17:27 / 20.01.2022
10763

Хитой АҚШни Тайван билан расмий алоқаларни тўхтатишга чақирди

ХХР ташқи ишлар вазирлиги вакили "дунёда битта Хитой борлиги, Тайван Хитойнинг бўлинмас қисми" эканлигини таъкидлади.

Фото: Reuters

Пекин Вашингтонни "ягона Хитой" тамойилига амал қилишга ва Тайван билан расмий алоқаларни тўхтатишга чақиради. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзян маълум қилди.

"Биз Америка томонини "ягона Хитой" тамойили ва учта Хитой-Америка қўшма коммюникелари моддаларига риоя қилишга, Хитойнинг позицияси ва хавотирларига жиддий ёндашишга, Тайван билан ҳар қандай шаклдаги расмий алоқаларни тўхтатишга ва "Тайван мустақиллиги" тарафдори бўлган кучларга ёлғон сигналлар бермасликка чақирамиз”, - деди Чжао Лицзян.

У шунингдек, "дунёда битта Хитой борлиги, Тайван Хитойнинг бўлинмас қисми" эканлигини таъкидлади.

Дипломатнинг сўзларига кўра, "икки Хитой" ёки "бир Хитой, бир Тайван" яратишга уриниш хитой халқи томонидан рад этилади.

Аввалроқ Тайван ахборот агентлиги орол маъмурияти раҳбари ўринбосари Лай Циндэ АҚШ расмий шахслари билан мулоқот ўтказиши ҳақида хабар берганди. Тайван делегацияси 27-29 январ кунлари Ҳондурас президенти Сиомара Кастронинг инаугурация маросимига таклиф этилган. Тайван делегацияси сафар давомида АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис билан учрашув ўтказиши режалаштирилган.

Top