умумий сони доирасида мазкур марказга штат бирликлари ажратилади.

Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида “Инновация ва технология марказлари” фаолияти йўлга қўйилади. “Инновация ва технология маркази”ни ташкил этиш бўйича тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Туман ҳокимликлари биноларида “Инновация ва технология маркази” учун махсус хоналар ажратилади ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан зарур компьютер техникаси, алоқа воситалари, интернет ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланади.
 
Тошкент шаҳрида 2022 йилдан бошлаб ҳар йили “Тошкент халқаро инвестиция форуми” ўтказиб борилади. Бунда, “Тошкент халқаро инвестиция форуми”ни ўтказиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланади ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид