Жаҳон | 22:46 / 06.11.2025
2657
2 дақиқада ўқилади

Мисрнинг собиқ туризм вазири ЮНЕСКО янги бош директори бўлди

54 ёшли Холид Ал-Аноний бу лавозимда Одре Азуле ўрнини 4 йиллик муддатга эгаллайди.

Фото: ЮНЕСКО

Самарқандда ўтаётган ЮНЕСКО бош конференциясида мисрлик Холид Ал-Аноний ташкилотнинг бош директори этиб сайланди.

Ал-Аноний 179 овоздан 172 тасини олди. У 2017 йилдан буён ушбу лавозимда ишлаб келган Одре Азуле ўрнини 4 йиллик муддатга эгаллайди.

Холид Ал-Аноний 1971 йилда туғилган. У мисршунос ва Ҳилвон университетида мисршунослик профессори бўлиб, 30 йилдан ортиқ вақт давомида дарс берган.

2014-2016 йилларда Ал-Аноний Миср цивилизацияси миллий музейига, 2015-2016 йилларда Қоҳирадаги Миср музейига раҳбарлик қилган. 2016 йилдан 2022 йилгача Мисрнинг қадимий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ишлари бўйича вазири, сўнгра туризм ва қадимий ёдгорликларни муҳофаза қилиш вазири лавозимларида ишлаган.

2024 йилда у Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маданий туризм бўйича махсус элчиси этиб тайинланди, кейинчалик Африка Жаҳон мероси жамғармасининг васийси бўлди.

Ал-Аноний ЮНЕСКО ўн иккинчи бош директори бўлди. У 1974-1987 йилларда сенегаллик Амаду-Махтар М'Боудан кейин араб мамлакатидан бўлган биринчи бош директор ва Африкадан бу лавозимни эгаллаган иккинчи вакил ҳисобланади.

ЮНЕСКО (The United Nations Educational, Scientific and Cultural Organization, UNESCO) - маданият, фан, таълим ва ахборот технологиялари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали дунёга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган БМТ ихтисослашган муассасаси. Ташкилот 194 та давлат ва халқаро муносабатлар субъекти бўлмаган 12 та ассоциацияланган аъзоларни бирлаштиради.

ЮНЕСКО вазифалари - Бутунжаҳон мероси объектларини муҳофаза қилиш, барқарор ривожланишни рағбатлантириш ва саводсизлик ва биологик хилма-хилликнинг камайиши каби муаммоларни бартараф этиш. Ташкилот маданий ва табиий бойликларнинг келажак авлодлар учун сақланишини таъминлайди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид