Пандемия сабаб масофавий таълим олганлар келажакдаги қанча пулини йўқотди?
Пандемия сабаб мактабларнинг ёпилиши ва иқтисодий қалқишлар туфайли ўқувчилар бутун ҳаёти давомида жамғариши мумкин бўлган $17 триллионни йўқотиши мумкин. Бу глобал ЯИМнинг 14 фоизига тўғри келади.
UNESCO, UNICEF ва Жаҳон банки тайёрлаган янги ҳисоботга кўра, йўқотишлар эҳтимоли $17 триллионга чиқди, 2020 йилдаги дастлабки ҳисоб-китоблар $10 триллион эди.
Пандемия ва мактабларнинг ёпилиши болаларнинг соғлиги ва хавфсизлигини сўроқ остида қолдириш билан бирга уларга нисбатан маиший зўравонлик ва мажбурий меҳнат улушининг ошиб кетишига олиб келди. Пандемия фонида таълимда содир бўлган ўзгаришлар болаларнинг таълим сифатига ҳам таъсир кўрсатди.
Кам ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайдиган 10 ёшгача болаларнинг 50 фоизи шундоқ ҳам ўзлаштириш кўрсаткичларида орқада бўлган. Мактабларнинг узоқ вақт ёпилгани ва масофавий таълимнинг етарли даражада самарали бўлмагани сабабли ўрганишида муаммоси бор болалар 70 фоизга етиши тахмин қилиняпти.
Агар таълимдаги муаммоларни ҳал қилиш учун етарлича ҳаракат қилинмаса, болалар мактабларга қайтган бўлса ҳам, уларнинг келажакдаги ўзлаштириш кўрсаткичлари хавф остида қолиши мумкин.
Бразилия, Покистон, Ҳиндистоннинг қишлоқ ҳудудлари ҳамда Жанубий Африка ва Мексика ҳудудларидан олинган маълумотлар ўқувчиларнинг асосий йўқотишлари математика ва ўқишдан эканини кўрсатган. Баъзи кам ва ўрта даромадли мамлакатларда эса болаларнинг таълимдаги йўқотишлари мактаблар ёпилган даврга деярли пропорционал бўлган. Масалан, мактабнинг ой давомида ёпиқ бўлиши ўқувчиларнинг ойлик ўзлаштиришдаги йўқотишларига олиб келди.
Асосий “қурбонлар”
Кам таъминланган оилаларнинг болалари, ногиронлар ва қиз болаларнинг масофавий таълим олиш имкони камроқ бўлди. Бунга жамиятлардаги ижтимоий ва гендер нормалари, дискриминация омиллари билан бирга электр тармоғи, гаджетлар, алоқа сифати ва технологиялар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар ҳам сабаб.
Кичик ёшли ўқувчилар ҳам катта ёшлиларга қараганда кўпроқ зарар кўрган. Ўрганишнинг муҳим босқичида бўлган мактабга тайёрлов ёшидаги болалар эса 2 баравар кўпроқ йўқотишларга дуч келишди. Чунки улар масофавий таълимни ташкиллаштириш режаларидан бутунлай четда қолган.
Натижада, бу тоифалардаги болалар таълим олиш орқали ҳаётлари давомида эришиши мумкин бўлган яхши шароитлар ва имкониятлардан бошқаларга қараганда кўпроқ маҳрум бўлади. Таълимдаги йўқотишларни қоплаш учун эса шу тоифадаги болаларни кўпроқ қамраб олишга эътибор бериш лозим.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистонда ҳам пандемия сабаб 2020 йилнинг март ойидан таълим муассасалари карантинга ёпилганди. 2020/2021 ўқув йили эса умумтаълим мактабларида гибрид (ҳам офлайн, ҳам онлайн) шаклда бошланган , ОТМларда эса ўша йили 16 ноябрдан ўқиш анъанавий таълимга босқичма-босқич қайтарилганди.
2020 йилнинг охирги чорагида ОТМларда масофавий таълим сифати баҳоланди. Унга кўра, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг электрон платформадан фойдаланиш кўникмаси йўқлиги, платформалар ўқув-услубий томондан тўлиқ бойитилмагани, техника, шароит етишмаслиги ва интернет сифати каби муаммолар сабаб талабалар давомати каби камчиликлар кузатилган.
Шунингдек, ногиронлиги бор ўқувчилар ва талабалар пандемия даврида бошқа тенгдошларига қараганда кўпроқ қийналишди. Жисмоний имконияти чекланганлик сабабли ўқувчиларда масофавий тарзда дарс ўзлаштириш имкони камроқ бўлди. Ногиронлар уюшмаси маълумотига кўра, ногирон ўқувчи, талабаларнинг аксарида компьютер йўқлиги ва интернет тарифларининг қимматлиги ҳам уларнинг ўқишига салбий таъсир кўрсатган.
Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги Жаҳон банки ҳамкорликда 2020 йилда тайёрлаган Инсон капитали индексига кўра, Ўзбекистонда 18 ёшида 12 йиллик мажбурий таълимни тугатган ёш ўзи ўқиган муддатни таълим сифати билан солиштирганда 2,9 йил йўқотиши, пандемия бу бўшлиқни янада катталаштириши мумкинлиги маълум қилинганди.
Ечим қандай бўлиши керак?
UNESCO, UNICEF ва Жаҳон банки ҳисоботига кўра, халқаро ҳамжамият ва қарор қабул қилувчилар мактабларни қайта ёпмасликни асосий приорет сифатида сақлаб қолиши зарур. Сабаби дунёнинг деярли барча давлатлари масофавий таълимни жорий эта олган бўлсалар-да, сифат жиҳатидан барибир анъанавий таълимнинг ўрнини босиш имкони бўлмади. Шунинг учун ижтимоий масофа сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш ва яхши вентиляция тизимини таъминлаш орқали болаларнинг синфхонада хавфсиз таълим олишини таъминлаш зарур.
Параллел равишда:
- Ўқувчиларнинг эҳтиёжларини аниқлай олиш учун ўрганиш кўрсаткичларини доимий баҳолаб бориш;
- Барча ўқувчилар учун тенг равишда рақамли таълим имкониятларини тадқиқ қилиш;
- Болаларнинг яхши ўзлаштиришини қўллаб-қувватлашда ота-оналар, оилалар ва жамиятнинг ролини ҳам кучайтириш;
- Ўқитувчиларнинг юқори сифатда малака оширишларини, ўқитиш ва ўргатиш материалларидан фойдаланишини таъминлаш;
- Таълим учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажмини кўпайтириш зарур.
Мавзуга оид
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
14:33 / 21.11.2024