Жамият | 10:29 / 05.01.2022
19478
2 дақиқада ўқилади

Нукусда дарахтлар ёппасига каллакланди

Нукус шаҳрида 300 дан зиёд дарахт каллаклаб ташланди. Воқеа Нукус-Тахтакўпир айланма йўли ёқасида юз берган.

Дарахтларнинг бир қисми кесилиб, бир қисми каллаклангач, хунук манзара ҳосил бўлган. Бу иш қачон ва қайси ташкилот томонидан содир этилгани номаълум. Дарахтларнинг шохлари, устки қисми кесилган ва улар гўёки симсиз симёғочга айланган.

Бундай чоралар дарахтларни бутунлай ўлдириши мумкин. Оқибатда шаҳар ёзда чидаб бўлмас жазирама ҳудудга айланади. Чунки Нукус қурилишлар сабаб «сариқ шаҳар»га айланиб қолмоқда.

Kun.uz вазиятга ойдинлик киритиш учун экспертларга юзланди. Эколог журналист Наргис Қосимованинг айтишича, дарахтларга бу тарзда шакл бериш, аста-секинлик билан уларни йўқ қилиши мумкин.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Содир бўлган ҳолат юзасидан Kun.uz мухбири Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасини хабардор қилди. Қўмита матбуот котиби Улбосын Мирзаназарова мавжуд вазият ўрганилиб, натижаси ҳақида расмий маълумот берилишини маълум қилди. 

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Бундан бир муддат олдин Нукусда ноқонуний равишда дарахт кесган фуқаро жаримага тортилганди. Олдинроқ эса юқоридаги ҳолатга ўхшаш вазият Бухоро вилоятида кузатилган. Ўшанда Бухоро шаҳри марказидаги дарахтлар «кал» қилиб кетилган.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид