Томск фожиасига 2 йил: даҳшатли туннинг сўнмаган олови
Роппа-роса икки йил олдин Россиянинг Томск областида 11 нафар ўзбекистонлик ёнғинда ҳалок бўлганди. Уларнинг аксари ҳали ўттизга ҳам кирмаганди. Қисмат аччиқ экан: улар ёғоч тайёрлаш базасида ишлашди, ёғоч уйда яшашди... ва кетганларига уч ой тўлмасдан жасадлари ёғоч тобутда ватанга олиб келинди...
Бундан икки йил олдин – 2020 йилнинг 21 январига ўтар кечаси Россиянинг Томск вилояти Асино туманидаги бир қаватли ёғоч уйда ёнғин содир бўлганди. Бунинг оқибатида 11 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.
Улардан бири Андижон вилоятининг Андижон туманидан, яна бири Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан ва қолган 9 нафари Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидан эди.
Ҳалок бўлганларнинг аксарияти ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган ёш йигитлар эди.
Афсуски, тилсиз олов уларнинг орзуларини ҳам, ўзларини ҳам ёқиб, кул қилди. Ёниб кетган уйда жами 14 киши яшаган, уларнинг барчаси “Green Wood” ёғоч тайёрлаш корхонасида ишлаган. Машъум воқеадан кейин президент кўрсатмасига кўра ҳукумат комиссияси тузилиб, ҳалок бўлганларнинг жасади орадан 5 кун ўтиб – 26 январ куни Ўзбекистонга олиб келинган эди.
Воқеага 2 йил тўлди. Kun.uz журналистлари бу фожиада ҳалок бўлган қизилтепаликларнинг хонадонида бўлиб, марҳумларнинг яқинлари билан суҳбатлашди, даҳшатли туннинг гувоҳи – ёнғинда тирик қолган 2 кишининг бири Мирзоҳид Норовнинг мунгли хотиралари ва армонларини тинглади.
“Боламдан кечирим сўрадим, шароитимиз яхши бўлса, у Россияга кетмасди...”
Ҳалок бўлганларнинг энг ёши Шаҳзод Муртазоев бўлиб, у ўшанда эндигина 21 ёшни қаршилаган эди. Фарзанд доғи оғир, албатта. Шаҳзоднинг онаси Хуршида Мўминова фарзанди ҳақида шундай хотирлайди:
“Ўғлим Шаҳзод Муртазоев 1999 йил 24 декабрь куни туғилганди. Жуда ақлли бола эди, ўртоқларидан ажралиб турарди. Ҳамманинг меҳрини қозонганди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб келган куни Россияга кетишини айтди. 2019 йил 3 ноябрь куни эди. Йигирма ёшга ҳам тўлмаганди ўшанда...
Кетаман, деб туриб олди. Кетди. Россияга боргач ҳар куни қўнғироқ қилиб, мени яхши кўришини айтарди. “Онажон, сизни яхши кўраман”, дейишдан чарчамасди. Орзулари кўп эди, институтга ўқишга киришни ният қиларди. Мана, икки йил бўлган бўлса ҳам барибир соғинаркан одам. Боламни жуда соғиняпман. Эрта-ю кеч тинимсиз ўйлайман, хаёлимдан кетмайди сира.
Воқеани ҳеч ким айтмади ўша куни менга, кечқурун эшитдим. Кейин прокуратурадан келиб, шунақа воқеа бўлибди, дейишди. Бу хабар ёлғон бўлишини кечаси билан илтижо қилиб чиқдим. Аммо рост бўлиб чиқди. Қолган нарсаларни эслай олмайман. Жасадини олиб келган кунлари ҳам фақат кечирим сўрадим боламдан.
Шароитимиз яхши бўлса, болам Россияга кетмасди. Бунақа бўлишини ҳеч ҳам истамагандим”.
“Ҳозир ҳам кўзим йўлда...”
Томскда ёниб кетган йигитларнинг яна бири – Темур Элмуродов. У ҳам айни тоғни урса толқон қиладиган ёшда эди. Афсуски, ўша мудҳиш тунда ёруғ оламни эрта тарк этди. Темурнинг онаси Мавлуда Норова ҳамон ўғлининг эшикдан кириб келишини кутиб яшамоқда.
“Ўғлим Темурбек мактабда аъло баҳоларга ўқиганди. Ота-онага умуман озори йўқ эди. Мактабни битиргач, коллежда ўқиди. Рўзғорга бироз қийналганим учун ишлаш учун Россияга жўнатиб юборгандим. Яхши ишлаб юрганди. Ҳар икки кунга қўнғироқлашиб турардик.
Ўша фожиа содир бўлган куни ишдан келсам, маҳалладагилар катта ўғлимга айтган экан. Менинг хабарим йўқ эди бундан. Россияда ишлаб юрган қизим қўнғироқ қилиб, бошимизга мусибат тушганини айтди. Эшитгач, ҳушимдан кетиб қолганман. Фарзандимни то олиб келгунча ҳеч нарсани билмай ётганман.
Охирги манзилга кузатиш пайтида биргина тобутига кўзим тушди. Ҳозир ҳам кўзим йўлда, фарзандим эшикдан кириб келишини истаб ўтирибман. Қанча орзу-ниятлар қилгандим, тўйи учун сарполар тайёрлаб қўйгандим”, – дейди Мавлуда Норова.
Бир оилага икки мусибат
Фожиа оқибатида кимдир ўғлидан, кимдир ака ёки укасидан айрилди. Аммо бир оиланинг ғуссаси янада оғирроқ эди. Сабаби, бу оиладан бир кунда икки тобут кўтарилганди. Ҳалок бўлганлар орасида ота-ўғил Меҳриддин Норов ва Рамзиддин Ғайбуллоев ҳам бор эди. Ота 54 ёшда, ўғил эса 22 баҳорни қаршилаганди.
Рамзиддиннинг акаси Раҳмиддин Ғайбуллоев оила бу мусибатни кўтариши жуда оғир бўлганини таъкидлайди:
“Бир кунда ҳам ота, ҳам укадан айрилиш жуда оғир вазият. Бундай ҳолат ҳеч кимнинг бошига тушмаслигини хоҳлайман. Отам ва укам ишлаш мақсадида Россияга кетишганди. Отам жуда меҳр-оқибатли, фарзандларини яхши кўрадиган инсон эди. Укам эса самимий, очиқкўнгил, жўшқин бола эди. Мен уларнинг вафот этишини тасаввуримга ҳам сиғдиролмаганман.
Укам билан тенгдош катта бўлганмиз. Мактабга ҳам бирга бориб келардик. Ҳаёт тўхтаб қолмас экан, давом этавераркан. Фақат уларнинг ортидан дуода бўлишимиз керак. Тоғимиздан, қанотларимиздан ажралиб қолгандик. Бу мусибатни сўз билан тушунтириб, юракдаги нарсаларнинг ҳаммасини чиқариб бўлмайди”.
Фарзанд доғи – оғир синов...
Ҳар қандай дарднинг давоси вақт, дейишади. Аммо фарзанд доғини ортда қолган икки йил оналарнинг юрагидан арита олмади. Уларнинг айримлари жигаргўшаси ҳали ҳам тирик эканига ишонади. Сабаби ҳалок бўлганларнинг жасади рақамланган тобутларда олиб келинган, аммо оналарга очиб кўрсатилмаган эди.
“Ўша куни маҳалламизда ораси 15-20 минутдан бир кунда 6та тобут кўтарилди. Уларнинг охирати обод бўлсин. Фарзандларимиз ҳамиша бизларнинг қалбимизда. Болаларимизнинг жасади рақамланган тобутларда олиб келинди. Лекин тобутда фарзандим борлигини кўрганим йўқ, кўзим кўзига тушмади. Мен уларни ҳеч қачон вафот этган, деб ҳисобламайман. Балки фарзандларимиз қаерлардадир тирик юргандир. Агар шундай бўлса, Аллоҳ ўз паноҳида асрасин, мушкулларини осон қилсин”, – дея таъкидлайди Мавлуда Норова.
“Тўғрисини айтсам, яшаш учун яроқсиз бино эди...”
Қизилтепалик икки йигит фожиадан омон қолишган. Даҳшатли воқеанинг гувоҳи бўлган Мирзоҳид Норовнинг таъкидлашича, қурилганига 60-70 йил бўлган ёғоч бино яшаш учун хавфсизлик талабларига умуман жавоб бермаган. Бунинг устига, бинонинг деразаларига темир панжаралар ўрнатилган ва кириб-чиқиш жойи ягона эшик бўлган.
“У бино аслида кутубхона бўлган. Тўғрисини айтсам, яшаш учун яроқсиз бино эди, кириб-чиқиш учун битта эшик, қолган барча деразаларига қамоқхонадаги каби деразаларига панжара ўрнатилганди. Тақдир экан-да, пешонамизда бор экан шу нарса.
Воқеа бўлмасидан олдин биз 3 киши бошқа жойда ишлаб юргандик. Базада хомашё йўқлиги учун бизга бир ҳафта дам олиш берилганди. Ўша куни жияним биз томонга келинглар, иш яхши бўляпти, кунига 1500 рублдан беряпти, деб телефон қилди. Бордик. Икки кун ишладик. Учинчи куни шу фожиа содир бўлди.
У воқеаларни эслашга юрагим бардош бермайди. Ўшандан бери бир соатгина тинч ухласам шукр дейман: ухласам ҳам кўзимнинг олдидан кетмайди улар. Ҳеч инсоннинг бошига бундай мусибат тушмасин”, – дейди Мирзоҳид Норов.
Ёғоч уй ёнди. Ёғочни қайта ишловчи “Green Wood” корхонаси директори Сун Анни суд ҳукми билан тўрт йил манзил-колонияда жазо ўтайдиган бўлди. Лекин бу яқинларидан айрилган инсонлар қалбига таскин берармикан?! Албатта, йўқ.
Орадан икки йил ўтиб, қурбонларнинг оилаларидан хабар олар эканмиз, уларнинг айримлари ҳамон эътибор ва кўмакка муҳтож, ишсиз эканининг гувоҳи бўлдик. Маҳаллий ҳокимлик бу борада уларга ёрдам қўлини чўзади, деган умиддамиз.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.
Оператор ва монтажчи – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024