17:00 / 25.01.2022
6318

“ЎзРТХБ”: биржа товарларининг логистикаси рақамлаштирилмоқда

Фото: Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 777-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг e-logistika.uzex.uz электрон логистика портали такомиллашмоқда.

Эндиликда юқори ликвидли ва монопол товарларни биржа савдоларига қўйиб бораётган 70 дан зиёд корхоналар ўзларининг client.uzex.uz шахсий кабинетида электрон календарь орқали маҳсулотларни юклаш ҳажмларини жойлаштиришлари лозим. Бунда, порталда тузилган битимларнинг электрон реестри товарларни юклаш учун асос бўлиб хизмат қилади, маҳсулотларни юклаб бериш кетма-кетлиги эса “шаффоф навбат” тамойили асосида электрон тизим томонидан тўловлар амалга оширилган вақтидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Шунингдек, шахсий кабинетда харидор юк ташишда шахсий автотранспортдан фойдаланганлиги тўғрисида маълумот ва харидорга аффилланган корхона юк ташиш хизматини кўрсатган тақдирда тўғридан тўғри тузилган шартномаларни рўйхатга олиш функциялари ҳам жорий этилган.

Бундан ташқари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда портал орқали биржа товарларини ташиш хизматлари бўйича ўтказилаётган савдо жараёларини кузатиш, зарур маълумотлар билан алмашиш, ноҳалол юкташувчиларни аниқлаш ва уларга тегишли чораларни қўришлари мумкин.

Ўз навбатида, логистика портали биржа товарларининг харидорларига малакали юк ташувчи компанияларни аниқлаш ва электрон тизимда рўйхатдан ўтган транспорт воситаларига ўрнатилган GPS-трекерлари ёрдамида ўз маҳсулотларининг ҳаракатланишини кузатиб бориш имконини беради.

Мазкур порталнинг бошқа афзалликларига онлайн савдолар ва етказиб бериш тартиб-таомилларининг шаффофлиги, барча иштирокчилар учун яратилган тенг имкониятлар, бозор нархларининг мақбуллиги, шунингдек юк ташишда вақт ва маблағнинг тежалиши киради.

Эслатиб ўтамиз, e-logistika.uzex.uz электрон логистика портали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон қарорига мувофиқ юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобатни яратиш мақсадида ишлаб чиқилди ва татбиқ этилди.

Ушбу қарорга кўра, монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматлари фақат электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.

Порталнинг оператори деб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги ПФ-5564 Фармонига мувофиқ ташкил этилган “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖнинг шуъба корхонаси ҳисобланади.

“ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими Ⓣ

Top