Ўзбекистон | 14:54 / 19.01.2022
2382
2 дақиқада ўқилади

Бухорода “мойка”га бериб кетилган Nexia олиб қочилди

Фото: Тергов департаменти

Бухоро шаҳрида ювиш учун автомобиль ювиш шохобчасига қолдириб кетилган Nexia машинаси олиб қочилган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ҳолат 15 январь куни содир этилган. 31 ёшли А.А. ўзига тегишли бўлган Nexia машинасини ювдириш мақсадида шаҳарнинг Шейхон кўчасида жойлашган шохобчага келиб, олдиндан таниш бўлган ишчи, 18 ёшли З.О.га қолдириб кетган. Ярим соатлардан сўнг машинасини олиб кетмоқчи бўлиб эгаси келганида, З.О. уни бошқариб кетиб қолганлиги аниқланган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида, олиб қочилган машина Шофиркон тумани ҳудудидан топилган. Тергов жараёнида аниқланишича, З.О. маст ҳолатда транспорт воситасини олиб қочиб, Шофиркон тумани ҳудудига етиб келганида ёнилғиси тугаганлиги сабабли қолдириб кетишга мажбур бўлган.

Ҳолат юзасидан З.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қоидабузар процессуал тартибда ушланган.

Олдинроқ Ғиждувон туманида 31 ёшли куёв маст ҳолда қайнотасига тегишли машинани олиб қочганди.

Мавзуга оид