17:39 / 04.01.2022
16314

Тошкентда маст ҳайдовчи содир этган ЙТҲда етти киши жароҳатланди

Тошкент шаҳрининг Махтумқули кўчасида алкогол таъсиридаги ҳайдовчи бошқа икки машина иштирокида ЙТҲ ҳодисасига сабабчи бўлди. Натижада олти киши, жумладан уч бола оғир тан жароҳатлари олган. Бир ёшга тўлмаган қизчада травматик шок ҳолати қайд этилган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

1 январь куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида Махтумқули кўчасида маст ҳолатдаги ҳайдовчи жиддий йўл-транспорт ҳодисаси келтириб чиқарди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

«2022 йил 1 январ куни соат 17:15 ларда Яшнобод тумани, Махтумқули кўчасида «Матиз» русумли автомашина ҳайдовчиси спиртли ичимлик таъсири остида бўлган, 1967 йилда туғилган Собиржон Н. бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, 1991 йилда туғилган Элмурод Р. бошқарувидаги «Нексия-2» русумли ҳамда 1983 йилда туғилган Равшан К. бошқарувидаги «Нексия-2» русумли автомобиллар билан тўқнашув содир этган», дейилади хабарда.

ЙТҲ натижасида 7 киши турли даражада тан жароҳатлари олган:

  1. «Матиз» русумли автомашина ҳайдовчиси Собиржон Н. (ташхис: бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ, ўнг болдир суягининг очиқ синиб силжиши, кўплаб шилинмалар, мастлик ҳолати).
  2. «Нексия-2» ҳайдовчиси Равшан К. (ташхис: бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ, чап болдир суягининг ёпиқ синиши, оёқнинг тўпиқ қисми ёпиқ синиши);
  3. 2009 й.т. вояга етмаган йўловчи, 7-синф ўқувчиси З.Т. (ташхис: бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ);
  4. 2012 й.т. вояга етмаган йўловчи, 2-синф ўқувчиси бўлган қиз Ф.К. (ташхис: пешона тери қисми йиртилган жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ);
  5. 2017 й.т. вояга етмаган йўловчи, боғча тарбияланувчиси бўлган қиз И.К. (ташхис: бошнинг юқори қисмининг йиртилган жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ, чап оёқ болдир суяги ёпиқ синиши);
  6. 1987 й.т. йўловчи аёл Ф.К. (ташхис: чап оёқ очиқ синиб силжиши);
  7. 2021 й.т. қизча О.К. (ташхис: травматик шок).

Барча жабрланганлар касалхонага ётқизилган, уларга ҳар томонлама тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан ЖК 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Top