Жамият | 12:17 / 09.01.2022
35187
18 дақиқада ўқилади

«Нега бефарқмиз?» — Самарқанд шаҳрида тарихий обидалар муҳити бой берилмоқда

Самарқанд — обидалар шаҳри, эртаклар шаҳри. Боболаримиз қўли билан қурилган осмонўпар бинолар ўзлигимизни англашимиз учун, муҳим саволларга жавоб топишимиз учун керак: «киммиз, кимларнинг зурриётимиз, замон ва маконнинг қайси координатасидамиз?»

Буларни биз — ҳозирги саросимали давр фарзандлари, ёдгорликларга қараб бўлса-да англашга қодир эмасмиз балки. Бироқ ўзликни англаш воситаларини келажак авлодларимизга бутунлигича етказиш — зиммамиздаги қарз.

Самарқанд шаҳрида ҳозирда тарихий аҳамиятга эга бинолар 600дан ортиқ бўлса ҳам, кўз-кўз қиладиганимиз, фахрланадиганимиз бармоқ билан санарли. Обидалар мумкин қадар асраб-авайланаётгани таъкидлаб келинади, лекин олимларга кўра, ўша обидалар теварагидаги муҳит, тарихий манзара йўқолиб бормоқда.

Шарқона тарихий иншоот муҳити, фон вазифасидаги иморатлар мавзусига илк бора 90-йиллар охирларида дуч келганман. Ўшанда, мавзуни чуқурроқ ўрганиш мақсадида Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш институти профессори, тарихий меъморчилик билимдонларидан бири Адҳам Ўраловни излаб борганман.

Фото: Kun.uz Профессор Адҳам Ўралов.

Домла «фоновая застройка»ни тушунтириб, бу «фақат Марказий Осиёда эмас, балки бутун Ислом дунёси меъморчилиги ўзига хослигининг энг муҳим шарти — уйғунлик» деганди. Кейин содда қилиб, «масалан, мен энг бўйдор ва бақувват талабанинг салобатини таъкидлаш учун у билан ёнма ён озғинроқ ва пастроғини қўйишим керак. Тор кўча бўйлаб юриб боряпсиз, бир, бир ярим қаватли уйлар, бурилишлар, яна бораверасиз ва кутилмаганда маҳобатли, ёрқин ранглардаги улкан иморат пайдо бўлади. Айни бу бинолар мўлжал вазифасини ҳам бажарган, улкан иншоотнинг кенг майдон ўртасида қолдирилиши Шарқ меъморчилигига хос эмас», деганди.

Яқинда яна шу мавзу юзасидан Аҳдам Ўраловни йўқлаб бордим. «Хивада сақланган, Бухорода ҳам биздаги каби эмас, фақат Самарқандда тарихий муҳит йўқотилди, йўқотилиб борилмоқда», — деди олим.

Институтнинг лойиҳалаш кафедраси доценти, меъморчилик фанлари номзоди Ҳабибулло Қаюмов эса «Фақат айрим ёдгорликлар ёнида эмас, балки бутун эски шаҳар ҳудудида 2 қаватдан баланд уй қуриш мумкин эмас, гап бу ерда фақат қаватда ҳам эмас, ҳар бир бино тарихий муҳитга мувофиқ бўлиши зарур», деди. Сўнг, ҳар бир қурилиш лойиҳаси ёдгорликларни асраш ташкилоти, Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланмасдан ижро этилмаслиги керак, деб таъкидлади.

Нодир меъморий обидаларимиз манзарасида 4 ёки 5, ҳатто 6 қаватли бинолар қурилишда давом этяпти, кўчалар кенгайтириляпти. Самарқанд қўриқланиши шарт бўлган учта алоҳида, айни вақтда бир-бирини тўлдирадиган қадимий шаҳарларга эга: Афросиёб археологик қўриқхонаси, Амир Темур даврида қад кўтарган, бугунда халқ орасида эски шаҳар, деб аталадиган шаҳар ва Коалиция даври шаҳри — янги шаҳар.

Бугун мен Амир Темур даври обидалари билан боғлиқ факт ва мулоҳазалар атрофида тўхталмоқчиман. 

Истасак-истамасак, табиий шароит, қор ёмғир, шамол, ер силкиниши ёдгорликлар дохил, уни ўраб турган уй-жойлар, инфраструктура физик ҳолатига ҳам, таъсир қилади. Лекин Самарқандда обидалар муҳитига комплекс тарзда «замонавий» кўриниш бериш ҳаракати ҳали Советлар Иттифоқи даврида бошланган эди.

Регистон ансамбли

Регистон мажмуаси атрофидаги тарихий муҳитни кескин ўзгартириш даври ўтган асрнинг 60-йилларига тўғри келади. Бу вақтда ансамбл олд ва ён томонларидаги уй-жой ва бошқа объектлар текисланган. Фақат орқа томондаги маҳалла ўзлигича қолган.

Фото: Kun.uz

Жумладан, ансамблнинг чап ёнбошида Улуғбек қурдирган, «Ҳаммоми Мирзойи» номи билан машҳур бўлган ва беш асрдан буён фаолияти тўхтамаган ҳаммом бузилиб, ўрнида «Юбилейний» ресторани (2 қаватли), унинг қаторида универмаг (3 қаватли) қурилди, «Навоий» номидаги кинотеатр пайдо бўлди. Обиданинг олд томон муҳитини ташкил этган Лаби ғор маҳалласи хонадонлари ўрнида беш қаватли уйлар қурилди. Буларнинг бари баландлигидан ташқари, конструкцияси, мазмуни, орнаментлари билан ғарбона эди.

Фото: Kun.uz

Гоҳида қулоққа чалинадиган «Ўтмиш билан келажак учрашган майдон» деган ибора ўша даврдан қолган бўлса керак. Камига, кейинроқ яна бир ҳашаматли бино — музей қурилди. Ғарб томонидан эса кўп қаватли мактаб, кейинроқ ўртага чиққан ресторан Регистон маҳобатига соя ташларди.

Ўша хатоларни гўё тузатиш ҳаракатлари 2000-йиллар ўрталаридан бошланди. Яъни «Юбилейний» ресторани текисланди. Кинотеатр ва музей ҳам. Универмаг биносининг фақат бир қавати қолдирилди. Музей биноси ҳам текисланди. Беш қаватли «дом»ларнинг юқоридаги икки қавати олиб ташланиши ҳақида кўп гапирилди-ю, лекин бу ҳам ечим эмас, деб ҳисоблашди.

Фото: Kun.uz

Ачинарлиси, шу даврнинг ўзида тағин янги ва янги, янада жиддийроқ хатоларга йўл қўйилди. Юқорида айтдик, бунгача Регистоннинг фақат орқа томонида тарихий муҳит манзаралари сақланган эди, чоғроқ кўча, деворлари оқ, мовий, кулранг, асосан бир қаватли, баъзилари болохонали, айримлари айвонли миллий ҳовли-жойлар эди. Регистонга орқа томондан кириб келиш мумкин бўлган ягона тарихий кўча 2006 йилда кенгайтирилди, маҳалла орқага чекинтирилди. Камига Регистон ва маҳалла ўртасида девор кўтарилди. Бунинг устига деворга Регистон нақшлари нусхаси берилди. Яна ачинарлиси, бу нақшлар ранг-бўёғи аслиятдан анча ёрқин ва ялтироқ қилиб танланди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Мен девор қурилиши ҳақида аввалроқ, Регистон ансамблининг ўша вақтдаги директор ўринбосари Қурбон Ҳасановдан эшитганман. Мутахассис куйиниб гапирди: «Жамоат биноси қандай қилиб жамоатдан ажратиб қўйилади?»

Кейин у киши ўша даврлардаги гидлардан фақат бир нечтаси, масаланинг моҳиятини биладиган, тажрибалилари сайёҳларини айнан ўша тор кўчадан пиёда олиб келишини уқтирди: «Тарихий муҳит орқали кириб келган сайёҳнинг ҳайрати ўзгача бўлади. Девор кўтариш энг катта хатодир».

Орадан 16 йил ўтибди. Қурбон Ҳасанов оламдан ўтди. Регистон ва маҳалла ўртасидаги девор хато экани тан олинди. Ўтган йили қатор нашрлар ана шу девор бузилиши ҳақида хабарлар берди. Лекин бу масала ҳали ҳам аниқ ечим топгани йўқ. Қолаверса, деворни қулатиш билан хатони тўлалигича ўнглаб бўлмаслиги ҳам бор гап.

Фото: Kun.uz

Ҳабибулло Қаюмов деворнинг ўзи ҳам, нақшлар нусхалаштирилиши ҳам тўғри бўлмаганини таъкидлади: «Аслида Регистоннинг ягоналигини кўрсатишимиз керак. Нусхалаштириш сайёҳнинг илк таассуротида аслиятнинг қийматини туширади, қадрини пасайтиради. Аслида, аждодларимиз қўли теккан осори-атиқа биринчи даражали, нодирлигини урғулаш керак».

Дарвоқе, Регистон атрофида олд пландаги муҳитни бугунда арчалар ташкил қиляпти. Иложсизликдан қилинган контрастли фон. Лекин арча шаҳар ичкарисида, шарқона улкан жамоат биносига қанчалик уйғун бўлади, деган саволни хорижий сайёҳ ҳам хаёлидан ўтказса керак. Самарқандда фақат Регистонда эмас, бошқа қадимий жамоат бинолари атрофида ҳам арчазорлар кам эмас.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Қадимда тарихий обидалар атрофида яккам-дуккам тарзда фақат тут экилган. Тутнинг 15-20 метрлик илдизи бинодаги намликни шимиб олишга хизмат қилган.

Фото: Kun.uz

Ансамбл рўпарасидаги 5 қаватли турар жойларни тўсиш мақсадида экилган чинорлар эса қишда «вазифасини бажаролмай қолади».

Гўри Амир мақбараси

Ёдингизда бўлса, 1996 йилда Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи нишонланди. Тўйни муносиб ўтказиш мақсадида давлат миқёсидаги дастур тузилганди. Белгиланган тадбирларнинг бир қисми Амир Темур мақбараси билан боғлиқ эди.

Шу йўсинда «улкан бунёдкорлик ишлари» деб меъморий обиданинг фон манзараси тамоман йўқотилди. Яъни зиёратгоҳ атрофидаги ҳовли-жойлар, «Табассум» деб аталадиган чойхона-кафе, сартарошхона, ёдгорлик томон элтувчи кўчалар текисланиб, «Гўри Амир» кенг майдонда қолди. Тўғри, майдонда гулзорлар, фавворалар пайдо бўлди. Бу ерда ҳам зиёратгоҳ ва маҳалланинг қолган қисми ўртасида осон декорация сифатида девор қурилди. Лекин бу энг хато ечим эди... Мен ўшанда тарихий обида муҳити мавзусини илк марта ўрганишга киришгандим.

Фото: Kun.uz

Бугунда Гўри Амир мақбараси атрофи ҳам арчазор қилиб ташланган. Энди сизни «Руҳобод» мақбарасидан маҳалланинг бағдоди даричаларида зулфинлар осилган хонадонлар эмас, икки томони арчалар билан қопланган йўлак зиёратгоҳ томон бошлайди. Айрим мутахассислар «Руҳобод» мақбарасининг захлаши ва юбилей йилида қурилган фаввораларга боғлиқлиги бор, деб ҳисоблайдилар.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Гўри Амир мақбараси ёнгинасида советлар замонида қурилган 11 қаватли «Интурист» меҳмонхона бир неча йил муқаддам бузилди. Бу саноқли ибратли ишлардан бири бўлди.

Фото: Kun.uz

Бибихоним, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр ёдгорликлари ва бугуннинг хатолари

Адҳам Ўралов ҳар бир сайёҳ ўтмиш нафаси уфуриб турган мақбара, мадрасадан чиқиб, ўзига сингдирган руҳиятни йўқотмаслиги, бошқа объектгача ўша кайфият сақланиши муҳим, деб ҳисоблайди. Лекин Самарқанд тарихий обидаларидан биридан бошқасига ўтгунча ҳашаматли (айримлари қўпол) «замонавий» дом, тиббий марказ, ресторан, супермаркет ва ҳоказолар учрайди. Улар сайёҳларни тарихий кайфиятдан, табиийки, узоқлаштиради.

Фото: Kun.uz

Юқорида тилга олинган обидалар қаторида Бибихоним, Шоҳи Зинда ва Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари тарихий муҳити ҳам сунъий равишда зарар кўрган. Энг ёмони, айни шу кунларда ҳам учала иншоот учун ягона бўладиган тарихий муҳит кўз ўнгимизда емирилиб бормоқда. Сиёб бозори шимолий-шарқий дарвозаси йўлига туташ кўприк устидан кузатсангиз, ҳар учала обидага деярли бир хил масофада бўласиз. Айнан шу жойдан шаҳар ичкарисига олиб кирадиган йўл (Шоҳи Зинда кўчаси) томонга юзлансангиз, масалан, кимнидир чақирсангиз овозингиз етадиган ерда улкан қурилиш майдонини эслатадиган манзарани кўрасиз. Фавқулодда кенгайтирилган йўлнинг ҳар икки томони бўйлаб қурилиш кетяпти.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Иморатлар орасида тарихий ҳудуд талаблари бузилган ҳоллар кам эмас. Ғарб услубидаги уч қаватли, тўрт қаватли уйлар, меҳмонхоналар ва алланималар... Самарқанд рельфининг ўзига хослигини ҳисобга олсак, йўлнинг баландлаган қисмида ҳатто икки қаватли бинолар ҳам 4 қаватли каби нисбат беради.

Худди шу ердан «эгасини қамоққача олиб борган» 12 қаватли улкан дом ҳам кўзга ташланиб туради.

Фото: Kun.uz

Шу кунларда фақат шу нуқтада эмас, балки эски шаҳарнинг кўплаб маҳаллаларида ҳам баланд ва улкан қурилишлар авж олган. Олти, етти қаватли, ундан пастроқ ва баландроқ... Қурилишларни тезроқ битказишга ундалмоқда. Келгуси йилда Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти анжумани ўтказилади.

Ўзингиз ўйланг, сайёҳга бу «дом»ларнинг қизиғи борми? Ўз юртида бундан юз марта чиройлироғини кўриб, яшаб юрибди у. Баландпарвоз туюлмасин-у, хорижий меҳмон (нафақат хорижий) Самарқандга ажойиботларни кўргани келади, эртак ичида бўлмоқ учун келади.

Аммо тадбиркорга бунинг на қизиғи бор? Тўғри, тадбиркор тарихий ҳудуддан ерни арзонга сотиб олмайди. Бировни ҳовлисидан мажбурлаб чиқариш осон иш эмас. Реал нархидан каттароқ пул тўланади, янги домдан квартира ваъда қилинади, кўнмаганда, «кўндиради». Эски шаҳарда «уйим «снос»га кетсин», деб ният қиладиганлар ҳам топилади. Тадбиркор олмоқчи бўлган ер одамларга тегишли бўлмаса, яна бошқача йўллар қўлланади.

Адҳам Ўралов эски шаҳарда қурилган, тарихий муҳитдан мазмунан узоқ объектларнинг асосий қисми хусусий тадбиркорларга тегишли, деб айтади.

«Биз жуда кўп нарсани йўқотдик. Узоқ вақт шаҳарсозлик нима, обидамиз нима, тарихий муҳитимиз нима, тушунмадик. Тадбиркорлар фақат ўз фойдасини ўйлаб иш қилди, ҳозир ҳам қиляпти. Ҳозир ҳам шу қадимий макондан жой излаб, ҳар куни санғиб юрадиганлар бор. Бир парча бўлса ҳам кўзлаган ерини олмасдан қўймайди. Одам қўяди, таниш-билиш қилади, коррупцияни ишга солади», — дейди профессор.

Самарқандда тарихий ҳудуддаги «дом» яқинида яшовчилар ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган, деб мурожаат қилгани маълум.

Ҳабибулло Қаюмовнинг фикрича, тадбиркор агар битта «дом» га сарфланадиган маблағи, ғайратини битта маҳаллада тарихий муҳит яратиб бериш ва ўша ернинг мунтазам фаолиятига ишлатса, «дом»дан кўра кўпроқ моддий фойда олади. Ривожланган мамлакатларда қонунлар ва иқтисодиёт шундай ташкил этилганки, тарихий ҳудудда яшаган одам шу ерда яшашдан ва тарихий ёдгорликни сақлашдан манфаатдор. Солиқда ва бошқа жиҳатларда имтиёзлар бўлиши керак.

Домланинг гапларидан шуни англадимки, тадбиркор келиб, бошқа бир ҳудуддан иккита шундай жой олсанг, бўладиган пул бераман, деса ҳам, уй эгасига уйини сотишга рози бўлмайдиган даражада имкониятлар яратиб бериши керак. Ҳабибулло Қаюмов тарихий муҳитни сақлашда аҳоли сони ошиб боришининг ҳам таъсири катта, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, тарихий ҳудудда аҳолининг демографик ўсишига йўл қўйилмаслиги керак. Одам кўпайгани сайин инфраструктура керак бўлади. Эски шаҳарда канализация, газ, электр таъминоти жуда ёмон». Бу ерда демографик ўсишда «дом»ларга кўчиб келаётган аҳолининг ҳиссаси кам эмас. Бу муаммо ҳам «дом»лар билан боғлиқ масала бўлиб чиқади.

Хўш, эски шаҳар ерида қурилаётган «дом»лар, меҳмонхона ва ҳоказолар тарихий муҳитга шунчалар номувофиқ экан, уларнинг лойиҳаларини ким яратяпти, ким тасдиқлаяпти? Иморат игна эмас, улар кўз олдимизда қад ростлаяпти. Қурилишлар боришини вертолётдан, машинадан, пиёда кузаётган вилоят, шаҳар мутасаддилари тарихий муҳитни, фонни жуда яхши биладилар. Зеро, ЮНЕСКО 2019 йилдаги мажлисида айнан Самарқанддаги тарихий обидалар муҳити нималигини ҳаммамизга эслатди.

Профессор Адҳам Ўралов эски шаҳарда ноқонуний қурилишлар коррупция билан боғлиқлигини тадбиркор Умар Ражабов фаолияти мисолида кўрсатади. «Аслида 4-5 қаватли лойиҳа билан (аслида, шу ҳам мумкин эмас эди) 12 қават қилиб «дом» кўтарилди. Одамлар кўчиб ҳам ўта бошлашди. Шундан кейингина калаванинг учи топилди.

Бугунда янги «дом»лар ҳужжатлари ҳақида сўрасангиз, қурилишга бош-қош бўлиб юрган масъуллар (объектнинг ҳақиқий эгасини топиш мушкул) лойиҳа Тошкентда тасдиқланганини айтишади.

Яна бир масала. Самарқанднинг эски шаҳар қисмида кенг кўчалар ҳам керакми? Тўғри, машиналар кўпайиб кетди, инкор қилиб бўлмайди. Лекин юқорида айтдик, катта кўчалар, катта майдонлар Шарқ ёдгорликлари муҳитига хос эмас, улар манзарасида обиданинг маҳобати сезиларли даражада камаяди. Бугун биз сайёҳликни саноат даражасида ривожлантириш имконимиз бор экан, шу соҳа бизнинг катта нонимиз бўлар экан, нега тарихий ҳудуд оралаб ўтадиган автомобиллар қатновини чеклаш, айланма йўлларга буриш, енгил транспортларни ташкил этиш имконини ўйлаб топиш мумкин эмас?

Фото: Kun.uz

Бибихоним ва Регистон оралиғидаги транспорт қатновини тўхтата билдик-ку. Транспорт ҳаракати ортиши аввало, тарихий обида ҳолатига тўғридан тўғри таъсир қилади. Резонанс (бу ерости силкиниши билан боғлиқ) кучайган сайин меъморий ёдгорликдаги эгилишлар, чўкишлар, ёрилишлар (булар барча обидаларимизда бор) салбий ҳолат томон кетаверади. Хавотирлиси, Ҳазрати Хизр, Бибихоним ва Шоҳи Зинда масжид мақбараларига бирдек таъсир кўрсатадиган жойда трамвай қатнайди.

Олимлар шаҳарнинг ўзигагина эмас, унинг буфер зонаси атрофида ҳам баланд иморатлар кўтариш мумкин эмас, деб ҳисоблайдилар. Жумладан, Қорасув массивида 16, 24 қаватли бинолар кўтарилгани савол остига олинади. Дархон бўйида қурилаётган массивнинг экологияга салбий таъсири ҳам таъкидланди. «Экологик бузилиш айнан тарихий ёдгорликлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатади, ёмғирларда кислота таркиби ортади», дейишди суҳбатдошларим.

Самарқанд шаҳри 2001 йилда ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

2019 йилда ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида эса Самарқанд тарихий обидалари муҳити билан боғлиқ хавотирлар билдирилган.

Ҳужжатда ёзилишича:

«ЖМҚ ахборотига мувофиқ, Самарқанд ЮНЕСКОдан охирги 20 йил ичида тарихий ландшафтни сақлаш учун 130 минг АҚШ долларини олган. Ҳокимият фаолиятининг натижаси тескари: тарихий ландшафт хавф остида». Маълум бўлишича, сессияда ЮНЕСКО Самарқанддаги юздан ортиқ объект борасида тавсия илова қилган.

Kun.uz колумнистларни ҳамкорликка чорлаб қолади. Долзарб мавзулардаги муаллифлик мақолаларини @Muhammadshakur Telegram-манзилига юборишингиз мумкин.

Мустаҳкам ТАНГРИЁРОВА, журналист

Мавзуга оид