Жаҳон | 19:06 / 24.01.2022
7007
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Киевдан ўз дипломатларини эвакуация қилишга киришади

Фото: Reuters

АҚШ Давлат департаменти Россия босқинчилиги хавфи туфайли Американинг Киевдаги элчихонаси ходимлари оилаларига мамлакатни тарк этишни буюрди. Бу ҳақда муассаса сайтида маълум қилинган.

Шу сабаблар билан дипломатлар АҚШ фуқароларига Украинага бормасликни тавсия қилмоқда. Америка ҳукуматининг ҳисоблашича, Москва Киевга исталган вақтда ҳужум қилиши мумкин ва ҳарбий ҳаракатлар кучайган вақтда АҚШ ўз фуқароларини Украинадан эвакуация қила олмай қолади.

Давлат департаменти Америка элчихонаси Киевдаги фаолиятини давом эттиришини қайд этган. АҚШнинг Укаринадаги муваққат ишлар вакили Кристина Квин ва асосий дипломатик персонал мамлакатда қолади, мажбурий эвакуация фақатгина давлат хизматчиларининг оила аъзоларига тааллуқли бўлади.

Аввалроқ The New York Times 2022 йил бошида Россия Укаринадан ўзининг дипломатик ходимлари оилаларининг аъзоларини олиб чиқиб кетганини ёзганди. Нашр маълумотларига кўра, Киевдаги элчихона ва Лвовдаги консулликдан 50 нафарга яқин одам кетган. РФ ТИВ газетанинг бу мақоласига жавобан «Россиянинг Киевдаги элчихонаси штат режимида ишлаётгани»ни билдирган.

22 январь куни Германиядаги Bild таблоиди Германия ТИВ мамлакатнинг Украинадаги элчихонасидан ходимларнинг оила аъзоларини эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар тарқатганди. Вазирлик расмий баёнотида «элчихона ходимлари сонини қисқартириш ва уларнинг оила аъзоларини [олиб чиқиш] бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаётгани» маълум қилинди.

  • 2021 йил кузида Ғарбдагилар Россиянинг Украинага бостириб кириш эҳтимолини муҳокама қилишни бошлади. ОАВ Россия ҳарбийларини украин чегаралари яқинига олиб келаётгани ҳақида ёзиб келади. АҚШ ва Европа мамлакатлари россиялик ҳарбийлар чегарадан ўтса, қатъий санкциялар жорий этилишидан огоҳлантирмоқда. Москва ҳарбий операцияга тайёрланаётганини тан олмаган, ҳарбийларнинг чегара томон олиб келинишини ўқув машғулотлари билан изоҳлаган.

Мавзуга оид