Мазкур йўналиш доирасида Қарши давлат университетида амалий ҳаракатларга асосланган тизимли ишлар йўлга қўйилган. Агар рақамлар мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2020 йилда олий таълим муассасасига қарашли 7 та талабалар турар жойининг қуввати 1057 ўринга тенг бўлиб, умумий эҳтиёжнинг атиги 33 фоизи таъминланган эди. Сўнгги бир йил давомида талаба-ёшларга муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳудудда кенг кўламда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан, 2021 йилда 7 та талабалар турар жойидаги мавжуд яшаш хоналарида икки ярусли кроватларни жорий этиш ва қўшимча 2 та ётоқхона биноларини оптималлаштириш орқали 1253 та ўрин ташкил этилди ҳамда мавжуд ётоқхоналарнинг умумий қуввати 2457 ўринга (83 %) етказилди. 

Фото: Қарши давлат университети

Жорий йил октябрь ойида университет ҳудудида жадал суръатларда янгитдан бунёд этилаётган 660 ўринли барча қулайликларга эга, замонавий талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилиши натижасида талабаларнинг ётоқхона билан қамрови 100 %га етади.

2022-2023 ўқув йилида талабаларни ётоқхона ва ижара хонадонларига жойлаштириш бўйича ёшлар масаласига масъуллар таркибидан иборат ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, Талабаларни ётоқхонага жойлаштириш маркази томонидан белгиланган мезонлар асосида дастлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож ва бошқа вилоятлардан келиб ўқийдиган ёшлар талабалар турар жойларига жойлаштирилмоқда. Олий таълим муассасасининг ижара хонадон манзили, яшаш шароитлари асосида шакллантирилган ijara.qarshidu.uz электрон платформаси орқали мақбул шароитларга эга ижара хонадонларини топишга кўмаклашилмоқда. 

Фото: Қарши давлат университети
Фото: Қарши давлат университети
Фото: Қарши давлат университети

Таъкидлаш жоиз, тизим фойдаланувчиларга қулай манзилларни осон аниқлаш мақсадида Қарши шаҳар кадастр маълумотлари HEMIS ахборот тизими билан интеграллаштирилган. Шунингдек, ушбу тизим орқали талаба истиқомат қиладиган ижара хонадонининг географик жойлашувини аниқлаш имкони яратилган. Бу талаба билан узвий алоқа қилиш имконини беради.

Ҳозирги кунда республикамиз ОТМларида таълим олаётган талабаларнинг каттагина қисми олис туман ва қишлоқлардан келишади. Бу талабалар ўз оиласидан узоқ бўлган вақтда таълим олиш ҳамда уй-рўзғор ишлари билан шуғулланишига тўғри келади. Бунда талабалар кимнинг уйида ва қандай аҳволда ижарада туришини кўз олдингизга келтириб кўринг-чи. Талабалар ётоқхоналари номига, етарли шароитга эга бўлмаган ётоқхоналар бўлмаслиги керак.