Оёқ остидаги мораторий: Қарши давлат университетида 38 туп дарахт кесиб ташланди
Экология масъуллари қонунбузарликка алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олган, лекин уларнинг кимлиги очиқланмади.
Ижтимоий тармоқларда Қарши давлат университетида кўплаб дарахтлар кесилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Экология қўмитаси университетдаги 38 туп дарахт кесиб ташланганини тасдиқлади.
Маълум қилинишича, 13-15 январ кунлари Давлат экология қўмитаси инспекторлари ҳолатни жойига чиқиб ўрганган.
Аниқланишича, ҚарДУ томонидан ЯИДХП орқали давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш учун уч марта мурожаат қилинган, Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси бу мурожаатларга рад жавобини берган. Шунга қарамай университет ҳудудидаги 38 туп дарахт ноқонуний кесилган.
Ўсимлик дунёсига етган зарар 267 миллион 543 минг сўм миқдорида ҳисобланган. Ҳуқуқбузарликка алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинган. Шунингдек, ҳуқуқбузарликка оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, 16 январ куни кечки пайт Андижонда туғуруқхона олдидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланган. Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари кесишмасида экилган элдор қарағайлари кечки пайт номаълум шахслар томонидан кесиб кетилган. Ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан, Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши белгиланган эди. Фармонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланиши ҳам кўзда тутилган. Шунга қарамасдан жойларда ҳамон ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари тўхтамаяпти.
Мавзуга оид
16:07 / 17.08.2023
Қарши давлат университети талабаларнинг ётоқхонага бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплайди
10:42 / 15.12.2022
Қарши давлат университетида янги ўқув биноси ва талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
10:22 / 09.09.2022
Ётоқхона излаш талабанинг муаммосига айланмаслиги лозим ёхуд Қашқадарё тажрибаси
07:39 / 26.08.2022